OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Abdulla Qahhor. Dahshat (hikoyalar toʻplami) / Kiril
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдулла Қаҳҳор
Асар номиДаҳшат (ҳикоялар тўплами)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдулла Қаҳҳор
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм397KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com...


Нашр белгилари
2008


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Даҳшат (ҳикоялар тўплами)
Абдулла Қаҳҳор

Даҳшат

Хотин-қизларнинг бурун замонда кўрган
кунини билмайсизлар, қизларим, айтган билан ишонмайсизлар!..
Тўрахон ойи
Яқин икки ҳафтадан бери кўз очирмаётган кузак шамоли яйдоқ дарахтлар шохида чийиллайди, ғувиллайди; томларда вишиллайди, ёпиқ эшик ва дарчаларга бош уриб уф тортади. Бундай кечаларда одамзод қўймижоз ғуж бўлиб ва ниманидир кутиб жимгина ўтиришни хоҳлаб қолади. Олимбек додхонинг саккиз хотини катта кундош Нодирмоҳбегимнинг уйига йиғилиб, сандал атрофида ўтиришар эди. Додхо ҳар кеча таровеҳ намозидан кейин ҳалқага қолар эди, бу кеча эрта қайтди. Ҳамма тўзиди: хотинлардан бири унинг салласини олди, бири чакмонига қўл узатди, бири маҳсисини тортгани чоғланди... Кундошларнинг энг кичиги — бу даргоҳга тушганига беш ойгина бўлган келинчак — ганжиравонлик Унсиной чилим солиб тутди. Додхо чилимни бир марта, лекин жуда қаттиқ тортди-ю, ясов тортиб турган хотинларига эътибор қилмай, тўрга ўтди ва дарчани жиндаккина қия қилиб, бир кўзи билан ташқарига қаради.

Шамол гоҳ оч бўридай увиллар, гоҳ ўлим чангалига тушган мушукдай пихиллар, вағиллар, ҳеч нарса-ҳеч нарса кўринмас эди. Додхо дарчани зичлаб ёпиб, жойига ўтириб тасбеҳ ўгиришга киришди. Унинг бармоқлари тасбеҳ доналарини тез-тез ўтказаётган бўлса ҳам, қулоғи ғувиллаётган шамолда, хаёли гўристонда эди: «Ҳозир гўристон қанақа ваҳимали бўлса экан...»

Узбек гўристони ўзи хунук, бунинг устига, гўристон ҳақида айтилмаган хунук гап, тўқилмаган ваҳимали миш-миш қолган эмас. Ҳақиқатан, бундай кечаларда гўристон эсига тушган ҳар қандай одам, айниқса, додхо сингари пайғамбар ёшидан ошиб, кафанлигини сандиққа солиб қўйган киши ўлишдан ҳам кўра гўристонда ётишини ўйлаганида тилигача совуқ тер чиқаради. Додхо бошидан гўристон хаёлини чиқариб ташлаш учун тасбеҳини қўйиб ундан-бундан гапирган бўлди, лекин ҳеч ким бу гапларга гап уламади.

Шамол бир хуруж қилганида ниманидир келтириб дарчага урди. У нарса дарчани тирмалаганича сидирилиб пастга тушиб кетди. Ҳамма ўтирган ерида гўё бир қарич чўккандай бўлди ва тин олмай бир-бирига қаради. Додхо хотинларига, улардан ҳам кўра ўзига таскин бериш учун ўрнидан туриб дарчанинг бир томонини очди. Дарчадан кирган шамол осма чироқни липиллатди, тебратди. Додхо пастга қаради ва суюниб кетгандай:

— Бўйра, бўйра экан!— деди ва дарчани яна зич ёпиб жойигаўтирди.

Бўйра одатда тобутга солинадиган бўлганидан, додхонинг кўз оддига одамларнинг елкасида лапанглаб кетаётган тобутни келтирди. Тобут эса яна гўристонни эслатди, гўристон ҳақида болалигидан қулоғида қолиб келган ваҳимали гапларни, ҳодисаларни жонлантириб юборди. Додхо бу хаёлларни енгиш учун гўристон ваҳималаридан ўзи сўз очди ва икки оғиз гапининг бирида ўзининг довюраклигини хотинларига, улардан ҳам кўра ўзига писанда қила кетди. Гапдан гап чиқиб, Нодирмоҳбегим бир воқеани айтиб берди.
— Бола эдим. Раҳматли дадам гап ер эдилар. Бир меҳмонхона йигит... Мана шунақа шамол кечаси экан. «Ҳозир ким гўристонга бориб, Асқарпонсотнинг гўрига пичоқ санчиб келади?» деган гап бўлипти. Шунда бир киши пичоғини қинидан суғуриб: «Мен санчиб келаман»,— депти, битта қўйдан гаров боғлашиб йўлга тушипти. Жўралари ҳали кутишар эмиш— йўқ, ҳали кутишар эмиш — йўқ; тонг отипти, уйида ҳам йўқ эмиш; гўристонга бориб қарашса, Асқарпонсотнинг гўри олдида ўлиб ётган эмиш! Бечора гўрга пичоқ санчганида этагини қўшиб санчган экан, қайтай деса этагидан биров тортгандай бўлган-да...

Ҳамманинг эти живиллашиб кетди. Узоқ жимлиқдан кейин Унсин ёнида ўтирган кундошига шивирлаб:
— Ўлсин, нокас одам экан, битта қўйни деб... Кошки арзийдиган нарса бўлса!.. — деди.

Бу гапни додхо эшитиб қолди. Унинг нафсонияти қўзғади. Додходай одам гўристон деганда тиззаси қалтираса, биров «оламга подшо қиламан» деган тақдирда ҳам бормаса, боролмаса-ю, бу қиз муштдай боши билан, «арзийдиган нарса бўлса мен бораман» деса!

Додхо ғаши келиб, Унсинни масхара қилди:
— Оббо, тегирмончининг қизи!.. Битта қўйни назарлари илмайди! Нечта қўй бўлса арзир эди? Сен ўзинг ўнта қўй берсам, пичоқ санчиб келасанми? Юзта қўй, давлатимнинг ярмини берсам борасанми?

Унсиной бозвантидаги тангаларни ўйнаб:
— Менга давлат керак эмас, давлат керак бўлса борар эдим, — деди.

Бу гап додхога тегиб кетди.
— Нима керак?

Унсин индамади. Додхонинг саволи жавобсиз қолиши мумкин эмас эди. Шунинг учун биттаси гуноҳ қилса, ҳаммаси баравар калтак ейдиган кундошлар Унсинни турткилашди:
— Жавоб берсанг-чи!
— Тилдан қолдингми?!

Ёнида ўтирган кундоши тирсаги билан биқинига икки-уч туртгандан кейин, Унсин бошини кўтариб, бало-қазодай тикилиб турган додхога бир кўз ташлади-ю, яна бошини эгиб, лекин дадил жавоб берди:
— Жавоб берсангиз... Ганжиравонга кетсам... Битта гўрга битта пичоқ эмас, ўнта гўрга ўнта пичоқ санчиб келаман... - деди.

Унинг мақсадини кундошлар дарров фаҳмлашди. Лекин додхо бундай гапни сира кутмагани учун янглиш тушунди.
— Тағин нима қиласан Ганжиравонда, бориб келганингга икки ой ҳам бўлгани йўқ-ку! Нодирмоҳбегим сандал ичидан оёғини узатиб Унсиннинг болдирини чимчилади, кўзи билан «хайрият, тушунмади, бас, гапирма», деб ишора қилди. Бироқ Унсин жонидан кечган кишининг шижоати билан додхога тик қаради.
— Йўқ, мен буткул кетсам дейман, жавобимни берсангиз демоқчиман.

Гапни айтган Унсину, бошқалар ўтирган жойида ерга қапишиб кетди. Бироқ додхо, ҳамманинг кутганига қарши, қўлига қамчи олиб Унсинни «қаеринг қичиди»га солмади, аксинча, заҳарханда билан бўлса ҳам, мулойим гапирди:
— Шунақами?.. Хўп, майли, айтганинг бўла қолсин, — деди ва бир оз ўйлаб туриб ғижинганини яширолмай илова қилди:— Лекин гўристонга пичоқ эмас, қумғон олиб борасан.

Онҳазратим сағанаси олдида қумғон қайнатиб, битта чой дамлаб келасан, майлими?
— Майли, майли!— деди Унсин кўзлари жавдираб, — лекин лафзингиздан қайтмасангиз...

Додхонинг дами ичига тушиб кетди. Бир гадоваччанинг бу даргоҳдан кетишга ошиқиши унга ҳақорат бўлиб тушди. Энди Унсинни тилаб олиш учун бирон сўз айтишга ҳеч ким, ҳатто гўристондан унинг ўлиги келишига кўзи етиб, ичида фарёд чекаётган Нодирмоҳбегим ҳам журъат қилолмай қолди.

Додхонинг оппоқ, узун соқоли, товуши титради.
— Хўп, лафзимдан қайтмайман, мана хотиржам бўла қол: мен ҳозир сени бир талоқ қўйдим, қайтиб келганингдан кейин уч талоқсан! Бор, қумғонни кўтар!..

Унсин додходан дарров юзини беркитганича чиқиб кетди. Нодирмоҳбегим, қўлидан бошқа иш келмагандан кейин, ҳеч бўлмаса Унсиннинг юрагига қувват бўладиган бир-икки оғиз сўз айтиш мақсадида кетидан чиқмоқчи бўлган эди, додхо хўмрайиб жойига ўтқазиб қўйди. Кундошлар битта-битта оёқ учида юриб чиқиб кетишди.

Унсин уйига кирди, паранжи-чимматини ёпинди, қумғонга сув тўлдириб, чойнакка чой солди-ю, жўнади. Кўр ойдин. Осмоннинг чеккаси сариғ-кир увадага ўхшайди. Бу кир шуъла қўйнида паст-баланд уйлар, шамолда эгилаётган, тебранаётган дарахтлар қоп-қора қўринади.

Пишқираётган шамол ҳар хуруж қилганида Унсинни тентиратар, талай жойга суриб ташлар эди. Унсин паранжи-чимматини юмалоқлаб қўлига олганидан кейин йўл юриш осонроқ бўлди. Гўристон тўғрисида додхо нималар эшитган бўлса, Унсин ҳам шуни эшитган, шамол кечаси гўристон додхо хаёлида қандоқ даҳшатли бўлса, унинг хаёлида ҳам шундай даҳшатли, лекин шундоқ бўлса ҳам, тириклар гўристони бўлган бу даргоҳнинг даҳшати олдида ўликлар гўристонининг даҳшати унга даҳшат кўринмас, бундан ташқари, эртагаёқ Ганжиравонга жўнаш, ота-онасини, дугоналарини кўриш умиди унинг бошига бошқа ҳеч қандай фикр-хаёлни йўлатмас эди.

Унсин худди дадасидан катта ҳайитлик олиб бозорбошига кетаётган ёш боладай чопқиллаб, қаршисидан эсаётган шамолга сўз бермай, баъзан ирғишлаб борар эди; бироқ гўристон кўчасига бурилиб, салобат билан тебранаётган қоп-қора кекса чинор остида оқаришиб турган сағаналарни, белгисиз зулматни кўрганида юраги увишди-ю, зовур кўпригидан ўтиб, икки қадам қўйганича тўхтаб қолди. Даҳшат унинг юрагига рахна солди: Ганжиравон, ота-онаси, дугоналари хаёлидан кўтарилиб, кўз олдига оппоқ кафанга ўралиб сағана ва гўрлар атрофида елиб юрган арвоҳлар келди. Унинг эти живирлашиб, сочи бошидаги рўмолини бир қарич кўтаргандай бўлди. Унсин беихтиёр бир қадам орқага чекинди, лекин шу ондаёқ худди ўликдан қўрқмаслигини бировга писанда қилаётгандай, бақириб: «Ўликнинг жони йўқ! Ўликнинг жони йўқ!» - деб олға интилди, шу югурганича чинор остидаги Онҳазратим сағанаси олдида тўхтади; чойнак билан қумғонни оёғи остига қўйди, паранжи-чимматни бир чеккага ташлади, ичида: «Кўпи кетиб ози қолди», деб суюнди. Бироқ унинг суюнгани беҳуда эди: ҳамма нарсани олипти-ю, энг зарури— ўтин эсидан чиқипти! Ҳар сағанадан бир қўл, ҳар гўрдан бир товуш чиқишини кутиб ўтин қидириш ваҳимаси унинг юрагига яна рахна сола бошлади. Унсин ўзига- ўзи баланд товуш билан яна: «Ўликнинг жони йўқ!»- деб, ҳозир дилига битта одамчалик қувват бўлаётган бу гапни оғзидан қўймай, сағана ва гўрларни оралаб ўтин қидирди; пайпасланиб, қўлига илинган нарсани этагига солди, қамиш синдирди, янтоқ, гиёҳ юлди, қўллари қонаб кетганини ҳам пайқамай, топган-тутганини келтириб ўт ёқди. Ўт чирсиллаб-чирсиллиб бирпасда гуркиради, шамолда тўлғанаётган тутун аралаш аланганинг қизғиш шуъласидан қоронғилик липиллаб, узоқ-яқинда дўплайиб турган гўрлар, худди биров тупроқни кўтариб чиқаётгандай ҳаракатга келди.

Унсин яна ўтин қидирди, лекин ҳар сафар ўтин қалаганида аланганинг гуркираши, чирсиллаши мудраб ётган арвоҳларни уйғотиб юборишидан қўрққандек, унинг устига ўзини ташлагудай бўлар эди.

Ниҳоят, қумғон қайнади. Унсин наридан-бери чой дамлади, қуруқ янтоқ ва қамишларга ўт кетмасин учун ўтни тепкилаб ўчирди; ўнг қўлида чойнак ва чап қўлида қумғон, ўтнинг шуъласидан кўзи ҳануз қамашиб борар экан, бир жойда ер ўпирилиб, чап оёғи тақимигача ботиб кетди ва оёғининг учи юмшоқ бир нарсага теккандай бўлди. Унсин бояги гапни дуодай тез-тез қайтариб, қўрқувни ўзига йўлатмаётган бўлса ҳам, кўнглига «ўликнинг қорнимикин» деган гаплар келди-ю, юраги орзиқиб, оёғини дарров суғуриб олди ва чуқурда қолган бир пой кавушини олгани юрак қилолмай маҳсичан кетаверди. Унсин бир неча қадам босганидан кейин паранжи-чиммати сағананинг олдида қолганини эслаб тўхтади, лекин қайтиб боргани ботинолмади, ҳозир қайтиш эмас, қайрилиб қарагани ҳам юраги дов бермас, назарида ҳамма ўликлар сағаналардан, гўрлардан бошини чиқариб, кетидан қараб тургандай эди. Унсин нима қилишини билмай туриб қолди. Шу аснода каттакон бир сағананинг ичиданми, нарёғиданми аллақанақа бир товуш эшитилди-ю, хаял ўтмай нимадир келиб Унсиннинг елкасига миниб олди, афтидан, бўғмоқчи бўлиб қўл узатди. Унсин кўкрагига ниҳоятда оғир бир нарса билан урилгандай кўнгли озиб тентираб кетди-ю, йиқилмади, лекин оёқ узра туриб ҳушидан кетди; орадан қанча вақт ўтганини билмади, кўзини очиб қараса жонвор елкасидан тушипти, эмаклаб бояги сағананинг орқасига ўтиб кетди. Унсин қўрқувдан телба бир аҳволда бўлса ҳам фаҳмлади: маймун! Додхонинг маймуни! Маймунни додхонинг ўзи олиб келмагандир, бировдан бериб юборган! Дунёда додходай бераҳм одам яна бор эканми! Унсин елкасига маймун минган дакиқада нақадар қўрққан бўлса, ҳозир шу қадар тинчиди, хотиржам бўлди: демак, қандоқ бераҳм бўлса ҳам шу атрофда одам бор! Унсин гўристоқдан чиқиб, катта йўлга тушиб олди, ярим йўлга борганида чап қўлига қаттиқ оғриқ кирганини сезди. Оғриқ қумғонни эслатди. Чап қўлида қумғон бор эди, қани? Унсин бир тўхтади-ю, чойнакни иккала қўли билан бағрига босиб, дармони етгунча жадаллади. Тушида югургандай унинг йўли кўпаймас, икки оёғи гавдасидан кейинда қолар, қўлидаги чойнак тобора оғирлашиб борар эди.

Унсин Нодирмоҳбегимнинг оғир эшигини зўрға очди, остонадан ўтиб, бир неча қадам босганидан кейин ҳолдан тойиб чўккалади ва не машаққат билан интилиб, жўмрагидан чой оқиб буғланаётган чойнакни сандалнинг бир чеккасига қўйди, умрлик орзуси ушалгандай, ҳордиғи чиқиб, ўзини ерга ташлади. Сандалда ўтириб пинакка кетган додхо уйғониб тамшанди, бошини кўтариб Унсинни кўрди-ю, «жон бераётипти» деб ўйлади шекилли, кўзлари олайди, ундан кўзини олмай секин ўрнидан турди, худди ўлим хавфидан қочгандай, бир ирғиб сандалдан ошди-да, ўзини эшикка урди...

Унсин ҳушдан кетган экан, бир вақг кўзини очиб қараса, сандалнинг четида чалқанча ётибди, тепасида Нодирмоҳбегим йиғлаб ўтирипти. Унинг ўнг кўзи моматалоқ бўлиб шишиб кетган, оқ дока рўмолининг у ер-бу ерига қон теккан экан. Унсин Нодирмоҳбегимга кўзи тушган замони ундан додхонинг лафзи лафзми эканини сўрамоқчи бўлган эди, унинг аҳволини кўриб, эшитилар-ешитилмас:
— Сизга нима бўлди?
— деди.

Нодирмоҳбегим Унсиннинг ёш жонига раҳм қилишини, уни қайтаришни сўраб додхога ёлворганида додхо уни тутиб олиб хўп урган эди. Нодирмоҳбегим Унсиннинг саволига жавоб бермади, товуш чиқармай яна ҳам қаттиқроқ йиғлаб, унинг бошини силади, юзини юзига қўйди; сўнг, ўша чоғи одам юбориб гўристондан олдирган икки чимдим тупроқни ярим пиёла сувга чайиб Унсинга тутди.
— Ич, жигарим, қўрққансан... Гўристонда қўрққанга гўристоннинг тупроғи даво бўлади.

Унсин пиёладаги лойқа сувни дарров ичди ва хийла енгил тортгандай бўлди.
— Мендан қайтмаса худодан қайтсин... Ота-онам боришимни ҳарна эртароқ эшитса, ҳарна эртароқ суюнса...

Нодирмоҳбегим яна калтакланишидан ҳайиқмай, Ганжиравонга бир хизматкорини юборди.

Бироқ Унсин пешингача етмади — узилди.

Шом қоронғисида унинг жасадини қизил кўрпага ўраб аравага солишди. Шамол ҳамон гувиллар, яйдоқ дарахтларнинг шохида чийиллар, ғувиллар эди.

Дарвозадан бошида паранжи ва қўлида оқ тугунча Нодирмоҳбегим чиқди. У дарвозага юзини ўгириб чўнқайди, икки қўлини фотиҳага очиб, бир нималар деди. Додхонинг ўзи билан бирга бу даргоҳни ернинг қаърига юборгандай иккала муштини уч марта ерга қадади; кейин «бу даргоҳни энди елкамнинг чуқури кўрсин» дегандай бир ҳаракат билан кескин бурилиб аравага чиқди, марҳуманинг бош томонига ўтирди.

Арава жўнади, шаҳар қўрғонидан чиққанда кундузи Нодирмоҳбегим юборган хизматкор Ганжиравондан қайтиб келмоқда эди.

Бeмор (Ўтмишдан)

<p align=«right»>Осмон йироқ, ер қаттиқ. <p align=«right»>Мақол

Сотиболдининг хотини оғриб қолди. Сотиболди касални ўқитди — бўлмади, табибга кўрсатди. Табиб қон олди. Бетобнинг кўзи тиниб, боши айланадиган бўлиб қолди. Бахши ўқиди. Аллақандай бир хотин келиб толнинг хипчини билан савалади, товуқ сўйиб қонлади... Буларнинг ҳаммаси, албатта, пул билан бўлади. Бундай вақтларда йўғон чўзилади, ингичка узилади.

Шаҳарда битта докторхона бор. Бу докторхона тўғрисида Сотиболдининг билгани шу: салқин, тинч паркда, дарахтлар ичига кўмилган баланд ва чиройли оқ иморат; шиша қабзали кул ранг эшигида қўнғироқ тугмаси бор. Чигит пўчоқ ва кунжара билан савдо қиладиган хўжайини Абдуғанибой омборда қулаб кетган қоплар остида қолиб ўладиган бўлганида бу докторхонага бормай Симга* кетган эди. Докторхона деганда Сотиболдининг кўз олдига извош ва оқ подшонинг сурати солинган 25 сўмлик пул келар эди.

Бемор оғирлашди. Сотиболди хўжайинининг олдига арзга борди, аммо бу боришдан муддаоси нима эканини аниқ билмас эди. Абдуғанибой унинг сўзини эшитиб кўп афсусланди, қўлидан келса ҳозир унинг хотинини оёққа бостириб беришга тайёр эканини билдирди, кейин сўради:
— Девонаи Баҳоваддинга ҳеч нарса кўтардингми? Ғавсул-аъзамга-чи?

Сотиболди кетди. Беморнинг олдидан жилмаслик ва шу билан бирга тирикчилик учун хонаки бир касб қилишга мажбур бўлди— ҳар хил саватчалар тўқишни ўрганди. У эртадан-кечгача офтобшувоқда гавронлар ичига кўмилиб сават тўқийди.

Тўрт яшар қизчаси қўлига рўмолча олиб, онасининг юзини карахт, нимжон, хира пашшалардан қўрийди; баъзан, қўлида рўмолча, мукка тушиб ухлаб қолади. Ҳаммаёқ жим. Фақат пашша ғинғиллайди, бемор инқиллайди; ҳар замон яқин-йироқдан гадой товуши эшитилади: «Ҳей дўст, шайдулло баноми олло, садақа радди бало, бақавли расули худо..." Бир кечаси бемор жуда азоб тортди. У ҳар инграганда Сотиболди чаккасига буров солинган кишидай талвасага тушар эди. Қўшниси бир кампирни чақирди. Кампир беморнинг тўзиган сочларини тузатди, у ёқ-бу ёғини силади, сўнгра... ўтириб йиғлади.

– Бегуноҳ гўдакнинг саҳарда қилган дуоси ижобат бўлади, уйғотинг қизингизни! - деди.

Бола анчагача уйқу ғашлиги билан йиғлади, кейин ота-сининг ғазабидан, онасининг аҳволидан қўрқиб, кампир ўргатганча дуо қилди: – Худоё аямди дайдига даво бейгин...

Бемор кундан-кун баттар, охири ўсал бўлди. «Кўнгилга армон бўлмасин» деб «чилёсин» ҳам қилдиришга тўғри келди. Сотиболди тўқиган саватчаларини улгуржи оладиган баққолдан йигирма танга қарз кўтарди. «Чилёсин»дан бемор тетик чиққандай бўлди; шу кечаси ҳатто кўзини очиб, қизчасини ёнига тортди ва пичирлади: – Худо қизимнинг саҳарлари қилган дуосини даргоҳига қабул қилди. Дадаси, энди тузукман, қизимни саҳарлари уйғотманг.

Яна кўзини юмди, шу юмганича қайтиб очмади—саҳарга бориб узилди. Сотиболди қизчасини ўлик ёнидан олиб, бошқа ёққа ётқизаётганда қизча уйғонди ва кўзини очмасдан одатдагича дуо қилди: – Худоё аямди дайдига даво бейгин...

<p align=«right»>1936

Ўғри (Ўтмишдан)

<p align=«right»>Отнинг ўлими итнинг байрами. <p align=«right»>Мақол

Кампир тонг қоронғисида хамир қилгани туриб ҳўкизидан хабар олди. О!.. Ҳўкиз йўқ, оғил кўча томондан тешилган... Деҳқоннинг уйи куйса куйсин, ҳўкизи йўқолмасин. Бир қоп сомон, ўн-ўн бешта хода, бир арава қамиш—уй, ҳўкиз топиш учун неча замонлар қозонни сувга ташлаб қўйиш керак бўлади.

Одамлар дод овозига ўрганиб қолган: бировни эри уради, бировнинг уйи хатга тушади... Аммо кампирнинг додига одам тез тўпланди. Қобил бобо яланг бош, яланг оёқ, яктакчан оғил эшиги ёнида туриб дағ-дағ титрайди, тиззалари букилиб-букилиб кетади; кўзлари жавдирайди, ҳаммага қарайди, аммо ҳеч кимни кўрмайди. Хотинлар ўғрини қарғайди, ит ҳуради, товуқлар қақағлайди. Кимдир шундай кичкина тешикдан ҳўкиз сиғишига ақл ишонмаслиги тўғрисида кишиларга гап маъқуллайди.

Қобил бобонинг қўшниси - бурунсиз элликбоши кирди. У оғилга кириб тешикни, ҳўкиз боғланган устунни диққат билан кўздан кечирди; негадир устунни қимирлатиб ҳам кўрди, сўнгра Қобил бобони чақирди ва паст товуш билан деди: – Ҳўкизинг ҳеч қаёққа кетмайди, топилади! Унинг оғилга кириб қилган тафтиши Қобил бобога бир умид бағишлаган эди, бу сўзи ҳаддан зиёд севинтирди. Чол йиғлаб юборди.

– Худо хайр берсин... Ола ҳўкиз эди...

Одамлар, ўғри деворни қачон ва қандай асбоб билан тешгани, ҳўкизни қайси томонга олиб кетгани, уни қайси бозорда сотиши мумкин эканлиги тўғрисида баҳслаша-баҳслаша тарқалди. Ғовур босилди. Қобил бобонинг кампири йиғидан тўхтаб, элликбошини дуо қила кетди. Eлликбоши ўғри тешган ерни яна бир кўрди. Қобил бобо қўл қовуштириб унинг кетидан юрар ва йиғлар эди.
— Йиғлама, йиғлама дейман! Ҳўкизинг оқ пошшо қўл остидан чиқиб кетмаган бўлса, топилади.

Eлликбоши ҳўкизни жуда нақд қилиб қўйди – гўё у кўчага чиқса бас – ҳўкиз топилади. Бу «худо яллақагур» шунчалик қилгандан кейин бир нима бериш лозим-да. Текинга мушук офтобга чиқмайди. Бу одам элликбоши бўлиш учун озмунча пул сочганми? Мингбошининг бир ўзига етти юз боғ беда, бир той бергани маълум. Пошшоликдан ойлик емаса! Қобил бобо ҳамёнини қоқиштириб, борини элликбошига берди, яна қанча дуо қидди. Элликбоши бетўхтов аминга хабар қил-моқчи бўлиб чиқиб кетди.

Кечқурун Қобил бобо аминнинг олдига борадиган бўлди. Қуруқ қошиқ оғиз йиртади, аминга қанча пул олиб борса бўлади? Берганга битта ҳам кўп, олганга ўнта ҳам оз. Чол-кампир кенгашиб шундай қарорга келишди: бу чиқим охирги ва ҳўкизни бўйнидан боғлаб берадиган чиқим, шунинг учун пулнинг юзига қараш ақлдан эмас.

Қобил бобо рўпара бўлганда амин оғзини очмасдан қаттиқ кекирди, кейин бағбақасини осилтириб кулди.
— Ҳа, сигир, йўқолдими?
— Йўқ... сигир эмас, ҳўкиз, ола ҳўкиз эди.
— Ҳўкизми?.. Ҳўкиз экан-да! Ҳимм... Ола ҳўкиз? Тавба!..
— Бори-йўғим шу битта ҳўкиз эди...

Амин чинчалоғини иккинчи бўғинигача бурнига тиқиб кулди.
— Йўқолмасдан илгари бормиди? Қандақа ҳўкиз эди?
— Ола ҳўкиз...
— Яхши ҳўкизмиди ё ёмон ҳўкизмиди?
— Қўш маҳали...
— Яхши ҳўкиз биров етакласа кета берадими?
— Бисотимда ҳеч нарса йўқ...
— Ўзи қайтиб келмасмикин?.. Биров олиб кетса қайтиб кела бер, деб қўйилмаган экан-да! Нега йиғланади? А? Йиғланмасин! Қобил бобо ерга қараб тек қолди.
— Қидиртирсакмикин-а?—деди амин чинчалоғини этигининг остига артиб, - суюнчиси нима бўлади? Суюнчидан чашна олиб келинмадими?

Аминнинг бу гапи Қобил бобога «Ма, ҳўкизинг» деган-дай бўлиб кетди.
— Кам бўлманг, — деди пулни узатиб, — яна хизматингиздаман.
— Мен бетўхтов приставга хабар бераман. Ўзи чақиртиради. Бир ҳафта ўтди. Бу бир ҳафта ичида кампир «дуонинг зўри билан қулф очадиган» азайимхонга обдастагардон қилдиргани қатнаб ярим қоп жийда, уч елпиш товоқ жўхори, икки калава ип элтди, аммо иш чиқмади.

Саккизинчи куни Қобил бобо яна аминнинг олдига борди. Аминнинг тепа сочи тикка бўдди:
— Ҳа, ҳўкизни уйларига элтиб берилсинми?! Ахир, борилсин, арз қилинсин-да! Фуқаронинг арзга бориши арбобнинг иззати бўлади! Қобил бобо ёр-дўстлари билан кенгашди— приставга пулдан бошқа нима олиб борса бўлади?

Маълум бўлдики, уни бегим дегунча кишининг бели синар экан.

Учта товуқ, гарчи бири курк бўлса ҳам, Қобил бобонинг ўзидан чиқди. Юзта тухумни қўни- қўшни, ёр-биродарлар ўзаро йиғиб берди. Аммо бу тортиқ билан тилмочдан нари ўтиб бўлмади. Тилмоч тортиқни олди ва бетўхтов приставга яхшилаб тушунтиришни ваъда қилди. Чолнинг бутун бўғинлари бўшашиб кетди, кейин тутоқишди, аммо гўрда бир нарса дея оладими! «Ўйнашмагил арбоб билан - сени урар ҳар боб билан«. «Яхшилаб тушунтирилган» пристав битта кулангир, битта фаранги товуқ, уч сўм пулни олганидан кейин, Қобил бобонинг бахтига, «бетўхтов ҳокимга хабар бераман» демасдан, «аминга бор«, деб қўя қолди. Амин «елликбошига борилсин», деди.
— Гумонингизни айтинг бўлмаса!— деди элликбоши тажанг бўлиб, - ким олганини мен билмасам, авлиё бўлмасам! Олган одам аллақачон сўйиб саранжомлади-да! Узоқ демасангиз, эринмасангиз кўнчиликка бориб териларни бир қараб чиқинг. Аммо териси кўнчиликка тушган бўлса, аллақачон чарм бўлди; худо билади, кавуш бўлиб бозорга чиқдими...
— Eнди бизга жуда қийин бўлди-да. Пешонам шўр бўлмаса...— деди чол ерга қараб.
— Эй, ёш боламисиз! Нега йиғлайсиз? Кап-катта одам... Битта ҳўкиз бўлса бир гап бўлар, худо ажалга тўзим берсин! Мен қайнагамга айтайин, сизга битта хўкиз берсин. Битта ҳўкиз одамнинг хуними?

Eртасига элликбоши Қобил бобони бошлаб қайнатаси
— Эгамберди пахтафурушнинг олдига олиб борди. Пахтафуруш чолнинг ҳолига кўп ачинди ва ерини ҳайдаб олгани битта эмас, иккита ҳўкиз берди, лекин «кичкинагина» шарти бор. Бу шарт кузда маълум бўлади...
<p align=«right»>1936

Анор

<p align=«right»>Уйлар тўла нон, оч-наҳорим болам,
Ариқлар тўла сув, ташнаи зорим болам.
<p align=«right»>Ўтмишдан Туробжон эшикдан ҳовлиқиб кирар экан, қалами яктагининг енги зулфинга илиниб тирсаккача йиртилди. Унинг шашти қайтди. Жўхори туяётган хотини унинг қўлидаги тугунчани кўриб, келисопни келининг устига қўя чопди. Кели лапанглаб ағанади, чала туйилган жўхори ерга тўкилди. Туробжон тугунчани орқасига бекитиб, тегишди:
— Акажон, дегин! — Акажон! Жо-он ака!..
— Нима берасан?
— Умримнинг ярмини бераман!..

Туробжон тугунчани берди. Хотини шу ернинг ўзида, эшик олдида ўтириб тугунчани очди-да, бирдан бўшашиб кетди ва секин бошини кўтариб эрига қаради. Ўз қилмишига гердайиб турган Туробжон унинг кўзини жиққа ёш кўриб:
— Нима эканини билдингми?—деди.
— Асаларининг уяси! Турган-битгани асал! Мана, мана, сиқсанг асал оқади. Буниси оқ мум, ҳаром эмас— шимса ҳам бўлади, чайнаса ҳам бўлади.

Хотин енгини тишлаб бир нуқтага қараганича қолди.
— Ё, қудратингдан, ишонмайди-я!—деди Туробжон келтирган матоини титкилаб.— Мана, чайнаб кўр! Кўргин, бўлмаса иннайкейин дегин...

Туробжон қизарди. У бир замон бетоб ўртоғини йўқлаб элтган тарвузини, бемаза чиққан бўлса керак, сигирнинг охурида кўриб шундай хижолат бўлган эди.

Ҳовли юзида айланиб юрган оқсоқ мушук тўкилган жўхорини искаб кўрди, маъқул бўлмади шекилли, Туробжонга қараб шикоягомуз «мяу» деди.
— Тур, жўхорингга қара! Уни кўр, мушук тегди.

Хотин тураётиб баралла йиғлаб юборди.
— Бу ер юткур қандай бало экан!.. Одамлардай гулутага, тузга, кесакка бошқоронғи бўлсам-чи! Туробжон дўпписини бошидан олди ва қоқмоқчи бўлганида кўзи йиртиқ енгига тушди, юраги ачиди: энди уч-тўрт сув ювилган янгигина яктак эди! — Ахир, бошқоронғи бўл, эвида бўл-да!—деди дўпписини қоқмасдан бошига кийиб.— Анор, анор... Бир қадоқ анор фалон пул бўлса! Саҳаримардондан сув ташиб, ўтин ёриб, ўт ёқиб бир ойда оладиганим ўн саккиз танга пул. Акам бўлмаса, укам бўлмаса...

Eр-хотин тек қолишди. Хотин жўхорини туйиб бўлди, уни келидан тогорачага солаётиб тўнғиллади:
— Ҳавасга анор ейди дейсиз, шекилли...
— Биламан... Ахир, нима қилай? Хўжайинимни ўлдириб пулини олайми, ўзимни ҳиндига гаров қўяйми? Ғалатимисан ўзинг?

Хотин овқатга уннади, эрининг «бошқоронғи бўл, эвида бўл-да», дегани унга жуда алам қилди, хўрлиги келди, ўпкаси тўлди.

Овқат пишди. Қозоннинг занги чиқиб қорайган гўжага қатиқ ҳам ранг киргизолмади. Туробжон икки коса ичди, хотини эса ҳануз бир косани яримлатолмас эди. Унинг имиллашини кўриб Туробжоннинг кўзига негадир оқсоқ мушук кўринди. Мушук йиртилган енгини эсига туширди, авзойи бузилди. Унинг авзойидан «есиз жўхори, қатиқ, ўтин» деган маънони англаб хотин, кўнгли тортмаслигига қарамасдан, косани бўшатди, аммо дарҳол том орқасига ўтиб кўзлари қизарган, чакка томирлари чиққан ҳолда қайтди.
— Ҳали туғилмаган болани ер юткур дединг-а, — деди Туробжон борган сайин тутақиб.


Хотин индамай дастурхонни йиғиштириб олди, қозонга сув қуяётиб, эшитилар-ешитилмас деди:
— Ўша асалнинг пулига анор ҳам берар эди.
— Берар эди!— деди Туробжон заҳарханда қилиб.— Анор олмай асал олдим! — Албатта берар эди! Албатта анор олмай, асал олгансиз! Мана шундай вақтларда тил қотиб оғизда айланмай қолади, мабодо айланса, муштнинг хизматини қилади.
— Ажаб қилдим, — деди Туробжон титраб, — жигарларинг эзилиб кетсин! Бу сўз унга қандай таъсир қилганини фақат бошқоронғи хотингина билади. Туробжон бу гапни айтди-ю, хотинининг аҳволини кўриб аччиғидан тушди, агар иззат-нафс қўйса ҳозир бориб унинг бошини силар ва: «Қўй, хафа бўлма, жаҳл устида айтдим», дер эди.
— Кишининг юрагини қон қилиб юборасан, — деди анчадан кейин.— Наинки мен асал олсам! Асал отлиққа йўқ, ҳали биз пиёда-ку! Хўжайинга бир ошнаси совға қилиб келган экан, билдирмасдан... ўзидан сўраб оз-роғини олдим... Ўзи берди. Тансиқ нарса, хурсанд бўлармикансан дебман. Ё тансиқ эмасми? Умрингда неча марта асал егансан? Ўзим умримда бир марта еганман: Шокирхўжа қандолатчи асал қиём қилдираётганда қозонига аммамнинг жўжаси тушиб кетганди, шу жўжани ялаганман...

Туробжоннинг бу сўзлари хотинининг қулоғига нотайин бир ғулдираш бўлиб кирар эди. Унинг Туробжон билан уй қилганига уч йил бўлиб келаётир, назарида, бу одам шу уч йилдан бери ғулдираб келган, ҳозиргиси шунинг давомидай эди. Иттифоқо, бу кун, нима бўлди-ю, уч сўзни равшанроқ айтди: «Жигарларинг эзилиб кетсин», деди. Оламда унинг суянгани эри, бирдан бир орзуси— анор эди, бирданига ҳар иккиси ҳам йўққа чиқди.

Хотин уйга кириб кетди. Анчадан кейин дарчадан хира шуъла тушди. Туробжон ҳам кирди.

Хотин дарча ёнида, бир тиззасига бошини қўйган, қорамтир— кул-ранг осмонга қараб ўтирар эди. Туробжон тикка туриб қолди. Токчадаги бешинчи чироқ пихиллаб ёнар, унинг атрофида катта бир парвона айланар эди. Туробжон ҳам дарча ёнига ўтирди. Шифтнинг қаеридир «қирс» этди, қаердадир калтакесак чирқиллади, Туробжоннинг қулоғи жинғиллади. У ҳам осмонга— хира юлдузларга қаради. Масжиддаги кекса бақатерак орқасидан кўтарилган қизғиш ўт кўкка оловли из қолдириб жуда юқорилади ва гўё осмонга урилгандай чилпарчин бўлиб, «пўп» этди.
— Мушак, — деди Туробжон, — Муллажон қозининг боғида. Муллажон қози бешик тўйи қилган.

Хотин индамади.
— Шаҳардан тўралар ҳам чиққан, — деди Туробжон яна.

Хотин яна индамади. У Муллажон қозининг боғини кўрган эмас, аммо таърифини эшитган. Бу боғни кўз олдига келтириб кўрди: боғ эмас, анорзор... Анор дарахтларида анор шиғил, чойнакдай-чойнакдай бўлиб бўлиб осилиб ётипти.
— Битта мушак уч мири,— деди Туробжон, — юзта мушак отилса... биттангадан юз танга.

Бир миридан кам— етмиш беш танга бўлади.

Eр-хотин узоқ жим қолишди. Туробжон оғзини катта очиб ҳам эснади, ҳам уф тортди.
— Ма, буни тик,— деди у яктагини ечиб, — ма! Хотин яктакни олиб ёнига қўйди, афтидан, ҳозир тикмоқчи эмас эди.
— Бўл,— деди Туробжон, бирпасдан кейин, — ол... Сенга айтяпман!..
— Ҳа, мунча!.. Туртмасдап гапира беринг... Тикиб қўярман, мунча қистов...

Туробжоннинг тепа сочи тикка бўлди.
— Ҳай, сенинг димоғ-фироғинг кимга! Хўш, нима дейсан?
— Мен сизга бир нарса деяпманми? Тикиб қўярман.
— Ҳар нарсага рўзғор аччиқ бўла берса... қийинроқ бўлар,— деди Туробжон яктагини кияётиб, — камбағалчилик...
— Камбағалчилик ўлсин!


Хотин бу гапни шикоят тарзида айтди, аммо Туробжоп буни таъна деб тушунди.
— Нима, мен сени олганимда камбағаллигимни яширганмидим? Эркабойга ўхшаб чимилдиққа бировнинг тўни, кавуш-маҳсисини кийиб кирганмидим? Бундай армонинг бўлса ҳали ҳам серпулроқ одамга тег.
— Иккита анор учун хотиниигизни серпул одамга оширгани уялинг! Бу гап Туробжоннинг ҳамиятига тегди. «Жигарларинг эзилиб кетсин» дегани хотинига қанча алам қилган бўлса, бу гап Туробжонга шунча алам қилди.
— Э, ҳой, анор олиб бермадимми? — деди Туробжон майин товуш билан, аммо бу майин товушдан қўрққулик эди, — сира анор олиб келмадимми?
— Йўқ!— деди хотини бирдан бошини буриб.

Туробжоннипг боши ғовлаб, кўзи тинди.
— Ўтган бозор куни еган анорингни ўйнашинг олиб келганмиди?!
— Ўйнашим олиб келган эди! Туробжон билолмай қолди: хотинининг елкасига тепиб, сўнгра ўрнидан турдими, ё туриб кейин тепдими; ўзини обрезнинг олдида кўрди. Хотин, ранги оппоқ, кўзларини катта-катта очиб унга ваҳимали назар билан қарар ва бошини чайқаб пичирлар эди:
— Қўйинг... Қўйинг...

Туробжон уйдан чиқиб кетди. Бирпасдан кейин кўча эшиги очилиб-ёпилди.

Хотин узоқ йиғлади, эрига қаттиқ гапирганига пушаймон бўлди, ўзини қарғади, ўлим тилади; йиғидан толиб ташқарига чиқди. Қоронғи, узоқ-яқинда итлар ҳурар эди.

Кўча эшигини очиб у ёқ-бу ёққа қаради— жимжит. Гузар томонда фақат битта чироқ милтиллар эди. Самоварлар ётган. Қайтиб уйга кирди.

Том орқасида хўроз қанот қоқиб қичқирди. Кўча эшиги очилди. Хотин то бурилиб қарагунча Туробжон катта бир тугунни орқалаб кириб келди. У тугунни уйнинг ўртасига ташлади. Бир чойшаб анор ҳар томонга юмалаб кетди, бир нечаси обрезга тушди. Туробжон хотинига қаради. Унинг рангини кўриб хотин қўрқиб кетди— бу қадар оқарган! Туробжон ўтириб пешонасини ушлади. Хотини югуриб олдига келди ва елкасига қўлини қўйди.
— Қаёққа бордингиз?— деди энтикиб.— Нима қилдингиз?

Туробжон жавоб бермади. Унинг вужуди титрар эди.

<p align=«right»>1936

Майиз Йемаган Хотин

— Аёл киши эркакка қўл бериб сўрашдими — бас!.. Рўза тутган киши оғзини чайқаса, сув томоғига кетмаса ҳамки, рўзаси очилади — шу оғиз чайқашдан баҳра олади-да! Абдулҳакимнинг қизига уста Мавлоннинг ўғли бир ҳовуч майиз берганини ўз қўзим билан кўрганман. Ҳаё борми шуларда? Шариат йўли— хўп йўл. Ўн бир яшарида паранжи ёпинмаган қиздан қўлни ювиб қўлтиққа ура беринг. Паранжи ҳаёнинг пардаси-да!

Мулла Норқўзи ҳар куни бозордан қайтиб самоварга чиқади ва кўнгли тортган одамларни атрофига тўплаб, ярим кечагача шариатдан юз ўгирган хотинлар тўғрисида шундай вайсаб ўтиради; баъзан панжасини ёзиб, ўзи билган оилаларни санаб чиқади:
— Сотиболдининг хотини дорихонада ишлайди, ҳар куни мингта одам билан жавоб- муомила қилади: ахир, биттаси бўлмаса биттаси кўз қисади-да! Мелиқўзининг хотини автобусда кондуктор, баъзан ярим кечада келади; иши эрта тугаган куни ҳам ярим кечагача юрса, айшини қилса эри билиб ўтириптими? Иззатилланинг синглиси бўлса артист — халойиққа қараб муқом қилади. Норбўтанинг қизи докторликка ўқийди, минтта ошнаси бор десанг-чи! Эркакларнинг ичида юргандан кейин нима бўлар эди! Бўйга етиб қолган қизларини мактабга юборган оталарга ҳайронман... Шулар хотинининг ёки қизининг ўйнашлик қилиб тургани устига кирса-чи, қуръон урсин агар, «бенават» деб чиқиб кетади... Пухта гап шу!

Очиқ хотин-қизларнинг ҳар бир ҳаракатидан мулла Норқўзи бузуқликка далолат киладиган талай белгилар топади. «Етги қават парда ичида» ўтирадиган ўз хотини эса булар қаршисида кўзига фаришта бўлиб кўринади: намоз ўқийди, тўпиғидан юқорисини оврат ҳисоблаб, жиякли иштон кияди...

Бир куни кечқурун мулла Норқўзи ҳовлида чўт уриб ўтирар, хотини эса намозшомгулларга сув қуяр эди. Шу онда ҳовлининг устидан пастлаб учган самолёт ўтиб қолди. Хотин чарс беданадай патиллаб, қочмоқчи бўлганида юзини карнайгулнинг поясига уриб олди. Юзи бутоққа ёмон тегди. Кўнгли озди.
— Ахир, мунча! — деди мулла Норқўзи,— самолёт паст кўрингани билан ундаги кишига сен жуда кўринганингда чумолича кўринасан.
— Чумолича кўринсам ҳам кўринар эканман-ку ишқилиб!— деди хотин йиғламсираб.

Мулла Норқўзи ҳазил билан унинг аламини босмоқчи бўлди:
— E, ҳали мен сени очаман деб юрибман-ку! Хотин унинг юзига хўмрайиб қаради-да, кейин зарда қилиб уйга кириб кетди ва қоронғи уйнинг аллақайси бурчагидан унинг товуши эшитилди:
— Ҳар кимнинг гўри бошқа... Зериккан бўлсангиз, у дунё-бу дунё юзимни қора қилмасдан, жавобимни бера қолинг...

У бир ҳафта бўйи қовоғини очмади, уч кеча ўрнини бошқа солиб ётди. Мулла Норқўзи ўша гапни ҳазиллашиб айтганини арз қилиш учун олдидан келса тишлар, кетидан келса тепар эди; бир кечаси гапни хотинининг диёнатли, покдомонлигидан бошлаган эди, хотин анча юмшади.
— Ҳазилингиз қурсин! — деди чироқни пастлатаётиб,— кишининг имонини қочиради.

Очилиш у ёқда турсин, очиқ хотинларнинг юзини ҳам кўрмайман, деб онт ичганман. Бир куни беш-олтита очиқ хотин орасига кириб қолиб, не вақтгача кўнглим ғаш, таъбим кир бўлиб юрдим. Тушимда раҳматлик дадамни кўрдим, мен билан гаплашмадилар. Гапни кўринг-а, айтгани кишининг юзи чидамайди: бегона эркакнинг қўли оқ сочни қорайтирар эмиш. Тавба қилдим...
— У нима дегани экан?
— Оббо, мунча суюлдингиз? Шундақа гапларга сизнинг ҳам суягингиз йўқ. Нари ётинг! Бегона эркак, кишининг қизлигини эсига солади дейди-да!
— Шундақа гапларни очиқ гапиришадими-а?
— Бо, худо, паранжини ташлаб кўчада юришга юзи чидагандан кейин уяти борми! Қуриб кетгурлар, бирам шармандаки... Тавба қилдим. Баданингда наминг борида беш-олтита эркакни кўрмасанг, умр бўладими, бу умр дейди-я! Тағин ҳам зилзила бўлиб ҳаммани ер ютмас экан-да! Тавба қилдим-ей...

Мулла Норқўзи эртасига самоварга чиққанида яна панжасини ёзиб ўзи билган очиқ аёлларни санаб чиқди ва хотини айтган айбларни буларнинг ҳар қайсисига тақди, жиндай ўзидан ҳам қўшди.
— Ахир, биттаси оппоқ сочи билан менга тегишди-да! Сочинг оқарса ҳам тиниб ўлмас экансан-да, десам, сочим оқ бўлса ҳам кўнглим қора, дейди.

Шунда ўтирганлардан бири, интиҳосиз гапдан зериқди шекилли, қатгиқ эснаб, деди:
— Мен сизга айтсам, мулла Норқўзи, гап паранжида эмас. Николай замонида исловотдаги хотинлар бош яланг эмас эди-ку! Энди сиз ҳар нарса дейсизу, бунчалик эмас, кўзингизга шундай кўринади. Мана, мен сизга айтиб берай: умримда хотин-халажга суюқлик қилган одам эмас эдим, баҳорда қишлоққа кетаётиб йўлда бир хотинга ҳамроҳ бўлдим. Ит олиб кетаётган экан. Ҳали сиздай, менинг ҳам кўзимга бу хотин жуда тайёрга ўхшаб кўринди. Ҳазиллашдим, суюқлик қилдим. Индамаганидан кейин бир шама қилиб кўрай-чи, дедим. Итнинг оғзига чарм тўр тутиб қўйган экан, «жонидан, нега итингизнинг оғзини боғлаб қўйибсиз, кўчадан ўзи топиб егани яхши эмасми?» десам, «бунинг ҳам оғзи сизнинг оғзингиздай шалақ, эҳтиёт яхши-да» дейди. Терлаб кетдим. Орқамга қарамай бир қочдим... Шариат хотинни қаттиқ тутиш керак дейди-ю, аммо хотинни қанча қаттиқ тутсангиз, шунча ғафлатда қолишингизни пойлайди.

Мулла Норқўзи бу одамнинг оддий ҳақиқатни англамаслигидан койиди:
— Беҳуда гап! Мана менинг хотиним нима эканини ўзим биламан. Паранжисини ташлаб икки кун кўчада юрсин-чи! У одамнинг зардаси қайнаб кетди:
— Нега кўчада юради? Кўчада паранжилик юрса ҳам айнийди-да! Тўғрисини айтайми? Паранжилик хотин ҳаром ишга яқинроқ бўлади. Сабаб денг! Агар сиз юзига кулиб қарамасангиз, деворға шоти қўйиб кўчага мўралайди: кўйлаклик олиб бермасангиз, том орқасидан кўйлаклик узатадиган чиқиб қолади. Очилган хотин-чи, кўйлак олиб бермасангиз ўзи ишлаб, ўзи олади.
— Eҳтимол, шундайдир, аммо мулла Норқўзининг хотини покдомон. Агар мулла Норқўзи ўн йил юзига кулиб қарама-са, қопдан кўйлак, бўйрадан лозим кийишга мажбур қилса ҳам, пинагини бузмайди. Ҳар қандай хотин билан ҳам иноқ бўлавермаганининг ўзи ўта диёнатли, покдомон эканининг нишонасидир. Унинг биттаю битта ўртоғи бор. Бу хотин тўғрисида мулла Норқўзи шундай фикрда: агар фаришта илгари ўттан бўлса— шунинг онаси, энди туғилса— шунинг боласи бўлади, агар ҳозир ер юзида бўлса— шу хотиннинг ўзи. Шунча келади, ҳафталаб, ўн кунлаб туриб қолади, наинки шу чоққача мулла Норқўзига товушини эшиттирмаса! Шариатни маҳкам ушлаган хотин шаҳарда иккита бўлса, бири— мулла Норқўзининг хотини, иккинчиси - шу! Намоз ўқийди, одатдаги рўзадан ташқари ашир ойида рўза тутади, заводдан чиққан нонни, ҳозирги кушхоналарда сўйилган молнинг гўштини емайди. У келиб турганда мулла Норкўзи ташқарида —меҳмонхонада ётиб юради ва уйини аллақандай нурдан мунаввар бўлгандек сезади. Шунинг учун бошқа меҳмонлардай сира унинг «иззати уч кун» бўлмайди, неча кун турса ҳам, товуқ гўштини қуймоққа ўраб, қаймоққа ботириб ейди. Узоқ туриб қолган вақгларида хотини:
— Қуриб кетсин, кета қолмайди ҳам. Лабларим қуруқшаб кетди. Садқаи эркаклик кетинг, хилватга тортиб ўпишни ҳам билмайсиз! - деб чиқса, мулла Норқўзи уришиб беради:
— Ўзингга муносиб гапни гапир! Енгил бўлма! Меҳмон - атойи худо.

Мулла Норқўзи сафарга кетадиган бўлиб қолди; кетишидан бир кун илгари хотинига айтиб, ўша фариштани олдирди ва ўрта эшик олдига бориб қиёматлик синглисидан илтимос қилди:
— Синглим, мен ўн кунда қайтиб келаман, келгунимча ўртоғингиз билан бирга бўлинг. Мана, ўзингиз кўрган жой, бемалол айшларингни қилинглар. Хўпми, синглим?
— Хўп, деяптилар, — деди мулла Норқўзининг хотини, - бу кишининг ҳам, менга ўхшаб, бошқа гапиришадиган ўртоқлари йўқ.

Хотини кечқурун меҳмонхонага овқат олиб чиққанида мулла Норқўзидан ўпкалади:
— Уятга ҳам ўлдирасиз кишини!— деди йиғламсираб, — ўртоғим ҳар келганида менга бир нарса олиб келади. Мана бу сафар бир жўра шоҳи олиб келибди. Шу чоққача битта дастрўмол ҳам беролганим йўқ. Мен-ку йилда беш газ чит кўрмайман, келишингизда шу бечорага бир нарса олиб келсангиз-чи сиз ҳам одам бўлиб!
— E, девона, ўзи нарсага муҳтож бўлса, сенга нарса олиб келармиди! Ҳарна бўлса худонинг бергани, олиб қўя бер, яхши гапингни аяма!
— Ҳеч бўлмаса битта паранжи олиб келинг, савоб бўлади. Хотин кишига паранжи олиб бериш мачит солишдан ҳам савоб эмиш. Паранжиси эски, ҳар келганида бировникини ёпиниб келади.
— Хайр, майли. Аммо мен келгунча сени ёлғиз ташлаб кетмасин. Кўни-қўшнилар билан кирди-чиқди қилманглар.

Хотинининг чеҳраси очилиб кетди-да, бурилиб кетар экан, қизларга хос шўхлик билан айланиб, деди:
— Бир нарсангизни бузиб қўйдим, айтсам уришмайсизми? Олиб келган суратингиздаги одамлар худди кишининг афтига қараб турганга ўхшайди, игна билан ҳаммасининг кўзини ўйиб қўйдим.

Мулла Норқўзининг аччиғи келди, чунки бу «Маккаи мукаррамани» бир сартарош ўртоғидан минг илтимос билан олган эди.
— Ахир, ундаги одамлар ҳаммаси ҳожи-ку!
— Ҳа, ўла қолсин, ҳожи одам эмасми!

Хотин кириб кетди. Мулла Норқўзи овқатини еб, чойга умидвор бўлиб ўтирганида, кўча эшигидан ёшгина бир хотин кириб келди; чиммати кўлида, важоҳатидан уйига ўғри кирган, ёрдамга киши чақиргани келган одамга ўхшар эди. Мулла Норқўзига бир қаради-да, тўғри ичкарига йўналди. Эркакни кўра туриб юзини беркитмаганига мулла Норқўзининг ғаши келди ва шундай беибо хотиннинг ичкарига— фаришталар олдига киришини хоҳламади.
— Ҳай, ҳай! Хўш кимда ишингиз бор?

Хотин ўрта эшикдан кириб кетди. Мулла Норқўзи дарғазаб бўлиб ўрнидан турди ва эшик олдига бориб бор товуши билан бақирди.
— Ҳай хотин, дейман, қандоқ беҳаёсан! Жинними ўзи бу...

Шу онда ичкаридан ўз хотинининг товуши эшитилди:
— E, қандақа хотин бу, бировнинг уйига бостириб киради!..

Нимадир гурсиллаб ерга тушди, нимадир синди. Уйнинг эшиги шарақлаб очилди. Бир лаҳза жимлиқдан сўнг ҳалиги бегона хотиннинг бақирган товуши эшитилди:
— Худо кўтарсин сен мегажинни! Иккита болам бор! Бўйдоқ йигит қуриб кетганмиди!!

Яна нимадир синди.
— Ҳай, нима гап?! — деди мулла Норқўзи бўсағада туриб, — синглим, сиз ўзингизни бир четга олинг! Нима дейди бу манжалақи!!

Бегона хотин айвонга чиқиб дод устига дод солди. Бирпасда том, девор устлари, ички-ташқи ҳовлининг юзи одамга тўлди. Мулла Норқўзи айвоннинг пастидан келиб у хотиннинг этагидан тортган эди, хотин жон-жаҳди билан бир тепиб оғзи-бурнини қоп-қора қон қилди; бунга ҳам қаноат қилмай, унинг устига ўзини ташлади.
— Войдод, халойиқ, бу қандай эркакки, хотинини бировга қўшиб қўйиб, ўзи эшик пойлаб ётади! Войдод хотинингга қўшгани бўйдоқ йигит қуриб кетганмиди! Иккита болам бор...

Одамлар ажратмаганда бу хотин мулла Норқўзини ғажиб ташлар эди. Мулла Норқўзи оғзини ушлаганича четланди. Хотини эшик ёнида деворга суянганича турар, ранги мурданикидай, ўзи қалтирар эди. Бегона хотин ҳушидан кетиб йиқилди. Икки киши— аёллар кириб, у фариштани уйдан олиб чиқишди. У атлас кўйлак, лозим кийган, бош яланг, оёқ яланг, ёшгина чиройли бир йигит эди. Ҳамма жим қолди. Бу сукунатни етмиш ёшлардаги бир чол бузди. У, мулла Норқўзига қўлини пахса қилиб деди:
— Садқаи одам кетинг-е, айб эмасми?! Хотин қилиш қўлингиздан келмаса талоқ қилинг! Қўйинг-е, кўчиб кетинг маҳалладан, ё биз кўчиб кетамиз!..

Девор устида турган ўн икки ёшлардаги бир қиз девордан кесак кўчириб олиб мулла Норқўзига ўқталди.
— Ҳу ўл, турқинг қурсин! Бошингга солайми шу билан! Маҳаллада сасиб, ўқувчи қизларга кун бермайсану, ўзинг нотўғри иш қиласан...

Ҳамманинг диққати хотинча кийинган ва эшик ёнида ерга қараб турган йигитга жалб бўлди.

Яна жимлик ҳукм сурди. Бу сукунат оғир тегирмон тоши бўлиб мулла Норқўзини янчиб юборди.

У девор устидаги қизга қараб, бўғиқ товуш билан ўшқирди:
— Сен гапирма! Сенга ким қўйибди гапиришни! Уста Мавлоннинг ўғлидан бир ҳовуч майиз олганингни ўз кўзим билан кўрганман!..

Ҳамма кулиб юборди. Томдан кимдир қичқирди:
— Ҳа, бу кишининг хотини майиз емаган!
<p align=«right»>1935

Башорат

<p align=«right»>Ола қарға қағ этади,
Ўз вақтини чоғ этади.
Мақол

Николай замонида майиз қиммат, кўкнор арзон эди, ҳозирги замонда майиз арзон, кўкнор қаҳат. Эсизгина ўша вақтда чала сиқиб ташланган кўкнорлар! Мулла Саид Жалолхон шуни кўнглидан ўтказиб деворга суянди ва кўзларини юмди; бурнига қўнган пашшани қўлидаги рўмолча билан қўриш малол келди шекилли, остки лабини чўзиб «пуф!» деди. Пашша кўтарилди, аммо шу овдаёқ унинг лабига қўнди. Саид Жалолхон секин лабини қимтиб пашшани оёғидан қисиб олди. Тузоққа тушган бу дилозорни ушлаб, икки бармоқ орасида айлантириб ташлаш қасдида кўтарилган қўл то лабига келгунча, лаънати пашша оёғини суғуриб қочди. Саид Жалолхоннинг аччиғи келди: йўқ ердан кўкнор топиб, кайф қилиб ўтирганда бу нимаси! Инсоф юзасидан айтганда, пашша ярамас махлуқ: қуйиб қўйилган чойга тушиб тарвайиб ётади, майиз талашади, покиза қилиб сузиб қўйилган кўкнордан қаноти чиқади. Қанотини кўкнорга ташлаб ўзи қаёққа кетади денг! Хаёл кайфни ўғирлаган пашшани қидириб кетди.

Уйда ғиж-ғиж бўлиб ётган бу пашшаларнинг қайси бири ўша? Саид Жалолхон дарҳол эшикни ёпиб, узун супургини қўлига олди. У, супургини кўтариши билан ҳамма пашша ғинғиллашиб, бир ерга тўпланди ва бир кирпи ҳолига келди. Кирпи қанот чиқарди, катта бир пашшага айланди-да, олдинги оёқлари узра туриб Саид Жалолхонга қаради ва ғинғиллади:
— Шошма, сенинг орқангда қанча мўмин намоз ўқийди, худонинг махлуқига озор бергани нечук ҳаддинг сиғади?
— Қандоқ махлуқсан ўзинг?- деди Саид Жалолхон супургини елкасига қўйиб.
— Пашшаларнинг шоҳи бўламан.
— Шоҳ бўлсанг, сабаб ўғирлик қилган фуқароларингни тергамайсан?
— Сенинг соқолингга теккан бир қатра шира менинг барча фуқароларимга бир кунлик овқат бўлади, қандоқ қилиб сен шуни ўғирлик дейсан? Нимангни ўғирлади?
— Кайфимни ўғирлади! Не машаққатлар билан кўкнор топиб кайф қилиб ўтирганимда бурнимга ва лабимга қўнди. Шунинг учун сендан қасос оламан: қанотингни юлиб ташлайман.

Пашшалар шоҳи ялинди, ёлворди. Саид Жалолхон кўнмади. Охири иккови муросага келди: шоҳ унга қанот берадиган, у учиб юриб, гуноҳкор пашшани ўзи топадиган бўлди. Шоҳ кейинги оёклари билан қанотининг устини силади, олдинги оёқларини бир-бирига ишқади, кейин ғинғиллади. Саид Жалолхон худди баланд ердан ўзини ташлагандай, юраги «шув» этиб, қанотчиқарди ва учди; шу учганича неча замонлар қидириб, гуноҳкор пашшани қир этагида ўтлаб юрган бир эшакнинг яғиридан топди. Пашша жароҳат атрофида оқсоқланиб юрар эди.

Саид Жалолхон бир қўл уриб уни ҳовучига қамаб олди, сўнгра дарров ўлдириб қўймаслик учун, эҳтиёт қилиб бир қанотидан ушлади. Пашша ғинғиллади:
— Лабинг билан қисиб бир оёғимни узганинг етмасмиди, яна нима дейсан?
— Сен ўғрисан! Одам бўлганингда шаръан қўлингни кесиш лозим бўлар эди. Қанотингни юлиб ташлайман! Пашша ялинди-ёлворди— бўлмади. Охири иккови келишди.

Пашша Саид Жалолхонни эргаштириб бир биёбонга олиб чиқди. Биёбон сомон, қум ва тошбақадан иборат эди. Пашшанинг амри билан Саид Жалолхон бир тошбақа ва бир дона тошбақанинг тухумидан олди. Биёбоннинг аллақаеридан бир қозон топилди. Саид Жалолхон пашшанинг амри билан тухумни ерга қўйиб, устига қозонни тўнтарди ва тошбақани қўйиб юборди. Пашша бир сомон парчани ушлаб қозоннинг қоқтепасига қўниб турди. Тошбақа қозон


атрофида айлана берди, айлана берди. Охири қозон ёрилиб чилпарчин бўлди, аммо ҳеч қандай товуш чиқмади. Тошбақа билан тухум кўздан ғойиб бўлди. Қозон ёрилган вақтда аллақаёққа бориб тушган пашша, ушлаб турган сомон парчасини келтириб Саид Жалолхонга берди ва ғинғиллади:
— Мана шуни теринг орасига тиқсанг, кўздан ғойиб бўласан. Сен ҳаммани кўрасан, сени ҳеч ким кўрмайди.

Қишлоқда кимда қанча кўкнор бўлса ҳаммаси сеники бўлади.

Саид Жалолхон дарҳол бир чўп билан билагини тирмалаб, сомон парчани териси орасига жойлади ва қандай кўздан ғойиб бўлаётганини кўриб турди: бошлаб кавшининг учи, сўнгра бирданига тиззасигача оёғи кўринмай қолди...

Тамом кўздан ғойиб бўлганидан сўнг Саид Жалолхон тикка ўзининг улфати мулла Шамсиддиннинг уйига борди. У эшик олдидаги супада, олдида бир ғалвир майиз, чўпини териб ўтирган эди. Саид Жалолхон товуш чиқармай унинг ёнига бориб ўтирди. Мулла Шамсиддин уни кўрмади; ғалвирга қўл солиб бир чангал майиз оли— пайқамади.

Саид Жалолхонга унинг бир қадоққа яқин кўкнориси борлиги маълум эди, шу кўкнорини излаб уйга кирди. Ҳужрада бир қадоқ эмас, бир лингча кўкнор бор экан. Саид Жалолхон кўкнорининг ҳаммасини қўтариб жўнади; уни ҳужрасига қўйиб яна кўп жойларга борди, ҳатто юк автомобилининг капоти устига айри миниб шаҳарга ҳам тушиб чиқди. Ҳеч қаерда бундай улгуржи ғанимат учрамади. Саид Жалолхон йиққан кўкнорини уйнинг ўртасига тўкиб, қанча вақтгача етишини мўлжаллаб кўрди— олти ойга етар экан. Бу атрофда кўкнор қолмади-ку, олти ойдан кейин нима бўлади? Саид Жалолхонни ваҳима босди.

Бирдан унинг эсига бир нарса тушди: модомики, уни ҳеч ким кўрмас экан, колхоз раисининг олдига бориб «бу йил пахта атрофига кўкнор эктириб берасан» деса нима қилади? Саид Жалолхонга бу фикр шунча ёқдики, ақли кўпайиб боши каттароқ бўлганини сезди.

Саид Жалолхон тикка колхоз идорасига борди. Раис ўзи якка қатиқ ичиб ўтирган экан. Саид Жалолхон ҳар ҳолда аввал ўзини бир синаб кўрмоқчи бўлди: қани, раис кўрадими, йўқми?
— Ассалому алайкум!
— деди раисга рўпара бўлиб.

Раис товуш қаёқдан келганини билмай аланглади, сўнгра қўрқиб, ранги ўчди-да, мўйловида қолган қатиқ юқини енги билан артиб, секин ўрнидан турди.
— Қўрқма, қўрқма!— деди Саид Жалолхон дадилланиб,— сенга ҳам арз, ҳам фармон қилгали келдим: бу йил пахта атрофига кўкнор эктирасан.

Раис ҳуши йўқ, жавоб берди:
— Мажлис қилиб ўртага солиш керак...
— Мажлис қиласанми, маърака қиласанми, эртага иш бошламасанг, кечаси уйингга кафанлик кираман. Мен арвоҳ бўламан!..

Раис рози бўлди. Саид Жалолхон раиснинг олдидаги қатиқни қўшқулоғи билан олиб чиқиб ариққа ташлади.

Шунда унинг бошига яна бир фикр келди ва бу фикрдан бошини яна ҳам каттароқ бўлган ҳис қилди: «Модомики, пахта атрофига эктириш қўлимдан келар экан, нима учун ҳамма ерга кўкнор эктирмайман?» Саид Жалолхон қайтиб кирди, бор товуши билан бақирди:
— Ҳамма ерларингга кўкнор эктирасан! Раис кўнди. Саид Жалолхон кетди. Йўлда унинг бошига яна бир фикр келди: «Раисга қилган дўқимни ҳукуматга қилсам, ўзимни хон кўтара олмайманми?» Бу фикрдан унинг калласи яна ҳам каттароқ бўлиб, жуда оғирлашиб кетди. «Ақл каллани бундай катта қилса ва бундай оғир бўлса, - дер эди у ичида,— Афлотуннинг ўз ажали билан ўлганига ишонмайман, уни албатта калласи босиб ўлдирган".


У ҳужрага кириши билан бирваракайига гўё қиёмат қўпди. Кўчада югур-югур, шовқин, итлар вангиллаган, товуқлар қийқиллаб қочган; гурсиллаб деворлар йиқилади, шарақлаб дарахтлар қулайди... Қандайдир бир хотин қичқирди:
— Ким экан у, бизга кўкнор эктирадиган!..

Бу товуш ҳаммаёқни ларзага келтирди. Ҳужранинг деворларидан чанг ёғди, токчадаги мис лаган жангиллаб кетди.

Саид Жалолхон тездан мулла Шамсиддиннинг олдига борди ва ўз териси орасидаги сомон парчасини синдириб ярмини унга берди. Иккови даштга чиқиб бараварига наъра тортди. Кўз очиб юмгунча неча минг пиёда ва сувори кишилар пайдо бўдди. Буларнинг ҳаммаси кулоҳ кийган ва туғ кўтарган эди. Минг-минг тошбақа минг-минг қозон атрофида айланиб, кўзга кўринмайдиган неча юз минг лашкар бўлди. Бу ернинг ўзида унга «Саид Жалолхони соҳибқирон» деб ном берилди ва хон кўтарибди. Мулла Шамсиддин унга вазир бўлди. Мусулмонобод йўлида ғазотни бошлаш учун ҳамма нарса тайёр, фақат яроғ-аслаҳа йўқ эди.

Афғонистонга ўтиб кетган кўр Шерматга Саид Жалолхони соҳибқирон номидан дарҳол нома ёзилди. Номага жавоб ҳам келди. Жавобда кўр Шермат «неча минг сипоҳи билан йўлга чиқдим, Сизга ўз белимдаги шамширимни юбордим", дебди.

Шундай қилиб, иш борган сари катта бўлар ва иш кагта бўлган сайин Саид Жалолхоннинг калласи оғирлашар эди.

Худо аллақайси тоғнинг ғорида «Қирарман«ва «Йиғарман» номли икки махлуқни Саид Жалолхоннинг хон бўлишига атаб боқиб юрган экан; ярим одам, ярим маймун киёфасидаги бу икки жонивор келиб хонга салом берди ва ҳар қайсиси ўз ҳунарини айтди. Кирарман - рўпара келган кишининг калласини узиб ташлар, Йиғарман— калласиз таналарни саржинга ўхшатиб тахлар екан. Саид Жалолхон кўп хурсанд бўлди. У, қўзғалган қишлоқни қиличдан кечиргани бу жониворларнинг ёнига неча минг сўфилардан қўшиб берди. Улар, даштни чангитиб кетар экан, орқаларидан Саид Жалолхон қичқириб қолди:
— Қирингиз! Қуритингиз! Экиндан кўкнор, жон эгасидан тошбақа билан пашша қолса, бас! Булар кетгандан кейин Саид Жалолхон гайратига чидолмай шамшир суғурди ва ҳавода ўйнатиб, аскарга фармон берди:
— От қўйингиз! Ғазот! Қишлоққа от қўйингиз! Олдинда хон, кўринмас аскар қуюндай борар эди. Баногоҳ Саид Жалолхоннинг кўзи қаршидан от қўйиб келаётган мулла Шамсиддинга тушди. Мулла Шамсиддин келиб отдан тушди, хоннинг оёғини ўпди.
— Қишлокда аскарлар бор. Яқинига боришнинг сира иложи йўқ,- деди.

Қишлоқ томонда яна чанг кўринди. Йиғарман келар эди. У ҳам келиб отдан тушди ва хоннинг оёғини ўпиб, зўр мусибатдан дарак берди:
— Қирарман шаҳид!— деди.

Саид Жалолхон ишонган тоғи хусусидаги бу хабарни эшитиб оҳ тортди ва отдан йиқилди; боши билан тушди, кимдир унинг бошини жуда ҳам катта ва ҳаддан ташқари оғир латта билан боғлади, шундан сўнг ҳушидан кетди.

Хон талай вақтдан кейин ҳушига келиб кўзини очди ва ўзини ўз ҳужрасида кўрди. Ёнида вазири мулла Шамсиддин чўкка тушиб ўтирар эди.
— Нима бўлди? Қани шамшир, қани от?
— деди хон бошини кўтариб, аммо боши шундай оғрир эдики: яна ёстиққа қўйди.

Мулла Шамсиддин рўмолчаси билан уни елпиб, йиғлам-сираб деди:
— Ахир, мулла Саид Жалолхон, нега кишини қўрқитасиз? Нима? Шамшир нимаси? Қанақа от?

Саид Жалолхон мулла Шамсиддиннинг йиғламсирашидан қишлоққа кетган бошқаларни ҳам шаҳид бўлтан гумон қилди.


— Ҳаммасими? Ҳеч ким қолмадими? Ҳозир хабар олдиринг! Афғонистон йўлига киши чиқаринг! Саид Жалолхон ўрнидан турган эди, гандираклаб йиқилди. Мулла Шамсиддин куйиб-пишиб ҳеч қандай ғазот, ҳеч қандай аскар йўқлигини, унинг эрталабдан бери шу ерда ётганини уқтира бошлади.
— Аҳмоқ,— деди хон аччиғи келиб,— ахир, мен отдан йиқилдим... Бошимнинг оғриғи ҳали босилгани йўқ-ку! Нима учун мен сени кўриб турибман! Пошимнинг катта бўлганига нима дейсан?
— Бошингиз катта бўлгани йўқ, ахир,— деди мулла Шамсиддин жеркиб,— мен келсам мана бу сабил мўридан шамол тошкўмир тутунини қайтариб, бутун уй тутунга тўлган экан. Худо кўнглимга солиб келмасам, ҳалок бўлар эдингиз! Саид Жалолхон ҳамон ишонмас эди. У, деворларни ушлаб, ташқари чикди; икки кадам босиши билан яна йиқилди. Мулла Шамсиддин хизмат қилиб, бир неча соатдан кейин аранг уни ўзига келтирди. Саид Жалолхон бутун бошдан кечир-ганларини инқиллай-инқиллай ҳикоя қилиб берди.
— Мен сизнинг кўкнорингизни олиб келган эдим,— деди яна айниб.
— Қанақа кўкнор?

Саид Жалолхон яна ўзига келиб уҳ тортди.
— Бу бир башорат,- деди мулла Шамсиддин анчадан кейин.

Eртасига икки ўртоқ мусулмонобод қилиш учун тошбақа излаб чўлга чиқиб кетишди.
<p align=«right»>1936

Санъаткор

Контсерт одатдагича «навбатдаги номерамизда... Келганларингга раҳмат, ўртоқлар» билан тамом бўлди. Номи чиққан ашулачи— санъаткордан бошқа ҳамма хурсанд бўлиб тарқалди. Санъаткор тажанг эди: танаффус вақгида залга чиққан эди, бир тракторчи уни саводсизликда айблади. Тракторчи танқид қилганига санъаткор асти чидай олмас эди: трактор қаёқдаю, масалан, «чорзарб» қаёқда, тракторчи қаёқдаю, ашулачи қаёқда! Санъаткор уйига кетгани извошга ўтирганида яна тутақиб кетди: «Ҳеч бўлмаса айтадиган ашуланши ўрган, сўзларини тўғри айт» эмиш! Нимасини билмайман, нимаси тўғри эмас? Мени шу вақтгача мухбирлар, ёзувчилар ҳам танқид қилган эмас; формализм, натурализмлардан ўтдим— ҳеч ким отвод бергани йўқ. Отвод бериш қаёқда, ҳеч ким мени оғзига ҳам олмади.Энди бир тракторчи танқид қилар эмиш!..» Санъаткор, извошчини ҳайрон қолдириб, ўзидан-ўзи ғўлдираб борар эди. Уйда хизматчи овқат қилиб қўйган экан, санъаткорнинг томоғидан ҳеч нарса ўтмади— икки пиёла чой ичди, холос.

Унга туриб-туриб нашъа қилар эди: «Ашулани мехайлистик айтар эмишман! Товушим ёмон бўлса нега пластинкага олди? Танқид деганига энди бу кишининг ҳам танқид қилғулари келипти... Амали тракторчи... Оббо!..» — Ўқишга бордингизми?
— деди хизматчига, қовоғини солиб.
— Бордим...
— Хизматчи икки ҳафтадан бери савод мактабида ўқир эди.
— Хизматчиси савод мактабида ўқиётган бир кишини тракторчи саводсиз, деса алам қилмайдими? - деди санъаткор ўзича бўғилиб, — «лабингдан бўлса олсам, э, шакарлаб», деганим у кишига ёқмапти, «бўлса» эмас, «бўса» эмиш! Ўзи билмайдию, менга ўргатганига куяман! Сенга ўхшаган саводсизлар «бўса, бўмаса» дейди. Артист културний одам
— гапни адабий қилиб айтади— «бўлса, бўлмаса» дейди. Пожарни «гугуртни ерга ташламанг» деди, режиссёримиз эса «гугуртнинг ерга ташаманг» деди. Қандай чиройлик! Пожарними, пожарнингми? Шошма, нимаучун пожарни? Пожарни, албатта! Режиссёримиз жуда културний одам. Одам деган мана шундай бўлса, уришса ҳам хафа бўлмайди киши— икки гапнинг бирида «таъбир жойиз кўрилса» деб туради. Бу тракторчи менга шунча дашном бериб, кўнгил учун бир марта «таъбир жойиз кўрилса» демади.

Хизматчи дафтар-қалам келтириб, санъаткорнинг олдига қўйди.
— «Ж»нинг каттаси қандай ёзилар эди? Домламиз бир куни кўрсатган эди, эсимда қолмапти. Санъаткорнинг жаҳли чиқди:
— Eнди «Ж»га келдингизми? Баржом деганда ёзилади.

Кечаги баржом оғзи очиқ қолипти, гази чиққандан кейин бир пулга қиммат. Сиз ҳам дунёга келиб културний бўлсангиз-чи!.. Бурнингиз терлади, артинг, таъбир жойиз кўрилса! Санъаткор ўрнидан туриб ётоққа кириб кетди.
— Ётасизми?
— деди хизматчи нариги уйдан.
— Нима эди?
— «Ж»нинг каттасини кўрсатиб бермадингиз, эртага домла сўрайдиган эдилар. Қанақа ёзилади?
— Кичигини ёзиб қаттиқроқ ўқинг! Санъаткор ечиниб кўрпага кирди. Хизматчи чироқни ўчириб чикди. Санъаткор кўзини юмди, кўзига ғира-шира қоронғи залдаги сон-саноқсиз каллалар кўринди. Булар ичида энг каттаси тракторчининг калласи, у илжаяр эди.
— Афтинг қурсин!- деди санъаткор ва нариги ёнбошига ағдарилди.

Хаял ўтмай уйқуга кетиб, хуррак отди. Унинг хурраги ҳам нечукдир адабийроқ эди: «Плуқ-қум- прр... плуқ-қум-прр...»
<p align=«right»>1936


Адабиёт Муаллими

Ўзининг айтишига кўра «нафис адабиёт муаллими» ўртоқ Боқижон Бақоев оғилга кириб таъби хира бўлди: сигирнинг қулоғига яна кана тушибди! Канадан ҳам кўра сигир унинг аччиғини келтирди: канани терай деса қўймайди— бошини силкийди, пишқиради.
— Ҳайвон! Сигир эмас, ҳайвон!— деди оғилнинг эшигини қаттиқ ёпиб.
— Ҳайвон!
Хотини Мукаррам ҳовлида самоварга сув қуяр эди.
— Ҳайвон!— деди Бақоев,— бу сигирни сотиб пулига чўчқа олиш керак!
— Шаҳарда чўчқа асраш мумкин эмас,— деди Мукаррам самоварга кўмир солаётиб.
— Нима учун? Тақиқ қилинганми? Ким айтди? Мен ай-тиб эдимми? Тўғри, мумкин эмас... албатта, мумкин эмас...
— Уйга киринг, Ҳамида келди.

Ҳамида ўн олти ёшлардаги тирик, қувноқ қиз, поччасини кўриб севиниб кетди.
— Сиз уйда экансиз, билсам, дафтаримни олиб келар эканман... эсизгина...

Ўртоқ Боқижон Бақоевнинг таъби очилди— сигир, унинг қулоғидаги кўм-кўк кана, ғўқиллаб тумшуғи билан ариқ ёқаларини бузиб юрган чўчқа кўз олдидан кетди.
— Техникумдан рабфакка ўтибсан, деб эшитдим, ростми?— деди.
— Ҳимм... яхши қилибсан.

Рабфакка ўт, деб мен айтиб эдим шекилли? Ҳимм... Ауфф, зарда бўлибман... Рабфак яхши. Мен бир борган эдим. Кантселяриянинг эшигига практикум деб ёзиб қўйипти. Тўғри эмас.

Практикум, минимум, максимум булар ҳаммаси лотинча ёки лотинчага яҳин сўзлар. Мен, шахсан шундай деб биламан.

Бир оз жим қолишди.
— Боқижон ака,- деди қиз уялиброқ,- бир нарсани сиздан сўрамоқчи эдим: биз синфда Чеховнинг «Уйқу истаги»ни ўқидик, гўдакни ўлдирган қизни суд қилмоқчимиз. Даъвогар гўдакнинг онаси— Раҳима бўлади, қораловчи— Шарифжон. Судялар ҳам бўлади. Мен қизни оқлаб, бутун гуноҳни унинг хўжайинига, ёш қизни бу қадар бераҳм эксплуататсия қилган кишига қўймоқчиман. Мана шу... Шуни ёздим. Шу тўғрида сизнинг фикрингизни билмоқчиман. Чехов шундай демоқчи эмасми?

Ўртоқ Бақоев ўйлаб туриб, сўради:
— Нафис адабиёт дарсини сизларга ким беради? Ҳакимов? Ахмоқ одам! Ўз устида ишламайди. Савол аломати ҳаммавақт«ми» дан кейин қўйилади десам, кулади. Гап бунда ҳам эмас...

Мукаррам самовар кўтариб кирди. Ҳамида ирғиб туриб, самоварни опасининг қўлидан олди ва столга қўйди. У, ҳомиладор хотинга самовар кўтартириб, қараб ўтирган поччасидан ўпкаламоқчи эди, бироқ уялди, индамади. Ўртоқ Боқижон Бақоев жуда чанқаб турган экан, устма-уст тўрт пиёла чой ичди ва терлади.
— Чучварадан кейин чой жуда яхши кетади-да,— деди юзидаги терни артиб,— Ҳимм...

соқол ҳам ўсипти, сартарош бўлмаса одамлар маймун бўлиб кетар эди. Маймун, жуни тўкилиб, одам бўлган. Бу ҳақда Энгелснинг фикри бор...
— Ҳалигини айтмадингиз, Боқижон ака,— деди қиз,— Чехов шундай демоқчи эмасми?

Ўртоқ Бақоев яна бир пиёла чой сўради.
— Чеховми? Ҳимм... буржуазия реализми тўғрисида сўзлаганда, энг аввал унинг объектига диққат қилиш керак. Буржуазия реалистлари тушунган, улар акс эгтирган объектив воқеликни англаш лозим бўлади. Турган гапки, Чеховнинг ижоди бошдан-оёқ, бутун моҳияти билан илк буржуазия реализми, яъни... ҳимм... Мукаррам, товуққа мояк қўйдингми? Қўйиш керак, бўлмаса дайди бўлиб кетади... Тавба, товуқдан аҳмоқ жонивор йўқ— мояк қўйсанг туғади! Нима гучун мояк қўйсанг туғади? Хўроз нима учун саҳарда қичқиради? Ажойиб психология! Биология ўқийсизларми?


Ҳамида биологиядан нималар ўқиганини, бу ўқиш йи-лида яна нималар ўтилажагини сўзлаб берди ва ўзининг оқлаш нутқида физиологик асослар ҳам кўрсатиш нияти бор эканини айтиб, яна сўзни Чехов устига бурди.
— Ҳимм...- деди Бақоев,-Чехов тўғрисида ўзимнинг фикрим бор. Бошқалар нима деса десин, ҳар ҳолда унинг дунёга қарашида... Унинг дунёга қараши Пушкин ва Лермонтовларнинг дунёга қарашидан фарқ қилади. Бир давр, бир синф, бир мамлакат ёзувчилари бўлишларига қарамасдан, мутлақо фарқ қилади! — Чехов Пушкин билан бир даврда яшаган эмас-ку,— деди Мукаррам,— бизнинг кутубхонада унинг Максим Горкий билан олдирган сурати бор. Чехов 1904 йилда ўлган бўлса керак.

Ўртоқ Бақоев бир оз ўнғайсизланди.
— Сизлар қайси Чехов тўғрисида гапираётибсизлар? Чойдан қуй!.. Бу Чехов ҳақидами?

Тўғри, бу 1904 йилнинг биринчи ярмидами, иккинчи ярмидами ўлган... Бошқа рўмолча бер, бундан пиёз ҳиди келаётипти. Мен ана у Чехов, илк буржуазия реализмининг намояндаси бўлган Чехов ҳақида сўзлаётибман.
— «Уйқу истаги» қайси Чеховники?— деди Ҳамида.
— Ҳеч шубҳасиз бу Чеховники. Бу нарса биринчи марта «Современник» журналида босилган.

Шундан кейин ўртоқ Боқижон Бақоев узундан-узоқ сўзлаб кетди. Унинг нима тўғрида сўзлаётганини Ҳамида билмас эди. Детирдинг деган аллақандай машҳур танқидчи Шеллинг деган ёзувчига «сен дастёрга зор бўлгунча ўғлинг дастёр бўлади» деб хат ёзган; Маркс Добролюбовни Меринг билан бир қаторга қўйган; Стендинг деган аллақандай бир драматург ўлар чогида Демпинг деган бир танқидчига: «Агар бутун жониворларни худо яратган бўлса, мен унинг завқига қойил эмасман, эчкиемар ҳам жонивор бўлдими?» деган...

Ҳамиданинг боши оғирлашиб кетди; икки марта секин, оғзини очмасдан эснади.

Ҳамида мезбонлар билан хайрлашиб кўчага чиққанда қоронғи тушган эди; «Уйқу истаги» тўғрисида поччасидан ҳеч қандай фикр ололмади. Унинг сўзларидан нима олгани ҳақида ўзига ҳисоб берар экан, ғувиллаб турган бошида шун-дан бошқа ҳеч нарса йўқ эди: практикум, минимум, максимум; Детирдинг, Стендинг, Шеллинг, Меринг, Демпинг...

1937


Жонфиғон

Жонфиғонни танисангиз керак - ўша, ўтган йил баҳорда маст бўлиб, кўчадан ўтган одамга «ҳозир айтасан: бошимни қайси деворга уриб ёрай», деб ёпишган, кейин соқолига ўзи ўт қўйиб, гугурт чиқарганни сўккан киши.

Кеча шунинг уйидан хотин кишининг аччиқ-аччиқ йиғлаган товуши эшитидди. Жонфиғон бу яқин йилларда хотинини урган эмас, ҳатто бир куни самоварда ўзи: «Хотин кишини номард уради, қўлинг қичиса, ўзингга ўхшаган қўли қичиганни топиб муштлаш, мен сени мард билай», деган эди.
— Нима бўлди?
— Уч-тўрт киши бўлиб аста кирсак, ҳовлининг ўртасида катта гулхан, хотини Малоҳатхон унинг атрофида додлаб юрибди. Тўхтатдик.
— Нима гап?
— Шўргинам қурсин... кўрмайсизларми... Беш-олти йилдан бери битта пайпоқ олиб бергани йўқ-ку, ишлаб-ишлаб топган пулимга қилган ҳамма кийимларимга керосин сепиб ўт қўйди... Шу устимдаги иш кийимим билан қолдим...
Жонфиғон деразадан бошини чиқариб бақирди:
— Гапир, ҳа, гапир!.. Сенинг гапинг гапу бизники гап эмасми!..

Жонфиғон катта бир ҳақиқатни очишга шошилгандай, уйдан югуриб чиқди, бизга зўр ҳақсизликдан шикоят қилаётган қиёфада туриб, аллақаерда ўтган бир авлиёнинг ўз ўглига «хотинлар бевафо» деб қилган насиҳати, жиноят қонунлари мажмуасининг алланечанчи моддаси тўғрисида гапирди ва бехосдан йиғлаб юборди. Кейин билсак, кеча эр-хотин уришган, хотин: «Қўй энди, мен сен билан умр қилмайман, эртага хатимизни оламиз», деган экан.

Уриш, қўйди-чиқтси ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи уришлар шундай арзимаган нарсадан чиқадики, орада қанча совуқ гаплар ўтиб «ҳордиқ чиққандан кейин» уриш нимадан чиққанини на эр эслай олади, на хотин. Буларнинг ҳам жанжали шу хилда бўлса яраштирайлик, иккови ЗАГСнинг ўша «Ўлим ва талоқ» бўлмасига қадам босмасин деб, гап сўрадик. Эр-хотин айта берса, бу жанжалнинг тарихи бирон ёзувчининг қўлига тушса каттакон бир китоб бўладиган.

Жонфиғон бундан беш-олти йил бурун қайси бир идоранинг извошини минар экан, киракашлик қилиб қўлга тушиб ишдан ҳайдашибди; кейин сабзавот дўконига мудир бўлган экан, «жуда арзон моллар, буларнинг устига сўм қўйиб бўлмаса, тийин қўйиш билан қачон бой бўлади киши» деб ўзи ташлаб кетибди; таниш-билишлари заводга ишга жойлаб қўйган экан, «ойлигидан бўлак даромади йўқ» деб бормай қўйибди, шундан кейин қилмаган иши қолмабди деса бўлади: гулфурушлик дейсизми, томшувоқ дейсизми, қассобчилик дейсизми... бир-икки ҳафта бозорда қовун тилиб ҳам сотибди.

Малоҳатхон, Жонфиғон извозчиликдан ҳайдалган йили, маҳалладаги актив аёлларнинг ҳимояси остида, эрининг қаршилигига қарамай, раён Кенгашига уборшитса бўлиб кирган экан; ўқибди, ҳадемай саводи чиқибди, бир йил-бир ярим йилдан кейин ҳатто мажлисларда докладчига: «Ўртоқ, сизга саволим бор», дейдиган бўлибди. Раён Кенгашининг шофёри Тишченко деган аёл унинг соғломлигига, кучига, абжирлигига, айниқса, зеҳнига қойил бўлиб юрар экан, бир куни уйга чақириб, «сен шофёр бўлгин, нима ёрдам керак бўлса бераман», дебди. Малоҳат ҳам шундай бир нарсани орзу қилиб юрар экан, дарров кўнибди. Шундан кейин Тишченко уни бирмунча вақт шофёрлар курсига тайёрлабди, оқибат киргизиб ҳам қўйибди. Жонфиғон авваллари унинг ниятига, ўқишига «нотавон кўнгил... орзуга айб йўқ» деган назар билан қараб юрар экан, бир вақт қарасаки, Малоҳат курсни битириб, грузовой миниб юрибди! Жонфиғон бунга ҳам кўникибди: «Ҳа энди, минса минибди-да, шу ҳам мартабами, машинани ўзи ўйлаб чиқариптими«, деб ўзига тасалли берибди. Бироқ Малоҳат икки йилда уч марта мукофотланибди. Жонфиғон мукофотни ўз гази билан ўлчагани учун бунга ҳам унча парво қилмабди: «Олган мукофотига от билан туя берармиди», дебди. Жонфиғон ўтган йил баҳор кечаларининг бирида (ўша куни эртасига бошини ёрмоқчи бўлган, соқолига ўт қўйган) истироҳат боғига кирган экан, қараса, шаҳарнинг манман деган стахановчилари қаторида хотинининг ҳам каггакон портрети турибди! Севинч, қўрқув, бахиллик — ҳаммаси аралаш- қуралаш бўлиб, Жонфиғоннинг боши ғовлаб кетибди. У дарров уйига келиб, ҳар қалай, хотинини суйибди, ўпибди, лекин суҳбат жанжал билан тугабди. Бу кунгача бўлиб ўтган учта йирик жанжалнинг бири шу экан.
— Шунда жанжал нимадан чиқди?— деди шерикларимиздан бири.

Жонфиғон жавоб бермоқчи эди, Малоҳат гапини оғзидан олди.
— Туппа-тузук ўтирган одам бирдан айниб, энди ундоқ бўласан, бундоқ бўласан, жазман чиқиб қолади деб, жаҳлимни чиқардилар. Хаёлимда йўқ гаплар...
— Хаёлингда йўқ-а, хаёлингда йўқ! - деди Жонфиғон кесатиб.
— Ҳа, хаёлимда бўлиб нима қилдим?
— Хаёлингда бўлмаса нима учун буқоғингни кестирдинг? Хўш? Қани мана шу тўртта одамнинг олдида жавоб бер-чи?

Малоҳатнинг кўк пиёладан кўра кичикроқ буқоғи бўлиб, шуни ўтган йил кузда кестирган экан.

Иккинчи йирик жанжал шунда бўлиб, яқин бир ҳафтага чўзилибди.
— Кестирсам ёмон бўлиптими? — деди Малоҳат. — Ахир... хотинингизман...
— Нима, менга ёқиш учун кестирибсанми? Ҳеч-да! Менга буқоғинг билан ҳам ёқа берар эдинг. Бошқага ёқаман деб кестиргансан!..
— Уялинг! Илгарилар, буқоғинг бор деб, кўз очиргани қўймас эдингиз-ку! Неча марта йиғлатгансиз?

Жонфиғон, нима дейипхини билмай ерга қаради ва дўнғиллади:
— Мен йиғлатган эмасман... ўзинг йиғлагансан...

Биз кулгидан ўзимизни тиёлмадик, аммо баралла кулиш тўғри келмагани учун биримиз мўйловимизни силаб, биримиз йўталиб, дегандай кулгимизни яширдик. Жонфиғон: «Малоҳат энди мени ташлаб кетади» деб ҳадиксираб юрса, Малоҳат эрининг бу юриш- туришидан хижолат тортиб юрар экан. Шунинг учун Малоҳат кўзга кўринган сайин эрини эл қатори ишлашга ундар, ялинар, баъзан қаттиқ гапирар, ҳатто йиғлар экан. Жонфиғон охири инсофга келиб, шу бу йил қишда нон заводига ишга кирибди, аммо бир ой ишламасдан прогулчи тарзида ишдан ҳайдалибди. Жонфиғон буни, албатта, талай вақтгача хотинидан яшириб юрибди; бу маъ-лум бўлиб қолгандан кейин хотинига неча-неча тавба-тазаррулар қилиб, энди бирон жойга кириб ишлашга, астойдил ишлашга сўз берибди. Малоҳат ишонибди ва ўзи иш топиб, ўтган ойнинг ўн биринчи числосида жойлаб қўйибди. Ўтган куни қараса, мулла Жонфиғон яна бекорлар! Малоҳат суриштиргани корхонага борибди; суриштириб қараса, Жонфиғон фақат ўн етти кун ишлабди, холос; бюллетен олгани докторнинг олдига чилимнинг сувини ичиб лоҳас бўлиб кирган экан, доктор ичини чайқабди ва «кўр бўлдингми, нега тамаки ейсан» дебди. Бу гап корхонага овоза бўлиб, Жонфиғонни ўша замониёқ ишдан ҳайдашибди. Мана, учинчи йирик жанжал мана шундан чиқибди.
— Нега бундоқ қиласиз, ахир?— дедик.

Жонфиғон ер чизиб ўтирар экан.
— Шайтон... — деди.
— Бекор айтибсиз! — деди Малоҳат жаҳли чиқиб,— чилимнинг сувини ичиб докторга киришни шайтон сиздан ўргангандир!..

Ҳаммамиз жим қодтсик, Жонфиғон бирпасдан кейин бо-шини кўтариб:
— Бўладиган гап шу,— деди,— менинг қўядиган хотиним йўқ. Агар зўрлик билан хат топширсанг, товонимга қоласан.

Мана шу йигитлар гувоҳ. Айтдим-қўйдим, икки қулоч арқон...

У, ўпкасини тутолмай йиғлаб юборди. У, йиғлар экан, яна хотинига сўз берди. Малоҳат уни ҳеч қачон бу аҳволда кўрмаган бўлса керак, юмшади.

— Мен сизга айтайин,— деди,— пулингизнинг кераги йўқ, ишласангиз бўлгани! Мен сизни ҳозир эрим дегани номус қиламан! Жонфиғон қасамнинг ҳар хилидан ичди, кейин бизнинг кафил бўлишимизни сўради. Биз охирги синоқ бўлиши шарти билан кафил бўлдик, аммо ҳар қайсимизнинг дилимизда: «Бу хотиндан уялиб қолмасмиканмиз», деган бир анди-ша бор эди. Малоҳат кўнгандан кейин биз чиқиб кетдик. Самоварда ўтирган эдик, бирпасдан кейин Жонфиғон чиқди ва ёнимнзга келиб:
— Шу гап гап бўддими, ё тағин жиннилиги тутармикин?— деди.

Биз ҳали жавоб бермасдан Малоҳат эшикни очиб қараган эди, Жонфиғон югурганича борди, иккови кириб кетди.

Eртасига эшитсак, Жонфиғон йўқлаб келган такасалтанг оғайниларини уйига киргизмабди.
<p align=«right»>1939

Ўжар

<p align=«right»>Ул тута от қуйруғиндан, «бўл узун соч» деб қўя,
«Тек нега бошда тугул?» Танқидга муҳтож деб қўя.
А. Тўқай

Қутбиддиновга овчи ошнаси иккита тустовуқ инъом қилди. Тустовуқлар тозаланиб, тузланаётганда Қутбиддиновнинг феъли айниди, яъни биронта шинаванда улфат билан бирпас дилкашлик қилғуси келди. Унинт қўшниси Заргаров яқин бир ой бўлади, чоракам бир литр хушбўй винони думба-жигар билан ичгани асраб юрар эди, семиз тустовуқнинг дарагини эшитиб: «Хайр, қўй сўйсак, яна вино топилар», деди.

Бу икки улфат аҳёнда мана шундай дилкашлик қилган-ларида суҳбат бошдан-оёқ икки мавзудан четга чиқмас эди: бири— шу кетишда шаҳаримиз яна эллик йилдан кейин қандай бўлар экан; иккинчиси—сўнгги вақтларда фан ки-шиларни ёшартириш тўғрисида нега индамай қўйди?

Қутбиддиновнинг ўғли Суяр овқатдан кейин пионерлар саройига кетган эди, соат олтидан ўтиб бораётир — дараги бўлмади. Шу важдан Қутбиддинов суҳбатнинг бошланишида жиндай ташвишманд бўлганиданми, бу сафар мавзу шаҳарнинг келажаги, фаннинг жимиб кетгани эмас, бола тарбияси бўлиб қолди. Заргаровнинг ҳам ўғли бор. Икки ота ҳозирги тарбияни хўп мақташди. Заргаров узун сўздан хулоса чи-қариб, «мен ёшлигимда шундай тарбия кўрган бўлсам, ҳозир ерда туриб ойда чорвачилик қилар эдим», деди.
— Мен ҳам, — деди Қутбиддинов,— мен ҳам кўп ҳикматлар кўрсатар эдим. Лекин биродар...

Қани, ичайлик! Ауф... Лекин, биродар, ҳар ёмоннинг бир «аммо»си бўлиши керак, ҳар яхшининт бир «лекин»и. Ҳозирги тарбия яхши. Ҳеч шубҳасиз яхши! Лекин камчилиги йўқми?

Бор, албатта, бор! Масалан, болаларга шахмат ўйнатишни олайлик. Боланинг мияси шундай мияки, чунончи... бизнинг молия тили билан айтганда, алоҳида параграф!
— Оҳ-оҳ-оҳ! Отангизга раҳмат! Камол топинг, дўстим! Мен ҳам худди мана шуни айтаман, деб турган эдим. Шундоқ, дўстим, бола деганингизнинг мияси... Ие, сиз нега оқичмадингиз?

Фикрлар бир жойдан чиқиб, икки танқидчи кўп мамнун бўлишди. Суҳбат яна ҳам жонланиб кетди. Ҳозирги тарбияни олиб шахматга урилди, шахматни олиб тарбияга; икковининг ҳам дабдаласи чиқарилди. Қутбиддинов рюмкаларни яна тўлдирди, вилка билан иягини қашлаб давом этди:
— Шахматнинг яна бир зарари шуки, агар ғирром одам билан ўйнасангиз, асабингиз бузилади. Ўттиз тўртинчи йилда Бобожонов билан ўйнаган эдим, ғирромлик қилиб шоҳимни олиб қўйди. Шоҳимни бер, мен сенга бўлак нарса берай, десам кўнмади, чўнтагига солиб қўйди. Жаҳлим чиқиб қолган экан, шоҳсиз ўйнай бердим, барибир қолдирдим. Шундан бери ўйнамайдиган бўлиб кетдим. Нима кераги бор? Хўш, ана қолдирдим, нима бўпти?
— Шуни айтинг, поезддан қолиптими?

Соат саккизда ўтганда Суяр келди. У, эшикдан жуда ҳовлиқиб кирган эди, буларни кўриб шашти қайтди; секин ичкариги уйга кириб кетаётганида Заргаров кўриб қолди.
— E, э, йигитча! Қани, бу ёққа келинг-чи! Ҳў, баракалла, мулла Суяр! Отасини суярми, онасини суярми, а? Ё иккалаларини ҳам суярми?

Қутбиддиновнинг оталик меҳри жўш уриб кетди. Суярнинг бошидан, юзидан ўпди, қучоқлади.
— Албатта, отасини суяр-да, а, ўглим? Бизнинг ўғил кўп яхши-да: биров билан уришмайди, папирос чекмайди, онасидан отасини яхши кўради, шахмат ўйнамайди...

Суяр ўзининг қувончини тантана билан эълон қилди:
— Бугун инструкторимизни қолдирдим, дада!
— E, ана энди! Кўп бемаъни иш қилибсиз-да, ўғлим! Шахмат ўйнамагин, демабмидим? Қара, бурнингдан сув оқяпти, миянг суюлибди!

Суяр бўшашиб кетди.
— Шахмат ўйнагандан эмас,— деди бурнини артиб, — кеча ўзингиз ариқдан кўзойнағингизни излатдингиз...

Қутбиддинов лабини бурди.
— Кўзойнак изласа бурундан сув оқар эмишми? Минг лаънат! Бор, уйга кир, дарсингга қара! Суяр таъби хира бўлиб, кириб кетди. Қутбиддинов ўғлининг ноқобиллигидан, андишасизлигидан қаттиқхафа бўлди; наҳот отаси шахмат ўйнамагин деган бўлса-ю, ўйнаса; ўйнаганини яна, айниқса меҳмоннинг олдида, бу қадар тантана билан эълон қилса. Заргаров кўп болалар шунақа эканлиги ва Суяр эслик бола бўлгани учун бу хилдаги қусурларини йўқотиш қийин эмаслигини айтиб, ранжиган отанинг кўнглини кўтарган бўлди.
— Менинг ўғлим-чи, бундан ҳам баттар. Мен унга тоғ инженери бўлгин десам, «йўқ, дада, билмайсиз, мен учувчи бўламан» дейди. Ха-ха-ха... вой, итвачча-ей, мен билмас эмишман! Икки танқидчи болаларнинг оталарга гап қайтаришла-рини, отачарнинг сўзларини баъзан ерда қолдиришларини ҳозирги тарбияда бўлган энг катта камчиликнинг натижаси ҳисоблашди ва буни ҳар куни, ҳар соатда кўриб турганлари ҳолда бунга қарши жамоат фикрини қўзғагудай бир иш қилолмаганлари учун ўзларини ҳам айблашди.
— Мен шу тўғрида газетага бир мақола ёзсамми деб ҳам ўйлаган эдим,— деди Заргаров, — лекин келиштиролмасман деб қунт қилмадим. Чала-чулпа ёзиб бировнинг олдига «шу тўғрими?» деб боргани номус қиламан. Ростини айтсам, эллик олтига кириб ҳам бировдан ақл ўрганишни ўзимга эп кўрмайман. Энди, мен сизга айтсам, биз бировга ақл ўргатсак тузук. Нима дедингиз?
— Албатта. Лекин мен ҳам мақола ёзишга йўқман, биродар. Энди биз-ку, ўтдик, болаларимиз ҳам биздай бўлмасин денг. Бунинг учун болаларга ҳар хил адабиётлардан ўқитиш керак. Бу тўғрида ҳам ҳозирги тарбия ўчоқларимизнинг бепарволиги бор. Чунончи, мен у куни ўглингизни имтиҳон қилиб кўрдим. Мазаси йўқ! Ҳатто Салтиков билан Шчедрин, деган машҳур ёзувчиларни бир-биридан фарқ қилолмайди, иккови битта одам дейди. Кула-кула ўлибман. Сизга айтаман деб эсимдан чиқибди.

Заргаров «ўғлим аълочи» деб ҳеч кимга сўз бермас эди, Қутбиддиновнинг бу кулгиси уни тамом ўлдирди.
— Рости билан шундай дедими? Адабиётдан ҳам аъло баҳо олган эди-ку.
— Адабиёт муаллими ошнангиздир.
— Бе, Салтиков билан ким дедингиз ҳали, Шчедринми? Шуни билмаса мен қулоғини таги билан суғуриб оламан. Қутбиддинов ҳамон кулар эди.
— Билмайди, баҳазур суғуриб ола беринг, азбаройи худо, иккови бир одам дейди.

Кугбиддиновнинг меъёрдан ортиқ кулгиси Заргаровнинг ғашини келтирди. Нима бўлиб унинг оғзидан «менингўғлим билмаса, сенинг ўғлинг ҳам билмайди» деган мазмунда сўз чиқиб кетди. Қутбиддинов ҳам ўзининг ўғлига ишонтанлити учун, Заргаровнинг бу бўҳтонига дарров, иссиғида зарба бергиси келди.
— Ҳозир, ҳозир,- деди,- Суяр! Ҳо, Суяр! Бу ёққа чиқ, ўғлим! Э, ётганмидинг? Майли, бу ёққа ўтир. Бизга бир нарсани ҳал қилиб бер: Салтиков катта ёзувчими, Шчедрин катта ёзувчими?

Суяр гоҳ отасига, гоҳ Заргаровга қарар ва ҳайрон эди.
— Йўқ, сиз саволни нотўғри қўйдингиз,— деди Заргаров. — Бундай: Салтиков илгари ўлганми, Шчедрин?
— Иккови битта одам-ку! — деди Суяр, нима гап эканини билолмай.

Заргаров қийқириб кулди, чапак чалди ва бунга ҳам қаноат қилмай ўрнидан туриб ўйинга тушди. Қутбиддинов дўқ урди:
— Салтиков билан Шчедрин-а? Ким айтди сенга?
— Ўзим биламан, китобда бор.
— Китобда бор? Шахматни кўпроқ ўйна, итвачча!

Қутбиддинов бола бечорани хўп уришди. Заргаров Қутбиддиновни ўлардай калака қилиб тоза аламини олди, бунинг ҳам оғирлиги Суярга тушди. Суяр йиғлаб юборди.
— Ундоқ демагин, ўғлим,— деди Заргаров бирпас жимликдан кейин,— даданг бир нарса дегандан кейин дарров «хўп, билмабман» дейишга ўрган. Яхши эмас.
— Нотўғри айтсалар-чи?

Икки танқидчи ялт этиб бир-бирига қаради ва бу қарашда икковининг ҳам кўнглидан бир гап ўтди: «Бола ҳам шундай ўжар бўладими?» Суяр ичкарига кириб кетди. Қутбиддинов эртагаёқ Суярнинг мактабига бориб катта ғалва кўтармоқчи бўлди. Заргаров мактабдан ҳам кўра пионерлар саройига боришни маъқул кўрди. Анчадан кейин Суяр каттакон бир китоб кўтариб чиқди:
— Мана,— деди портретни кўрсатиб,— мана, Салтиков-Шчедрин!

Қутбиддинов «бу ўжар бола ҳамон ўзиникини маъқул қилмоқчи» деб жуда ғазабланди, аммо меҳмоннинг олдида ўзини тийди. Заргаров портретнинг остидаги ёзувни ўқиб, худди қанотли туя кўргандай ажабланди ва китобни секин Қутбиддиновнинг олдига сурди. Қутбиддинов портрет ва унинг остидаги ёзувга узоқ тикилди, сўнгра кўзойнагини секин қулоғидан бўшатар экан:
—Ҳим...—деди,— Салтиков-Шчедрин! Кўрдингизми, ўша вақтдаги ёзувчилар ҳам соқол қўйган экан...

Жимлик чўкди. Суяр индамай ичкарига кириб кетди. Шу ерда ҳикоя ҳам тамом, чунки унинг мантиқий давоми ғалаба қозонган Суярнинг бу икки танқидчидан ўч олиши бўлар эди. Суяр буни лозим топмади.
<p align=«right»>1939

Думли Одамлар

<p align=«right»>Республикамизга чет элдан келадиган
баъзи туристларга тушуниб бўлмайди.
Мелибой ака, пенсионер, партизан

Жияним туристлар идорасида ишлайди, ўтган шанба куни уйга келиб: «Бу йил турист кўп, одам етишмаяпти, шаҳримизда икки кун тўхтайдиган бир меҳмон бор, қарашиб юборинг», - деб қолди.

Пенсияга чиққанимга энди саккиз ой бўлган, ҳали пенсияхўрликка ўрганганим йўқ, зерикканимдан кампиримнинг ишларига аралашавериб уни ҳам, ўзимни ҳам хуноб қилиб юрган эдим, жиянимнинг илтимосига дарров кўндим. Мен ўн бир йил шу идорада кичик бир лавозимда туриб, пенсияга шу ердан чиққанман.

Шу ўн бир йил давомида қулоғимга кирган калималар ўрнашиб, ундан бир сўз, бундан бир сўз чўқиб, тилга ҳавас пайдо қилганимда эса идора хизматчиларининг ёрдами билан китоб таталаб инглиз тилини унча-мунча билиб олдим. Инглиз тилига мойил бўлганим, албатта, тасодифий эмас, болалигимда Американинг таърифини кўп эшитганман: ана осмонтешар иморатлару, ана осма кўчалару… Душанба куни янги банорас авра тўн ва яшил бахмал дўппимни кийиб идорага бордим.

Жиянимнинг кабинетида озғин, тепакал, кўзлари оч одамнинг кўзидай ялтираб турган қирқ беш ёшлардаги бир кимса ўтирган экан. Мен тахминан «меҳмон шу бўлса керак» деб инглизча салом бердим. Меҳмон қайрилиб қаради, бирдн, худди кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган бир жониворни кўргандек, ҳайрон бўлиб секин ўрнидан турди, саломимга алик олишни ҳам эсидан чиқариб, менга бошдан-оёқ разм солди; мен ўзбекми эканимни, инглизчани қаерда ўрганганимни сўради; саволларига жавоб берганимдан кейин тўнимни, дўппимни ушлаб, соч- соқолимни тортқилаб кўрди. Жияним менга кўз қисиб «қўяверинг» дегандек ишора қилди. Жияним мени таништиргандан кейин меҳмонни меҳмонхонага олиб бордим. Унга икки хоналик жуда яхши номер олиб қўйилган экан. Меҳмон номерни кўздан кечирди, ярқираб кўзни қамаштираётган жиҳозларни бирма-бир ушлаб, силкитиб, тирноқлаб, ҳидлаб кўрди. Мен бунга чандон эътибор қилмадим, чунки боя идорада инглизча гапирган ўзбекнинг ўзбеклигига ишонмай унинг либосини ушлаб, соч-соқолини тортқилаб кўрган кимса, ҳозир ўзбек меҳмонхонасидаги яхши жиҳозни қалбаки гумон қилса не ажаб! Чет элда ҳозир ҳам Ўзбекистонни мутлақо билмайдиган, ўзбекларни ҳануз кетига пўстак боғлаб, имо ишора билан гаплашадиган қабила деб ўйлайдиган одамлар бор-ку!

Меҳмон ўрнашди. Тушликдан кейин кўчага чиқдик. Меҳмон меҳмонхонанинг пештоқига соя солиб турган қари чинорни кўрсатиб:
— Жуда яхши дарахт экан, инқилобдан кейин экилган бўлса керак? – деди.

Чинорнинг бирон юз эллик йил умр кўрганлиги кўриниб тургани ҳолда меҳмоннинг бу гапи менга малол келди. Бу одам идорада нима учун соч-соқолимни торқилаб кўрган бўлса, ҳозир айни шу мақсадда,. Яъни қанчалик рост гапиришимни билмоқ учун дилимни титкилаб кўрмоқда эди. Жиним қўзғади-ю, мен ҳам уни чўпга илиб ўйнагим келди.
— Ҳа, инқилобдан кейин экилган, - дедим ва бир оз туриб, меҳмон мени «аравача» қилганига ўзида йўқ хурсанд бўлиб гердайиб турганида илова қилдим, - биринчи инқилобдан анча кейин экилган, - дедим.

Меҳмон тушунолмади.
— Сизларда икки марта инқилоб бўлганми? – деди шошиб. – Биринчиси қачон бўлган? Қанақа инқилоб?
— Бундан юз йилча бурун, - дедим. – Мен русларнинг келишини биринчи инқилоб деб биламан.

Меҳмон бошқа гап сўрамади, фотоаппаратини ғилофидан олиб, йўл-йўлакай унга-бунга тўғрилади, лекин биронта ҳам сурат олмади. Бирдан кўчанинг ўртасида чимматсиз паранжи


ёпинган бир кампир пайдо бўлиб қолди. Кампир худди шаҳарнинг ҳокимидай ҳеч кимни, ҳатто милитсиянинг ҳуштагини ҳам писанд қилмай ҳассасини катта-катта ташлаб келмоқда эди. Меҳмон югуриб кўчанинг ўртасига чиқди, кампирни қаршилаб чўккалади, уни рўпарадан, ёнбошдан, орқадан бир неча марта суратга олди: сураткашликда ўта жон куйдирганидан ўпкаси оғзига тиқилиб, ўтиргани жой излаб қолди. Паркка бошладим. Қаҳвахонага кирдик. Бир паёла қаҳвадан кейин меҳмон ўзига келиб, қўйин дафтарини олди, ундаги планга узоқ қараганидан кейин: — Шаҳрингизнинг бошқа диққатга сазовор жойларини эртага кўрамиз, бугун менга Рексуллоҳи Ансорийнинг мақбарасини кўрсатсангиз бас. Мақбара шу атрофда бўлиши керак, - деди. Рексуллоҳи Ансорий… Болалигимда Рексбува деган ном қулоғимга кирган, ўша вақтда паркнинг мана шу ўнг қанотидаги тепалик – ҳозирги театр биноси тушган жой – гўристон бўлиб, унинг қоқ ўртасида Рексбува деган мозор – даҳма бўлар эди. Бир оз ташвишга тушдим: борди-ю, Рексуллоҳи Ансорий дегани бирон мўтабар зот бўлса, буни узоқ юртдан келган бир сайёҳ билса-ю, биз билмасдан мақбарани бузиб ташлаган бўлсак… Бундан хунуги борми! Бирон найранг ишлатиб бу ноқулай аҳволдан чиқиш йўлини кўзладим, лекин ўйлаб-ўйлаб «енг яхши ҳийла – тўғрилик» деган қарорга келдим-да, Ансорий тўғрисида билганларимни айтиб:
— У киши шаҳримиз тарихида қандай ўрин тутган эканлар? – дедим.

Меҳмон саволимга жавоб бера олмади. Шундан кейин ўлкамизда жаҳонга машҳур бўлиб ўтган бир қанча кишиларнинг номини айтиб, меҳмонни «чақмоқлаб» кўрдим. Йўқ, меҳмон бу одамлардан биронтасини, ҳатто Ибн Синони ҳам эшитмаган экан.

Рексуллоҳи Ансорий ким, унинг нима фазилати ё касрати борлигини билмаган ҳолда бу одам нега унинг номини кўтариб юрибди, нега унинг мақбараси керак бўлиб қолибди – шунга қизиқдим. Меҳмон бу ҳақда берган саволларимга жавоб бермасдан илжайиб туриб-туриб, тўсатдан: — Думли одамларни кўрганмисиз? – деди.

Меҳмон гапнинг сархонасини янгиламоқчи деган ўйда кулиб қўя қолдим.

Бироқ қаҳвахонадан чиқиб, театр биносининг атрофини айланиб юрганимизда меҳмон буткул жиддий бир тарзда яна думли одамлар ҳақида сўз очди. Узун сўзидан хулоса чиқариб, ер юзидаги халқлар тараққиёт зинасининг турли босқичида, бирон босқичда турган халқ орасида ўтган босқич кишилари кўриниб қолса, бунга табиий бир ҳол деб қараш керак, деган фикрни айтдим. Меҳмон бу гапнинг туб маъносига тушуниб етмади.

Кўчага чиқдик. Меҳмон яна Ансорийдан гап очди. Шунда кўнглимга бир гап келди: бу одам ўша Ансорийни думли одамлар тоифасидан деб ўйламасмикан?

Худди айтганим чиқди. Меҳмоннинг отаси илгари ўртачароқ бир ширкатнинг бошлиғи бўлиб, ширкат сингандан кейин умрининг охирини антропологияга бағишлаган, ундан кўп қўлёзмалар, жумладан мана шу қўйин дафтари қолган, шу дафтар ва бошқа ҳужжатларда айтилишига қараганда, Рексуллоҳи Ансорий думли одамлар тоифасидан экан. Яна бир мўтабар кимса Рексуллоҳи Ансорий мақбараси атрофида ҳозир ҳам думли одамлар яшамоғи эҳтимолдан холи эмас, деган экан.

Жоним халқумимга келди. Лекин ўзимни босдим. Шу атрофдаги ҳамма кўча ва тор кўчаларни кезиб чиқдик. Мен қаёққа бошласам меҳмон юрмайди, тескари томонга йўл олади: тез-тез тўхтаб ҳаммага, хусусан атлас кўйлак кийган хотинларга орқадан зеҳн солади, афтидан, думли одам қидиради. Меҳмон билан гаплашиш эмас, унинг афтига қарагим келмас эди.

Кайфиятимни билинтириб қўймаслик учун ноилож сўз қотдим:
— Жаноблари ота касбини ушлабдилар-да? – дедим.
— Йўқ, мутлақо, - деди меҳмон. - Мен журналистман!
— Антропологияга қизиқмасангиз, сизга думли одамнинг нима кераги бор?
— Менинг газетамга керак! – деди меҳмон. – Ҳеч бўлмаса биронта думли одамнинг суратини олиб борсам дейман. Жуда шов-шув бўлар эди… Ёрдам ваъда қилолмайсизми?

Мен ўйлаб кўрмоқчи бўлдим. Меҳмон жуда қувониб кетди. Овқатдан кейин меҳмон дам олгани ётоғига кирди. Мен бутун заҳримни жиянимга тўккани идорага бордим. Жияним воқеани эшитиб кулди, мени жаҳлдан туширди. «Юрагингизни кенг қилинг, тоға, йўловчи ҳар бир ҳурган итнинг кетидан қува берса, манзилга қачон етади, деган бор, сизнинг вазифангиз меҳмонни истаган одами билан гаплаштириш, истаган ерига олиб боориш. Бундан ташқаи бу одам сизга омонат, омонатга хиёнат қилмасдан, қўлимга соғ-саломат топширишингиз керак», - деди. Жаҳлимдан тушдим.

Кечқурун меҳмонни консертга олиб бордим. Меҳмон залга кириши билан яна ўша муддаода одамларга ҳар томондан разм сола бошлади, беқасам тўн кийган бир мўйсафиднинг кетига тушди. Хайрият, чироқ ўча қолди-ю, бориб жойимизга ўтирдик.

Меҳмонга консертга қизиқмади, мудраб ўтирди, аломат бир ўйин бўлаётганда ҳатто хуррак отиб юборди. Шунинг учун консертнинг иккинчи бўлимига қолмадик, эртага учрашадигаб бўлиб, меҳмонхона олдида хайрлашдик. Эртасига келишим биланоқ меҳмон: «Кечаги гапимиз нима бўлди, ёрдам берасизми?» деб сўради. Мен бу ҳақда ҳеч бир қарорқа келмаганлигимни айтдим. Шундоқ бўлса ҳам меҳмон ёрдам беришимга амин эканлигини билдириб, олдиндан ташаккур маъносида елкамга қоқиб қўйди ва театр атрофидаги хонадонлардан биронтасини кўришга орзуманд эканини билдирди.

Мен унинг муддаосини фаҳмладиму, ўша томонларга олиб бордим ва орқа кўчадаги рўпара келган ҳовлига бошладим. Меҳмон аппаратини бўйнидан олди ва ҳаяжон ичида остонадан ҳатлади. Кирган эшигимиз ҳозир участка деб аталадиган оддий, лекин мевазор, гулзор, ниҳоятда дидли, ҳавасли одамларнинг ҳовлиси экан. Ўрта ёшлардаги бир хотин сариқ луччак шафтоли тераётган экан, бизни кўриб шотидан тушди, сўрашди, елиб-югуриб супага жой қилди, дастурхон ёзди. Бир неча хил шафтоли келтириб қўйди. Меҳмон гоҳ менга, гоҳ хотинга қарар, гоҳ унинг орқа этагига разм солар эди. Хотиннинг ўғли врач, келини ўқитувчи, ҳозир иккови ҳам ишда экан. Меҳмон ҳафсаласи совиб, фотоаппаратини бўйнига осди-ю, аламини шафтолидан олди, умрида бунақа шафтолини кўрмаган бўлса керак, роса еди. Шу чоқ унинг кўзи деворнинг тагида қунишиб турган касал жўжахўрозга тушди. Унинг оёқлари узун, бўйнининг пати тўкилиб қип-қизил гўшт бўлиб қолган, ўзи ниҳоятда ориқ эди. Меҳмон дарров қўлини артди, фотоаппаратини бўйнидан олди, жўжахўрозга жуда яқин бориб чўккалади: жўжахўроз бошини кўтариб ҳайрон бўлиб турганда бир неча марта суратга олди. Чой кўтариб келаётган хотин «вой, суратга оламан десалар яхши товуқларимиз бор, бу касал эди-ку» деганича қолаверди.

Аччиғим келди, лекин мумкин қадар мулойимлик билан:
— Жўжахўрознинг сурати ҳам газетага керакми? – деб сўрадим.

Меҳмон жавоб бермади, «кетдик» деб ишора қилди. Хотинга ташаккур изҳор қилдим.

Кўчага чиқдик.

Меҳмон бу ҳовлига, хотиннинг меҳмондўстлигига шубҳа билан қаради шекилли, хотиннинг меҳмондўстлигига шубҳа билан қаради шекилли, бир неча ҳовлига ўзи бош тиқди. Мен ҳам қўйиб бердим, орқасидан кирмадим, чунки унга таржимон керакмас, одамларнинг орқа этагига разм солишдан бошқа иши йўқ…
Самоварда ўтириб, бирпас дам олдик. Меҳмон кўзимга хунук кўрина бошлади: ким айтади, буни осмонтешар иморатларни кўрган, осма кўчаларда юрган одам деб! Диққат бўлдим.

Папиросни аллақачонлар ташлаб юборган эдим, шу топда битта сўргим келди-ю, папирос олган магазинга кирдим. Билмадим, магазинда қанча туриб қолдим экан, қайтиб чиқсам меҳмон йўқ. Бирпас кутдим, кейин юрагим ҳовлиқиб, у ёқ бу ёққа қарадим. Қидирдим.

Йигирма-йигирма беш минутнинг ҳар бири биттадан сўғ тишимни суғуриб олгандек бўлиб ўтди.

Бу касофат бирон ҳовли ёки бирон кўчага кириб, гумонсираган одамига «думингни кўрсат» деса, бунақа ҳазилни биров кўтаради, биров кўтармайди… Бир соатдан ортиқ қидирганимдан кейин автоматдан жиянимга телефон қилдим, воқеани айтдим. Жияним товушидан ташвишда қолгани сезилиб турса ҳам, менга тасалли берди ва «йўқотган жойингиздан узоққа кетманг», - деди. Самоварда яна бир неча минут ўтирдим. Нариги кўчадаги мачитнинг ярми қулаган мезанасига кўзим тушди. Бу касофат шунинг суратини олгани бормадимикин? Ўша ёққа бордим. Мачитнинг ичини, атрофини қарадим, одамлардан сўроқладим – йўқ. Самоварга қайтай деб турганимда ён кўчадан карнай-сурнай, қийқириқ билан икки машина куёв-навкар чиқиб қолди. Олдиндаги машинада лунжини шишириб сунрай чалаётган сурнайчининг ёнида туриб, беўхшов ўйинга тушаётган олабайроқ тўн кийган бир кишига кўзим тушди, синчиклаб қарасам – меҳмон! Суюниб кетдим. Югуриб бориб машинанинг олдини тўсдим. Меҳмонга ҳарчанд «туш» деб ишора қиламан, қани энди кўнса – менга қараб нуқул муқом қилади. Кайфи баланд. Машинада таниш одамлар бор экан, қўймасдан мени машинага тортиб олишди. Меҳмоннинг машинадан тушиш нияти бўлмагани учун машинани тўхтатиб жиянимга телефон қилдим.

Таниш одамларнинг айтишига қараганда меҳмон нима бўлиб тўйхонага кириб қолибди.

Одамлар унинг чет элдан келган меҳмон эканини билиб тўрга ўтқазишибди, тўн кийғизишибди, ўйинчилар уни ўйинга тортишибди.

Келиннинг уйига келдик, зиёфат зўр бўлди, ўйин-кулги жуда қизиди. Меҳмон бу ерда ҳам анча ичиб қўйди. Шу ердаги доcтор болалар менинг ташвишда қолганимни пайқаб, меҳмонни ҳушига келтириб беришди. Меҳмон ҳушига келганидан кейин яна айниди: яна думли одам қидириб ҳаммага зеҳн сола бошлади. Шундан кейин «сиз овора бўлманг, жаноб, думли одамни эртага ўзим топиб бераман» дейишга мажбур бўлдим. Меҳмон мени ўпди, саломатлигимга устма-уст икки рюмка отди…

Eрталаб меҳмонхонага келсам меҳмон ланж бўлиб ётибди, ланжки, ҳеч айтгулик эмас. Шундоқ бўлса ҳам, лаънати, кўзини очиши билан кечаги ваъдамни сўради. Мен уни пастга олиб тушиб, аччиқ чой ичирдим, нордон нарсалар егиздим, ичкилик заҳри бироз синиб таъби очилганидан кейин думли одам деб бекор овора бўлиб юрганлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Меҳмон хафа бўлди.
— Сенинг ҳукуматинг бутун мамлакат устига темир парда тортган! – деди.

Бунга гап уқтириш, қоронғу уйга кесак отгандек гап эди. Шунинг учун ён берган бўлиб, ёлғондан ўйлаб қолдим-да, чуқур хўрсиниб:
— Шуни билар экансиз, нима қиласиз мени қийнаб? – дедим.

Меҳмон чеҳраси очилиб яна ёлворди:
— Мен сизга битта думли одамни қафасга солиб бер, олиб кетаман деяётганим йўқ.

Узоқдан қорасини кўрсатсангиз бас, менинг аппаратим икки километрдан олади! У десам у деди, бу десам бу деди – ҳеч бўлмади, ниҳоят «сени думли одамларга йўлатиш қўлимдан келмайди, хатарли, ҳоҳласанг аппаратингни бер, биладиган, удда қиладиган ишончли кишига айтиб, биронта думли одамнинг суратини олдириб бераман» дейишдан бошқа чора қолмади. Меҳмон хурсанд бўлиб, аппаратини қўлимга тутқазди. Ўзи ланж бўлгани учун тушгача ётиб дам олмоқчи эканини айтди. Мен тушдан кейин келадиган бўлиб қайтдим. Тушдан кейин келсам, меҳмон ҳануз ланж, ётган экан, лекин аппаратини тегишли одамга топширганимни, у киши бутун лентани думли одамга тўлдириб беришни ваъда қилганини эшитиб ўрнидан туриб кетди.
— Лекин шарти бор, - дедим, - омонатингизни фақат кетадиган вақтингизда, самолётга чиқаётганингизда беради.
— Эртага, эртагаёқ жўнайман! – деди меҳмон.

Келишувга мувофиқ шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўргани чиқдик. Кун қайтгунча юриб, кўп тарихий ёдгорликларни кўрдик, тўғон-кўлга бордик, шаҳримизнинг кўрки бўлган янги кўчалар, майдонлар, хиёбонларни кездик, музейларга кирдик. Меҳмоннинг бирон нарсага қизиққанини, бирон жойда тўхтаб, бирон нарсага қараганини кўрмадим. Ҳамма нарсага ўшшайиб қарар, қаёққа в анима учун кетаёрганини, нима қилиб юрганини ўзи ҳам билмас, афтидан, кунни кеч қилишдан бўлак муддаоси йўқ эди.

Маданият ва истироҳат боғига кирдик. Меҳмон ҳеч бўлмаса шу боққа, хусусан гулу гулзорга қизиқар деб ўйладим, чунки шаҳримиз бу боққа жуда бино қўйган. Йўқ, гулзорга меҳмон қайрилиб ҳам қарамади, унинг диққатини жалб қилган бирдан-бир нарса боғнинг бир чеккасидан оқаётган анҳор бўлди. Бунинг нимасига қизиқди экан деб қарасам, лой сув қирғоқдан тошгудек бўлиб, шох-хашак ва яна алланима балолар оқиб келаётибди. Биров суғориш мақсадида тўғон солган, сув тўғонни уриб кетган бўлса керак. Меҳмон ифлос сувга худди сичқонни кўриб қолган мушукдек бутун вужуди билан қарар, чамамда фотоаппарати ёнида бўлмаганидан афсусланар эди; боғдан чиқиб меҳмонхонага томон кетаётганимизда эски- туски йиғиб юрган эшак аравани кўрганида ҳам худди шу ҳолга тушди.

Меҳмонхона кўчасига қайрилганимизда меҳмоннинг газетасига қўл келадиган яна бир ҳодиса рўй берди: шу кўчадан ғизиллаб чиққан «Москвич» каттакон бир сариқ итни уриб ўтди. Ит вангиллаб икки-уч юмалади, туришга интилиб туролмади, ётиб типирчилади. Меҳмон гоҳ бошини кўтаришга уриниб, гоҳ оёқларини силкиб жон бераётган итга яқин бориб, беихтиёр чўкка тушди ва аппарат излаб ёнини пайпаслади.

Меҳмон эртасига жўнайдиган бўлди. Думли одамлар сурати олинган фотоаппаратни қора қоғозга ўраб аеропортга олиб чиқдим ва қўйнимдан бир чеккасини чиқариб кўрсатдим. Меҳмоннинг кўзлари ёниб кетди. Хилватга бордик. Меҳмон аппаратини олиб катак сумкасига жойлади-ю, чонтагидан бир даста пул чиқарди.
— Сизнинг ҳақингизни ўзим билиб бераман, - деди, - у киши билан неча пулга гаплашгансиз?
— Пул тўғрисида ҳозир гаплашмаймиз, - дедим, - аввал суратларни чиқариб кўринг, ана ундан кейин ўзингиз нарх бичиб юборарсиз.

Меҳмон яба миннатдорчилик бирдирди. Самолётга чиқди, самолёт Тожикистонга қараб йўл олди. Ким билади, меҳмон юртига боргунча сабри чидармикин. Тожикистондаёқ лентани чигарар, чиқарса думли одамлар ўрнида ўзини кўради: мен аппаратни мактаб тўгарагига қатнаб, фото ишида машқини роса қилган кичик ўғлимга бериб, «меҳмон икковимиз шаҳар айланамиз, сен кетимиздан юргин, қаерда чап оёғимни кўтарсам, меҳмоннинг якка ўзини суратга олаверасан», деган эдим. Бир қанча жойда, жумладан, меҳмон анҳор бўйида, эски- туски йиғиб юрган эшак арава ёнида ва жон бераётган итнинг устида турганида чап оёғимни кўтарган эдим. Ўғлимнинг ўзи ҳушёр бола, ғалати-ғалати пайтларни топган бўлса керак. Мен бу нарсани жиянимга айтмадим, айтсам ҳам уришмаса керак, чунки меҳмонга озор берганим йўқ, ниҳояти юзига ойна тутдим.

Йиллар

<p align=«right»>Ўтди умрим, воҳ дариғ...
Қадимги қўшиқ

Ҳожимирсирож автобусда жой талашиб болалик бир хотин билан айтишиб қолди. Бир мактаб бола ҳам келаётган экан, шу орага тушди-ю, ёмон бўлди. Бу қоқвош «шу ишингиз нотўғри» дейиш билан-ку, Ҳожининг қорнига қозиқ қоққандек бўлган эди, яна «хўмрайманг» дегани нимаси?

Ҳожи бирпас заҳарини ютиб турди-да, бола автобусдан тушиб кетаётганида, секин қўлини узатиб, қулоғини ушлади ва уч буклаб туриб қаттиқ қисди; қисди, жонининг борича қисди! Бола, «қулоқдан айрилдим» деб ўйлаган бўлса керак, қўрқиб дарров ушлаб кўрди— йўқ, қулоқ жойида. У автобусдан тушиб, ловуллаб турган қулоғини ушлаганича Ҳожига қаради ва бисотидаги энг оғир, энг даҳшатли ҳақоратни ишлатди, яъни «тарбиясиз!» деди.

Ҳожи ҳузур қилиб ўч олганидан, боланинг сўккани бошқа сўз тополмаганидан хурсанд бўлиб, орқасига суянди ва атрофига назар ташлади; қараса, ҳамма, айниқса шофёрнинг орқасида китоб кўриб ўтирган киши ўзини кулгидан зўрға тийиб турганга ўхшайди. «Ҳароми, мени тоза расво қилганга ўхшайди, — деди ўзича. — Бу ҳозир кулиб юборади, ҳозир кулмаса кейин, уйига бориб кулади; бола-чақаси билан кулади! Нега мен у итваччанинг қулоғини шартта узиб қўлига бермадим?»

Ҳожимирсирож шошиб автобусдан тушди, боланинг кетидан кетди. Бола ҳамон қулоғини ушлаб борар эди; бир орқасига қараб Ҳожини кўрди-ю, жадаллаб муюлишдаги каттакон икки қаватли бинога кириб кетди. Ҳожи уни бу ерга қочиб кирди деган ўйда эшикнинг олдида узоқ пойлаб ўтирди. Қуёш ботди ҳамки, бола чиқмади. Ҳожи аста эшикни очиб кирди. Болани пастдан тополмай, оёғининг учида юриб иккинчи қаватга чиқаетган эди, кимдир зинанинг устидаги чироғини ёқиб юборди. Ҳожи бир чўчиб тушди ва юқорига қаради. Юқорида ўзига маълум Орзиқул турар эди. Ҳожи уни қаердадир қоровуллик қилади деб эшитган, лекин қаерда эканини билмас эди.
— E, ҳа, Орзиқул, — деди, — бу ерда нима қилиб юрибсиз? Шу ердамисиз?
— Ҳа, биз шу ерда, — деди Орзиқул, тўнининг енгини кийиб.— Ўғлимизга шу ердан жой теккан. Сиз нима қилиб юрибсиз?

Ҳожи гангиб қолди. У, «Орзиқулнинг ўғли яхши йигит чиқди, ҳозир битта ўзи ўттиз иккита машинага қарар эмиш» деб эшитган, лекин унинг шундай жойда туришини хаёлига ҳам келтирмаган эди.
— Шунақами, — деди Ҳожи бошқа сўз тополмай, — бу жой ўғлингизга теккан экан-да, мен ўзингизга теккан деб эшитган эдим... Буюрсин... Шундай ўтиб кетаётган эдим, эсимга тушиб қолдингиз, бир кирай дедим, Орзиқул уйида бўлса, қуллуқ бўлсин қилиб чиқай...
— Жуда соз бўпти-да, Ҳожим! Кўп яхши қилибсиз. Қани кирсинлар... Йўқ, йўқ, кавушни ичкарига ечадилар... Заб келибсиз-да. Ўзим ҳам сизни бир айтиб келаман, бирпас гапиришиб ўтирамиз деб юрган эдим.

Орзиқул бу гапни меҳмоннинг кўнглига бўлиб айтмади, ростдан ҳам Ҳожимирсирожнинг бир келишига орзуманд эди. Лекин, ростини айтганда, Ҳожини уйига таклиф қилишдан муроди бирпас гапиришиб ўтириш эмас, унга ўз турмушини кўрсатиш эди. У, уй-жойини, маишатини кўрсатиш би-лан мақтанмоқчи эмас, чунки қўлга киргизган нарсаси ўз қадр-қимматидан юқори бўлган одам мақтанади. У фақат ҳақиқатни айтмоқчи, «чўлоқ чўлоқлигидан, камбағал кам- бағаллигидан норизо бўлса, худонинг қаҳри келадиган» замонда хокисор бўлган одамларнинг ўт кечиб, сув кечиб олиб борган курашлари натижасида турмушлари қандай ўзгарганлигини кўрсатмоқчи, холос. Орзиқул бу ҳақиқатни кўрсатиш билан таъна қилмоқчи ҳам эмас, чунки таъна қилиш— қаттиқ ўпкалаш деган сўз. Ҳожидан нима деб ўпкалайди? «Шунча йил сенинг заводингда ишлаб қорним ҳам тўймади, очдан ҳам ўлмадим; сен мени от қатори кўрар эдинг; тойпахталар остида қолиб қовурғам синганда касалимни маҳалла боққан» деб ўпкалайдими? Ҳожи шундай қилмаслиги ке-рак эмишми? Завод эгаси-я? Лекин Ҳожи ўша вақтда шундай қилмасам бўлар экан, деб ҳозир айтиши мумкин ва айтади ҳам, чунки шу гап билан бировнинг кўнглини юмшатиб бир пиёла чойини ичади.

Орзиқул Ҳожини коридорнинг охиридаги эшикка— ўзининг бўлмасига бошлади. Бу бўлмада балконга чиқиладиган эшикнинг тутқичига илинган аллақандай бир халтадан бўлак ҳамма нарса Ҳожининг кўзига қалбаки кўринди шекилли, бутун жиҳозларни алоҳида-алоҳида кўздан кечирди, ҳатто деворларни чертиб кўрди.

Орзиқулнинг келини Тожихон кирди. У, меҳмон билан кўришиб, нариги уйга таклиф қидди.

Орзиқул Ҳожини ошхо-нага бошлаб чиқди. Ошхонада Мурод харита кўриб ўтирар эди.
— Келдингми, ўғлим, — деди Орзиқул, — мана Ҳожи бобонг ҳам келдилар.

Мурод дарров туриб Ҳожи билан сўрашди ва назокат билан унга жой кўрсатди.
— Келинг, Ҳожи бобо. Кўринмайсиз, келмайсиз...
— Баракалло, ўглим, баракалло,— деди Ҳожи курсига эҳтиёт билан ўтираётиб.— Умрингиз узоқ бўлсин. Кўпдан-кўп хурсанд бўлдим... Ўғил деган шундоқ бўлсин, отасини рози қилсин. Кўп хурсанд бўддим. Хўп... Бу гилам... бу гилам-ни неча пулга олдингиз?
— Eсимда йўқ. Анча бўлди олганимизга.
— Ўтган ҳафта бозорга бир гилам чиқди, гиламмисан гилам эди-да. Бир минг уч юзга савдо қилиб, Қодиралининг ўғлига олиб бердим. Гилам таниган одам икки мингга индамасдан олади.

Шунақа нарсалар керак бўлса менга айтиб қўйинг. Хўш... яшанг, ўғлим, кам бўлманг. Энди Орзиқул оёғини узатиб, баҳазур ёта берса ҳам бўлар экан. Биз бурун замонда шунча давлат билан ҳам бу хилда орзу-ҳавас кўрган эмасмиз. Энди ишламассиз-а, Орзиқул?
— Нега ишламас эканман, қирқтўртинчи мактабда қоровуллик қиламан. Мен ишламасдан туролмайман... ўрганмаганман...
— Ана шу чакки-да, Орзиқул, ана шу чакки! Ношукурчилик...
— Ношукурчилик бўлса ҳам ўрганмаганман.

Мурод кулди:
— Кўрдингизми, ўрганмаганлар! Бу кишини ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳаддим сиғмайди.

Тожихон овқат келтириб қўйди. Овқат вақтида Ҳожи ҳеч кимга сўз навбати бермай, бурунги замонни ёмонлаб кетди. Маълум бўлишича, бурун замонда, завод эгаси бўлишига қарамай, у ҳам жабр кўрган экан: уезд ҳокими «акангизни мингбоши қиламан» деб уч минг йигирма етти сўм пулини еб, сайловда дегрезлик Исомиддин деган жаллобни сайлаган экан. Тожихон «пиқ» этиб кулиб юборди ва Муродга қаради:
— У қанақа сайлов?— деди.
— Мен қаёқдан билай. Дада, у қанақа сайлов?
Орзиқул анчадан кейин жавоб берди:
— Мингбоши сайлов деб эшитар эдим-ку, ҳеч кўрган эмасман... Қанақа сайлов бўлар эди, мана Ҳожим айтдилар-ку... Оббо хотинталоқ-ей, шунақа қилган денг, Ҳожим!..

Тожихоннинг кулиши, Орзиқулнинг сўзидаги калака оҳанги Ҳожига ёқмади. У, кичкина пичоқчаси билан суяк тозалар экан, сўзни бошқа, буларга хуш келадиган мавзуга буриш ниятида бирдан сўради:
— Ўғлим, — деди, — стахановчилик дейсизлар, бунинг ҳикмати нимада? Жуда кўп нарсаларни ақлим ола бермас эди, энди секин-секин фаҳмлаяпман. Лекин шу стахановчилик ҳеч ақлимга сиғмайдиган иш бўлиб чиқди. Бурунги замонда битта одам, менинг билишимча, жуда нари борса уч ярим пуд пахта терар эди, ҳозир йигирма беш пудга етказиб терар эмиш. Мана, сиз, битта ўзингиз ўттиз иккита машинага қарар эмишсиз...

Мурод мийиғида кулиб, Тожихонга қаради:
— Тожихон, сиз айтинг, нима учун ҳозирги одамлар Ҳожи бобонинг ақлларига сиғмайдиган ишларни қилишади? Айтинг, сиз ҳам стахановчи-ку.

Тожихон жавобга лаб очганида эшик тақиллади-ю, ту-риб кетди. Жавобни Муроджон ўзи берди:
— Стахановчиликнинг ҳикмати шундаки, ҳожи бобо... ўзимизда бир мақол бор-ку: «Бировнинг ишига саратонда қўл совқотади». Стахановчиликнинг ҳикмати ҳаммадан бурун шундақа, мен бошқарадиган ўттиз иккита машина ҳам, бу машиналар билан килинадиган иш ҳам бировники эмас. Бу— бир...

Eшикни тақиллатган Ўлмас экан, йўлақда онасига нима тўғридадир қувона-қувона сўзлаётган товуши эшитилди. У, шу қувончини отасига ҳам айтиш учун бўлса керак, шошилиб кирган эди, не кўзи билан кўрсинки, ҳали автобусда «тарбиясизлик» қилган киши ўтирибди! Ўлмас ихтиёрсиз қулоғини ушлаб, секин ётоққа томон бурилган эди, Мурод тўхтатди:
— Хўш, ўртоқ командир, қанақа кино кўрдингиз?

Болани таниб, Ҳожининг эси чиқиб кетди. «Оббо ҳароми,— деди ичида, — ҳозир арз қилади. Агар арз қилса, чўнта-гимга қўл солди дейман!»
— Ўртоқ командир танкист бўлар эмишлар, - деди Тожихон кулиб. - Учувчи бўлишдан айнибдилар... Ўлмас, меҳмон билан сўрашмайсанми?

Ўлмас сўрашгани қўл узатди. Ҳожи унинг қўлини олар экан, ўрнидан турди:
— Eнди мен кетай, бемаҳалга қолмай, - деди.

У, боланинг шикоят қилишидан ва бунинг натижасида ўнғайсиз аҳводда қолишидан қўрқмаса ҳам бўлар эди, чун-ки Ўлмас ҳеч шикоят қилиб ўрганган бола эмас. Орзиқул уни пастгача кузатиб хайрлашди. Ҳожи кўчанинг у юзига ўтиб, битта-битта қадам ташлаб борар экан, ўйлар эди: «Машина ҳам, бу машиналар билан қилинадиган иш ҳам ўзингники... танкист... танк ҳам ўзингники! Йиллар, йиллар ўтди! Ўтган бу йиллар дунёни остин-устун қилди!..»
<p align=«right»>1939

Айб Кимда

Ҳамроев кечки овқатдан кейин бирпас чўзилмоқчи бўлган эди, тўғри келмади: нариги уй тўполон— болалар бир-би-рини ёстиқбилан уриб ўйнаётибди; соат саккиз яримда мажлисга бориш ҳам керак. Кеча Ҳамдам ота-оналар мажлиси бўлиши тўғрисида мактабидан қоғоз олиб келган.

Ҳамроев ҳеч қачон мажлисга борган эмас, аммо фурсати бўлганда бир тайёрланиб бормоқчи ва бола тарбиялашни бил-маган ёки бу ишга совуқ қараган ўқитувчиларни уялтирмоқчи эди. Бу ният унинг хотини Собирахонга жуда маъқул бўлди.
— Гапиринг, изза қилинг! Болалар мактабда ўқиб қайта бевош бўлиб кетяпти. Сиз уйда йўқ вақтларда Ҳамдамингизнинг дастидан менга кун йўқ. Илгарилар уриб енгар эдим, энди урай десам, қочиб томга чиқиб кетади, томда туриб менга тилини кўрсатади.

Ҳамроев қўйин дафтарига нималарнидир ёзди.
— Хўш, тағин нималар қилади?
— Тагин... урсам «барибир оғримайди» деб хир-хир кулади... Ҳа, айтганча, бир йилдан бери бирон марта «ая» дега-нини эшитганим йўқ, ҳамиша «Турондот» дейди.

Ҳамроев кулиб юборди. Бу лақабни Собирахонга ўтган йили байрамда бировникига меҳмон бўлиб боришганида ўзи қўйган ва шу билан ҳаммани кулдирган эди.
— «Турондот» дейдими-а? Лекин буни мажлисда гапириб бўлмайди, чунки... лекин бир томондан гапирилса ҳам бўлади, бола деган катталарнинг гапини гапирмаслиги керак.
— Албатта! Мактабда шунақа нарсаларни ўргатмаса нимани ўргатади? Қуруқ илм билан бола бола бўлар эканми?

Ҳамроев Собирахоннинг шикоятларини, газеталарда ўқиган, одамлардан эшитган тарбияга доир гапларни ёзиб қўйин дафтарини тўлдирди, кейин буларнинг ҳаммасидан хулоса чиқарди:
— Мен бирон қоғозга ўқимасдан қўл қўйсам, сен бирон кўйлакнинг ёқасини қийшиқ қадаб қўйсанг, ишга совуққонлик билан қараганимиз учун жавобгар бўламиз, нима учун бола тарбиясига совуққонлик билан қараган ўқитувчига қонун йўқ, қани, чақир бу ёққа Ҳамдамни! Нариги уйдан, увадаси чиқиб кетган ёстиқни кўтариб, Ҳамдам чиқди.
— Ўтир, бу ёққа! Хўш, сен нима учун кўча болаларига ўхшаб ахлоқсизлик қиласан!

Ҳамдам ёстиқни курсига қўйиб устига ўтирди ва онасига қаради.
— Нима қилдим?
— Мен сўраётибман, менга қара! Нима қилганингаи билмайсанми? Нима учун ойинг урганда... хайр, бу ҳам майли. Нима учун ойингни «ая» демай... йўқ, нима учун томда туриб, аянгга... умуман, томларда юрар эмишсан, ер кўтармайдими? Мактабда сенга шуни таълим берадими? Қани дафтарларинг?

Ҳамдам аясига қаради.
— Қачон мен томда юрибман?
— Йўқ, томни қўй, менга дафтарларингни кўрсат! Бу йил ўқиш бошлангандан бери нечта «аъло» баҳо олдинг?
— Битта ҳам... ёмон баҳо олганим йўқ. Мана...

Ҳамроев дафтарларини варақлай бошлади.
— Хўп, ҳозир кўрамиз... «яхши»... «ўрта»... «ўрта»... Қани «аъло»? Русчадан нима учун «яхши»?
— Аъло ўқисам ҳам ўқитувчимиз «яхши» қўяди, «аъло»дан «яхши» яхши дейди.
— Ҳа-ҳа! Ҳали сиз ёлғон гапиришни ҳам биласизми?! Қани, берироқ кел, кўзимга қара! «Яхши» яхши дейдими?

Ҳамдам ёлғон гапиришнинг бундай оқибатини умрида биринчи кўриши эди, йиғлаб юборди.
— Менга қара дейман! Ким ўргатди сенга ёлғон гапиришни? Қайси домланг?

Собирахон аралашди:
— Қўйинг энди, минбаъд ёлғон гапирмайди. Вой, тавба, русчадан нега «яхши», балодай гапиради шекилли-ку!

Ҳамроев Ҳамдамнинг қулоғидан чўзиб, ўзига қаратди.
— Тағин ёлғон гапирасанми? Бундан кейин ёлғон гапирадиган бўлсанг, билиб қўй, мен ойингга ўхшаб оғримайдиган қилиб урмайман-а!.. Шу ёлғон гапингдан кейин русчадан «яхши» олганингга ҳам ишонмайман. Қани, хўш, масалан, чойнакнинг қопқоғини русча нима дейди? Самоварнинг жўмрагини нима дейди?

Ҳамдам икковини ҳам билмади ва йиғлаганича нарига уйга кириб кетди. Ҳамроев қўйин дафтарини олиб нималарнидир ўчирди, яна нималарнидир ёзди.
— Йўқ,— деди дафтарини чўнтагига солиб,— бу ишга жиддий қараш керак. Шундай бўлгандан кейин мажлисга жиддий тайёргарлик кўриб борилмаса бўлмайди. Тарбияга доир китоб кўп.
— Соат саккиз бўлди,- деди Собирахон.

Ҳамроев ўйланиб қолди: борса, албатта гапириши керак, гапирмайдиган бўлса боришнинг кераги йўқ. Сўзга чиққанда гапни нимадан бошлайди, нима тўғрида гапиради ва қандай хулоса чиқаради.
—Йўқ, бу хилда боришдан фойда йўқ, Турондот,— деди,— бу сафарча сиз боринг. Мен янаги сафар жиддий тайёрлик кўриб бораман.
— Қўйсангиз-чи! Умримда бормаган жойимга қанақа қилиб бораман. Менинг боришимдан нима фойда?
— Фойда бўлмаса зиён ҳам йўқ-ку!

Eр-хотин фойда-зиён тўғрисида тортишиб соатни саккиз ярим қилишди. Ҳамдам чиқди.
— Нима қилиб ўтирибсизлар? Директор жуда тайинлаган эди, хатни топширмагандирсан деб эртага мени уришади.
— Ойинг бормайди, боришидан фойда ҳам йўқ, мен янаги сафар бораман.
— Мудир сўраса шунақа дейманми?
— Нега? Кап-катта бўлиб шунга ҳам важ тополмайсан-ми? Дадам ишдан кеч келди, ойим бетоб ётибди дегин!

Ҳамдам дадасига қараганича узоқтуриб қолди. У, эртага худди шундай дейди.

<p align=«right»>1940

Хотинлар

Асқар ота инқилоб учун қурол кўтарган ўзбек аёллари-дан Маърифатхон воқеасини эшитганидан бери унинг қабрини зиёрат қилиш ниятида юрган эди. Қиш кунларининг бирида қулай пайт келди: бир неча овчи ўша томонга— дарё бўйига овга чиқадиган бўлиб қодди. Асқар ота шуларга қўшилди.

Милтиқлар тахт, отлар тайёр, лекин кимнингдир қуш олиб келишини кутишар эди. Асқар ота кўзига ювошроқ кўринган бир отни синамоқчи бўлиб минган эди, от анҳорга интилди. Шу онда майин бир товуш:
— Отажон, суғорманг!— деди.

Асқар ота отнинг бошини тортиб, орқага қаради. Пахталик нимча, қўпол ағдарма этик кийган ёшгина бир жувон турар эди.
— Йўқ, қизим, суғормоқчи эмасман. Бу отларнинг ичида ювошроғи қайси?
— Ювошроғими? Менинг отимни мина қолинг.
— Ўзинг-чи?
— Менга барибир.

Бу гап Асқар отага, умрида бир марта от миниб, ўзини зўр чавандоз ҳисоблаган ёш боланинг қўрслигидай туюлди.

Қушга кетган киши қушни олиб келди. Овчилар отланишди. Асқар ота жувоннинг отини минтани иккиланиб турган эди, ўзи жиловидан ушлаб:
— Мининг, ота!— деди.

Асқар ота ноилож минди. Жувон саройга кириб кўк той миниб чиқди. Той унинг остида гижинглар, ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлар эди. Буни кўриб Асқар отанинг кайфи учиб кетди.
— Қизим, бўлак от йўқ эканми?
— Нима эди?
— Бу отинг... овга ярамайди.
— Мен овга бормайман, отажон, иккинчи МТС га кетяпман. Жувон тойни бемалол енгиб кетаётган бўлса ҳам қишлоқдан чиққунча Асқар ота жуда толиқиб кетди, чунки той ҳар ўйноклаганда энтикиб нафаси ичига тушиб кетар эди. Жувон буни пайқаб бораётган экан:
— Хавотир бўлманг, ота, йикилсам ер кўтаради, - деб кудди.
— Хавотир бўлмайман, қизим, лекин бу отинг гаплашиб кетгани қўймаяпти-да. Алиштириб олсанг гаплашиб, чақчақлашиб кетар эдик.

Овчилар хийла илгарилаб кетди. Жувон тизгинни сал бўшатган эди, шунга маҳтал бўлиб турган той бирданига кўтариб кетди. Асқар ота аввал қўрқди, кейин жувоннинг от чопишини кўриб шунчалик завқи келдики, отига устма-уст қамчи босганини ўзи ҳам билмай қолди. Жувон саман от миниб уни кутиб турар эди.
— Отга жуда эпчил экансан-ку, қизим! Баракалла-е... Колхозда нима иш қиласан?
— МТС да тракторчиман.

Асқар ота уни бошдан-оёқ кузатиб чиқди. Жўнашди. Иккала от бир қиёмда, баравар қадам ташлаб борар эди.
— Отга ҳам ишинг тушиб турадими?
— Ҳозир унча ишим тушмайди.
— Илгари ишинг тушармиди? Куёвинг нима иш қилади?
— У киши ҳам тракторчи эдилар. Ҳозир фронтда.
— Қачон кетган?
— Уруш бошланган кунлари.
— Фарзанд борми?
— Бор. Ўғлим бор. Отни ўрганишимга шу бола сабаб бўлган.
— Бола сабаб бўлган?
— Ҳа. Мен сизга айтсам, отажон, урушдан илгари биздан хомлик ўтган экан: уй қилибмиз, рўзғор қилибмиз; ўртоғим катта-катта топиб келганига, мен яхши-яхши тикканимга, пиширганимга хурсанд бўлиб юра берибмиз. Мен етти йиллик мактабни битирганимдан кейин ўртоғим «бас, камлик қилса кейин ўқийсан» дедилар. Ишламадим ҳам. Шу билан «уй қизи» бўлиб қолавердим. Бунинг оқибати шу бўлдики, уруш бошлангандан кейин тенгқурлари^м жой-жойини топиб олганда мен шошиб қолдим; уларнинг эрлари кўнгилла-ри ўсиб жўнаганда, менинг эрим ўксиб жўнади... Ўртоғим жўнаган куни эртасига кечқурун ҳовлига Комила холам келдилар. Ўзингиз биласиз, у киши фронтга кетган йигитларнинг ҳаммасини ҳам ўз фарзандларидай кўрадилар; ҳол-аҳвол сўрадилар, кейин: «Қани энди, қизим, юртдан қарзингни уз, қўлингдан нима иш келади?» дедилар. Аламимга чидолмай турган эдим. «Уй қизи бўлиб ўтиришдан бошқа ҳамма иш келади!» деб жавоб бердим. Ўғлим олти ярим ойлик эди.

«Ундоқ бўлса, — дедилар, — боланг тўғрисида ташвиш тортма, мен бола боқишни сендан яхши биламан». Орадан бир ҳафта ўтгандан кейин мени МТС га бошлаб бордилар. Шу кишининг укалари бригада механиги эканлар. Шу кишининг қўлларида икки ой жуда қатгиқ ишладим. Ўн беш кунлик синовдан кейин тракторчи номини олдим. Тенгқурларим ичида юзим ёруғ бўдди.

Болага буткул Комила холам қарадилар. Мен кунига бир марта пешинда рўпара келган отни миниб, эмизгани келар эдим. Отни шунда ўрганганман...
— Куёвинг, «камлик қилса, кейин ўқирсан» деб сени қийнаб қўйибди-да!
— Мендан кўра ўзи кўп қийнадди. Уйда ўтиришимга ўрганиб қолган эмасми, кўчага чиқишим соғ тишини суғуриб олгандай бўлди. Шундай бўлишини билар эдим. Бир хатида бундай дебди: «Катта походдан кейин ҳозир дам олиб ўтирибмиз. Жуда чарчаганман. Биласизми, киши чарчаган вақтида кўнгилни ғаш қиладиган хаёлларга боради. Ҳозир соат тўққиздан йигирма минут ўтди. Мен сизга хат ёзиб ўтирибман.

Шу минутда сиз нима қилиб ўтирган экансиз?..» Мен бу гапга унча оғринмадим, эркак киши баъзан шунақа юраги торлик қилади, деб қўя қолдим. Орадан уч кун ўтмай яна хат келди.

«Янги йилга оз қолди, — дебди, — янги йилни қаерда қарши оласиз? Ўртоқларингизни уйга чақирасизми, ўзингиз бирон ерга борасизми? Уйга чақирсангиз Қримдан номингизни ёздириб келган пиёламда ўзингиз чой ичинг!» Мен бунга кисқача жавоб ёзиб, «Янги йил сиз эсон-омон келган куни киради» дедим. Бу хатим бориб етмасдан тағин хат келди: «Янги йил кечаси тушимга кирдингиз: кимнингдир айвонида биров билан гаплашиб турибсиз.

Тонг ёришганда уйга қайтиб келдингиз, бетингизни ювмасдан, ухлаб ётган боланинг юзидан ўшшнгиз...» Бу гап жон-жонимдан ўтиб кетди.

Жувон энгашиб отнинг ёлини силади. Унинг ҳаракати, ўпкаси тўлиб, гапдан тўхташ учун баҳона излаётганини кўрсатар эди. Асқар ота буни фаҳмлаб, ўзини билмасликка солди. Жувон анчадан кейин қоматини ростлади ва қор босиб ётган узоқ адирнинг этагида қорайиб турган қишлоқни кўрсатди.
— Иккинчи МТС ҳу ўша ерда. Мен ана у сўқмоқдан юрсам ҳам бўлади. Лекин сизни нарироққача кузатиб, катта йўлдан кета қолай. Айтгандай, овга милтиқсиз боряпсиз-ку, отажон?

Жувон бошда МСТга бораман деганда Асқар ота МТС ни негадир дарё бўйига яқинроқ ерда деб ўйлаган экан, ҳозир ҳайрон бўлиб қолди. У ўзининг ниятини айтиб, агар жувон овга борадиган бўлса, МТС га бирга боришини айтди. Жувон Маърифатхонга жуда ихлосманд экан, бу таклифни дарров қабул қилди. Булар, овчиларга «кетаверинглар» ишорасини қилиб, сўқмоққа бурилишди. Овчилар кўчма қумлар орасига кириб, кўздан йўқолди.

Қишлоқнинг кираверишида талай болалар муз тийған-моқда эди. Булар иккита отлиқни кўриб, йўл бўйига тизилишди. Отлиқлар яқинроқ келганда етти-саккиз ёшлардаги қиз бола бир қўли билан тўннинг устидан иштонини маҳкам ушлаб, уларга қарши югурди.
— Собирахон опа!

Жувон отнинг бошини тортди.
— Опанг ўргилсин! Бери кел, қўлингни бер! - жувон қизни отга миндириб олди.— Вой, музлаб кетибсан-ку! Кимнинг қизисан?
— Бозорвой аканинг... Тоғамнинг байроқларини қачон қайтиб берасиз? Олиб кетгансиз-ку...
— Вой, Нормат аканинг жияни бўласанми? ~ деди жу-вон ва Асқар отага тушунтирди. - Кузги шудгорда кўчма қизил байроқни биз олган эдик, шуни айтаётибди... Тоғанг уйдамилар?
— Тоғам раёнга кетганлар. Укачамга бешик олиб келадилар.

Каттакон бужун остидаги қизил дарвозадан темир бочка юмалатиб чиққан бир мўйсафид қоматини ростлаб буларга бир қаради-да , югурганича кириб кетди. Булар етиб боргунча дарвозадан уч киши чиқди. Булар, кичиги йигирма, каттаси ўттиз ёшлардаги ниҳоятда келишган йигитлар эди. Бу-ларнинг жувонга қилаётган муомаласини кўриб Асқар ота йўл бўйи уни сансираб келганидан қаттиқ хижолат тортди. Йигитлар, кейинчалик келган ҳалиги мўйсафид ҳам, уни шунчалик иззат қилишар эдики, Асқар ота бу жувоннинг оддий тракторчигина эканига шубҳаланиб қолди. Бироқорада ўтган бутун гап ремонт, эҳтиёт қисмлар, бригада, ёнилғи тўғрисида борди ва ҳатто ҳазил, ўрни келиб, қилинган бир-икки аския ҳам шу мавзудан четга чиқмади. Асқар ота эр-каклар қошида кўп муҳтарам хотинларни кўрган, лекин буларнинг кўпчилиги раис, мудир, директор дегандай раҳбарлик ўриндаги хотинлар эди. Бу оддий тракторчи жувонга бўлган эҳтиром уни айрим ўринга қўяр эди. Асқар ота ичида «Eринг ҳалигидай хатлар ёзган бўлса, сени яхши билмас экан; сен ўз қадрингни биласан, ўз қадрини билган хотинга эркак киши ёмон кўз билан қарагани ботинолмайди» деб қўйди; бу гапни ҳозир ўзига айтгиси ва эрининг ўша хатига нима деб жавоб ёзганлигини сўрагиси келар эди.

Бироқ ҳаш-паш дегунча етти-саккиз чокди хотин-халаж тўпланиб бу гапларнинг мавриди бўлмай қолди. Булар Собирахоннинг ёру дўстлари, ўртоқлари эди. Асқар ота бу ҳурматли жувон бошқа хотинлардан рафтори билан ажралиб турар деган бир ўйда эди, бироқ Собирахон ёру дўстлари орасида шуларнинг бири бўлиб қолганини кўриб, ажабланди. Булар кимнингдир уйига киришганда, Собирахон ҳатто тўрга ўтгани ҳам унамади. Бошқалар унча қисташмади ҳам. Тўрга Асқар ота билан ўрта ёшлардаги икки хотинни ўтқазишди. Асқар ота шунча хотиннинг ичида якка ўзи бўлганлигидан нечукдир ўнғайсизланар ва ҳар қайсига алоҳида- алоҳида «яхшимисиз» дер ва дуо қилар эди.

Дераза ёнида турган кимдир:
— Оқсоқол келяпти, — деди.

«Оқсоқол» деганда Асқар отанинг кўз олдига ўз тенгқури бирон мўйсафид келиб, анча енгил тортган эди, эшикдан қирқ ёшлардаги бир хотин кирди. Ҳамма ўрнидан турди. Асқар ота ҳам турмоқчи бўлган эди, оқсоқол етиб келиб елкасидан босди.
— Қимирламанг, отахон! Сиз келганда биз турсак ярашади, биз келганда сиз турсангиз хунук кўринади.

Оқсоқол қишлоқ Кенгашининг раиси эди. У, Собирахон билан қучоқлашиб кўришди, юз-кўзидан ўгош; шу пайт об-рез бўйида пиёз тўғраётган бир қизга кўзи тушиб:
— Баҳри! Ҳу, афтинг қурсин!— деди.

Баҳри, ранги бўзариб, қўлидан пичоқ тушиб кетди.
— Нима қиддим, опажон?
— Дард!

Баҳри кўзи жавдираб ҳаммага бир-бир қаради ва бирдан қизариб, кўзига ёш келди.
— Нима гуноҳқилдим!..
— Нега эрингга хат ёзмайсан?
— Вой бундан бўлак ҳам туҳмат борми? Нега хат ёзмас эканман? Мана, сўранг!
— Хат ёзмаслигингни булар биладими, эринг биладими? Ма, ўқи-чи, хат ёзар экансанми, йўқми?

Хатни Собирахон олиб, кўк қалам билан остига чизил-ган ерини ўқиди:
«... Баҳрихон бир қўй билан бир кўйлаклик атлас муко-фот олган экан. Шуни нима учун олганлигини сўраб икки мартаба хат ёздим, айтмади. Мумкин бўлса, ўртоқ Иброҳимова, шу тўғрида менга ўзингиз маълумот берсангиз...»
— Хўш? - деди оқсоқол.

Баҳри енги билан кўз ёшини артар экан, кулимсиради.
— Хат ёзмайди демабдилар-ку! Шошманг, опажон, мен сизга тушунтириб берай. У киши ўтган йили «Қизил юлдуз» ордени олганларида «орденни нима учун олдингиз?» деб уч марта хат қилдим, учала хатимга ҳам «сени мудофаа қилишда айрим иш кўрсатганим учун олдим» деб жавоб қайтардилар, аниғини ҳеч айтмадилар. Мен ҳам мукофотни нима учун олганлигимни айтмадим, хатларига «сизни эсимдан чиқармаганлигим учун олдим» деб жавоб бердим.

Жиддий гап кулги билан тугаб, оқсоқол уни ноҳақ уришгани учун ўсал бўлди. Асқар ота, Баҳри ҳеч бўлмаса ўзича дўнғиллаб қўяр деб ўйлаган эди, ундоқ қилмади. У, боягидай очилиб, ишини қилаверди. Шундан кейин Асқар ота унга алоҳида эътибор билан разм солган эди, кўзига жуда ёш кўринди.
— Нечага кирдинг, қизим?

Баҳри Асқар отага ер остидан бир қараб, сўнг жавоб берди:
— Ўн саккизга кирсаммикин, кирмасаммикин, деб ўйланиб юрибман.

Оқсоқол, Асқар ота бу саволни нима учун берганини фаҳмлаб, тушунтирди:
— Eринг диймизу, лекин у йигитга ҳали теккан эмас, сўз берган, холос... Урушга кетаётганда нима дегансан, Баҳри?

«Агар сиздан бўлакни десам, душмандан ортган ўқларингиздан бирига кўксим нишона бўлсин». Шундоқдеганмисан?

Баҳри қизариб, жавоб бермади. Асқар отанинг назарида, Баҳрининг бу сўзи гул кўтариб, ашула айтиб оҳ чекиб, зўр келганда ҳатто пича кўз ёши тўкиб арз қилинадиган, лекин анчайин қаршиликка учраса чок-чокидан сўкилиб кетадиган муҳаббатнинг эмас, гулсиз, кўз ёшисиз арз қилинадиган ва қаршиликка учраган сайин камол топадиган муҳаббатнинг ифодаси эди. Биринчи хил муҳаббат тилда, иккинчи хил муҳаббат дилда бўлади. Биринчи хил муҳаббатдан гул билан кўз ёши олиб ташланса, чунончи, парранда муҳаббатидан фарқ қилмайди. Парранда билан инсон орасида қанча фарқ бўлса, биринчи хил муҳаббат билан иккинчи хил муҳаббат орасида ҳам шунча фарқ бор. Асқар ота шу сўзларни кўнглидан ўтказди-ю, Баҳрига нисбатан кўнглида мавж урган меҳрини ифодалайдиган бирон калима ҳам сўз тополмай, фақат:
— Умринг узоқ бўлсин, қизим!— деди.

Уй эгаси дастурхон ёзар экан:
— Умридан шунча узоқ бўлгандан кейин, худо хоҳласа умри узоқ бўлади, - деб сўз ўйини қилди.

Кимдир «пиқ» этиб кулиб юборди. Нима гап эканини англай олмаган Асқар ота ўзидан-ўзи қаттиқ хижолат тортди. Оқсоқол буни фаҳмлаб, тезроқ уни хижолатдан чиқаришга шошилди.
— Қишлоғимизда Умри, Умринисо деган бир хотин бор эди, шуни айтаётибди, — деди.

Асқар ота бу жавобга қаноат қилмай:
— Ким ўзи у, қанақа хотин?— деди.

Унинг саволига оқсоқол ҳам ва бошқа ҳеч ким ҳам жавоб бермади. Оғир жимлик чўкди. Шундай жимлик чўкдики, бу хилдаги жимлик айтгани тил бормайдиган, эслашни кўнгил кўтармайдиган бирон даҳшатли фожиага учраб ҳалок бўлган кишининг номи бехосдан тилга олинган вақтда бўлади. Жимлик узоқ давом этди. Бунинг сирини англай олмаган Асқар ота яна сўз қотгани истиҳола қилди.

Собирахон қўйнидан бир даста қоғоз чиқариб оқсоқолга берди ва секин: — Бўтабой ака раёнга кетган эканлар, шуни бериб қўясиз, — деди.— Биз отам билан дарё бўйига бормоқчимиз.

Бу киши Маърифатхон опанинг қабрини зиёрат қилмоқчи эканлар, бирга бориб келайлик, дедилар. Қайтишда тушолмасмиз...

Маърифатхон номи айтилиши билан суҳбатга яна жон кирди. Аёллардан икки киши булар билан бирга борадиган бўлди. Булардан бири қишлоқ мактабининг қоровули ва фарроши — Қумринисо деган нимжонгина бир хотин, иккин-чиси - фронтча ишлайдиган ёшлар бригадасига яқинда бригадир бўлган йигирма беш ёшлардаги Рисолат деган норғул бир жувон эди. Рисолатнинг эри аскарликка 1942 йилнинг баҳорида кетган ва ўшандан бери гоҳ Ленинободдан, гоҳ Олмаотадан хат ёзар экан.

Жўнагани отланаётган оқсоқол:
— Собирахон, Баҳрини ҳам олиб боринглар, ўйнаб келсин, - деди.

Баҳри боргиси келса ҳам, ниманингдир андишасини қилиб турган экан шекилли, бу гапни эшитиб гўё қанот чиқарди. У, ҳаммадан бурун отланиб, йўлга чиқиб турди.

Жўнашди.

Баҳри хийла олдинда Рисолат билан бирга борар ва отнинг қадам ташлаши мақомига ашула айтар эди.

Асқар ота Собирахон билан Қумринисодан ҳам кейинда, отни ўз майлига қўйиб, хаёл суриб борар эди.

Одамлар шундайки, бор нарса аста-секин йўқолса ҳам пайқайди, лекин йўқ нарса аста-секин пайдо бўлса пайқамайди. Асқар ота ўйлаб қараса, хотинлар суҳбатида сира бўлмаган экан ва бугунги суҳбат кўзини очиб юборибди: кўзини очиб қараса, ўз қишлоғида, бўлак жойларда кўргани, билгани хотинларнинг нимадан иборат эканликларига яхши разм солмаган ва уларнинг камолотини пайқамаган экан. Эндиликда «мунглуғ», «муштипар» сингари сўзлар қовушмай қол-ган, бу хотинлардан ҳеч бири қилаётган ишига, касби-корига сабаби тирикчилик деб қарамайди. Буларда қандайдир бир ички дард бор. Шундай ички дард, кундалик тирикчилик-дан юксакроқ бир сабаб бўлмаса ҳеч қандай қонун, ҳеч қандай шахсий манфаат буларни бу хилда ишлашга мажбур қилолмайди.

Собирахон отининг бошини тортиб:
— Ота, жуда хаёл суриб қолдингиз?— деди.

Асқар ота унга етиб олди.
— Йўқ, қизим, хаёл сураётганим йўқ... ҳали гапимиз чала қолди. Эрингизнинг ўша хатига жавоб қайтардингизми, йўқми?

Собирахон мийиғида кулиб:
— Шунақа, — деди, — «бетингизни ювмасдан ухлаб ётган боланинг бетидан ўпдингиз» дебдилар. Бу гап жон-жонимдан ўтиб кетди. Йиғладим. Ўтириб хат ёздим. Бу билан ҳам аламдан чиқмай, хатни кўтариб Комила холамнинг олдиларига арзга бордим. Ҳамма гапни айтдим, ёзган жавобимни ўқиб бердим. У киши ўртоғимнинг хатини эшитиб кулдилар, менинг жавобимни эшитиб койидилар, «Иссиқ-иссиқ хатлар ёзиб юриб, бирдан совуқ хат ёзсанг кўнгли шамоллаб қолмайдими!» дедилар, хатимни йиртиб ташладилар. Жаҳлимдан тушганимдан кейин бундай танамга ўйлаб қарасам, бечора ўртоғимдан унчалик қаттиқ гина қилишнинг ҳожати йўқ экан... «Уруш деганда бизнинг қулоғимизга гумбурлаган товушлар эшитиладию, кўзимизга қон кўринади; бирон қўрқоқ милтиғини ташлаб қочди деган хабарни эшитсак, «хоин» деймиз қўямиз, лекин у хоинни жанг майдонида ярадор бўлиб ётган ёки олға интилиб, шу пайтда шеригининг ёрдамига муҳтож бўлган жангчининг кўзи билан кўролмаймиз.

Худди шунга ўхшаган «қишлоқ» деган вақтда ўртоғим урушга кетмасидан бурунги қишлоқни кўз олдига келтиради; эрга хиёнат қилишни «кўнгил хушлиги» деб, бузуқликка қадам қўйиш деб билади, лекин жанг майдонида минг бир ажалга чап бериб олға бораётган эрининг юзига оёқ қўйиб «кўнгил хушлиги» қиладиган макиённи бизнинг кўзимиз билан, юрт қайғусида ҳамма нарсани унутган, азоб чекаётган оғир ва жуда оғир меҳнатда тасалли топаётган кишиларнинг кўзи билан кўра олмайди. Кўра олмайди!»

Собирахон «кўра олмайди» деган сўзни писанда қилиб эмас, афсусланиб айтди.
— Сизга ҳали Умри тўғрисида гапиришди, — деди Собирахон сўзида давом этиб, - йўқ, унинг тўғрисида ҳеч ким гапирмади, гапиргиси келмади. Ўрни келмаганда мен ҳам гапирмас эдим. Мен ҳам бу хотиннинг номини яна бир киши эшитишини хоҳламас эдим. Эрим бунақа хотинларни бизнинг кўзимиз билан, ҳеч бўлмаса ана у Баҳрининг кўзи билан кўра олганда, менга бу хилда хатлар ёзмас эди.

Асқар отанинг кутганига қарши Собирахон сўзида давом этмади, афтидан, у хотин ҳақида энди гапирмоқчи эмас эди. У нима тўғридадир ўйлар, ихтиёрсиз бўлса керак, аллақандай ҳазин куйни бурни билан куйлаб борар эди. Асқар ота ўнг томонда бораётган Қумринисога қаради.

Қумринисо бу қарашга ўзича маъно бериб қизаргандай бўлди ва жилмайиб:
— Иши йўқ ит суғоради, отажон, — деди.

Унинг хижолат тортгандай бўлишидан Асқар ота Умрининг бу хотинга бирон яқинлиги бор гумон қилиб:
— Умри сизнинг нимангиз бўлади?— деб сўради.

Кумринисо ялт этиб Асқар отага қаради, бир нима демоқчи бўлиб икки-уч оғиз ростлаганидан кейин:
— Менинг ҳеч нимам бўлмайди, Рисолатдан сўранг, — деди.

Булар гап билан бўлиб, хийла орқада қолиб кетишди.

Рисолат билан Баҳри эса аллақачон юлғунзордан ўтиб, йўл бўйидаги кўчма қумтепада теварак- атрофни томоша қилиб, кутиб туришар эди. Юлғунзордан ўтилгандан сўнг Собирахон от қўйганича қумтепага чиқиб кетди. Бунинг кетидан Асқар ота билан Қумринисо ҳам чиқди. Бу ердан узоқ адир этагида ярқираб турган дарё кўринар, қаердандир ўрдакларнинг ғағиллаши эшитилар эди. Ҳамма жим, теварак-атрофдаги манзаранинг гашти билан маст эди.

Булар қумтепадан тушиб, талай йўл юргунча ҳам жим боришди. Ниҳоят, Асқар ота ҳеч ким гапирмагани, ўзи ҳам бошқа гап тополмагани учун:
— Қизим, Рисолатхон, Умри сизга нима бўлади? – деб сўради.

Рисолат аввал Қумринисога, кейин Собирахонга қара-ди, икковининг ҳам юзида табассум кўриб:
— Менга-ку ҳеч нарса бўлмайди, бир ўзи ҳам Собирахонга, ҳам Қумринисо опамга кундош бўлмоқчи деб эшитганман, — деди.

Аския кетди. Бу аския шундоқ эдики, булар гўё йўлда тушиб ётган бир парча жирканч латтани чўпга илиб, «ма, рўмолчанг» деб бир-бирига отаётир.

Кула-кула ҳамманинг дармони қуригач, Рисолат кулги ёшларини артиб деди:
— Тоза ҳайрон бўларсиз-а, отахон! Бизнинг қишлоқда Ғаффоржон деган, қўй оғзидан чўп олмаган, бунинг устига ҳеч кими йўқ бир йигит бор эди. Уни ҳамма, ҳаммадан кўра ҳам мен яхшироқ билар эдим. Ҳамма билганики, Ғаффоржон бир йилдан ортиқроқ селпога мудир бўлиб турди; мен яхшироқ билганимки, биз ҳаммаҳалла эдик. Шу йигит бирдан уйланиш тараддудига тушдию. бир ҳафтанинг ичида тўй ҳам бўла қолди. Келин «муқоваси» тузуккина, лекин хийла ўзига бино қўйган довруқлик Умри деган бир қиз экан. Булар тўққиз ойга яқин бирга туришган бўлса, шу давр ичида Ғаффоржонни кўрган эркак кишининг ғаши, хотин кишининг раҳми келар эди: хотини ҳар бир оғиз сўзи, ҳар бир босган қадами билан «сенга текканимга шукр қил» деб тургандай бўлар эди. Буни Ғаффоржоннинг ўзи ё пайқамас, ё пайқаса ҳам «нозаниннинг нози» деб билар эди. Шу хилда олти ойча умр қилишгандан кейин нима бўлдию, Ғаффоржон селпонинг мудирлигидан бекор бўлди. Шундан кейин орада ўтган яқин уч ой мобайнида булар икки-уч мартаба қўйди-чиқди бўлишди. Қиз ҳар сафар ўзининг қишлоғи Довруққа кетиб қолар, яна пайдо бўлар эди. Ғаффоржоннинг феъли маълум бўлгани учун кўп киши айбни Умрига қўйиб юрар эди, лекин Ғаффоржон аскарликка кетаётганда Умри шундай дод солдики, «айб Умрида» деганлар тилини тишлаб қолди. Агар муҳаббат шундай кезларда тўкиладиган кўз ёши билан ўлчанса, юзта Ширину юзта Лайлининг муҳаббати буникига урпоқ ҳам бўлмас эди.

«Жудолик» деган сўз бино бўлгандан бери бунақа кўз ёшини кўрмагандир... Ана йиғию мана йиғи!

— Ўзини паровоз тагига ташламоқчи ҳам бўлган, — деди орқада келаётган Баҳри.
— Ҳа, ўзини ўлдирмоқчи ҳам бўлди. Хайр, орадан уч-тўрт ой ўтди. Бир куни мен уйда сал тобим қочиб ётган эдимб бехосдан Умри кириб келди. Эри бор пайтда салом берсангиз, «бекор айтибсан» деганга ўхшаб Алик оладиган одам, жуда ширин сўз бўлиб ҳол-аҳвол сўради, ҳовлимни супуриб берди, ҳатто бошимни уқалаб қўйди. Ичимда «ёлғизлик кор қилибди-да» деб қуя қолдим. Анча гаплашиб ўтирдик. Шундан кейин тез-тез кирадиган бўлди. Мен ҳам ундан хабар олиб турадиган бўлдим. Кисқаси, хийла иноқ бўлиб қолдик. Умри қишлоғимизга келганидан бери биронта ўртоқ орттира олмаганига ҳайрон бўлиб юрар эдим. Иноқ бўлганимиздан кейин бунинг сирини билдим. Унинг учун оламда ўзига тенг одам йўқ, у билган одамлар ё ўзидан паст, ё ўзидан юқори; ўзидан паст одамни оёғи билан кўрсатар, ўзидан юқори одамнинг эса оёғига йиқилар экан. Бирон одамнинг ўзидан паст ё баландлигини эса унинг уйида нечта гилами борлиги ёки неча кишига сўзи ўтиши билан ўлчар экан... Баҳорда дала ишлари жуда қизиб кетдию, мен бир ҳафта уйга келолмадим. Бир ҳафтадан кейин келсам, Умри йўқ— Довруққа кетибди; шу кетганича яқин бир ойдан кейин келди. Қарасам, тўқими ўзгарган: қошларида ўсма кўзларида сурма, икки чаккада гажак, лабида кўк хол… бўйнини дока билан боғлаб олибди. «Нима қилди, томоғинг оғридими?» десам, «ешик қисиб олди» деб хир-хир кулади. Қўлида Ғаффоржондан келган хат бор экан, нима дейишимни билмай, хатни қўлидан олдим. У ҳам индамади, ўқидим. Ўқисам... бечора Ғаффоржон! Шундай хат ёзибди, шундай гапларни ёзибдики, кўзларимга ёш келди... Рисолатнинг кўзига ҳозир ҳам ёш келди.
— Бир жойда нима дебди денг: «Куним битган бўлса-ю, ўқ тегса «Онажон!» деб йиқилармикинман, «Умрихон!» деб йиқилармикинман?»

Асқар ота беихтиёр отига қамчи берди, яна бошини торт^ Унинг кўз ўнгидан бутун олам йўқолиб, фақат икки наг. қолди: қонсираб оқаришган ва ғойибона сўнгги бўса олии чоғланган дудоқ, дока билан боғланган томоқ...

Рисолат давом этди.
— Шундан кейин мен унга рўйхуш бермай юрдим. Шундай бўлса ҳам, ҳали уни баҳона қилиб, ҳали буни баҳона қилиб кириб юрди. Бу хариш отдай мунча менга сурканаверади деб юрсам, бунинг тагида гап бор экан. Унинг зар билан тикилган жуда чиройли бир тўпписи бор эди. Довруққа бир борганимда шу тўппини амакиваччам Аминжоннинг бошида кўриб қолдим. Зимдан суриштирсам, бола бечора ургимчак уяга тушиб қолибди: Умри «мен сени қизлигимда яхши куриб қолганман, қарамаганингдан кейин сенга ўчакишиб эрга теккан эдим, ҳозир эримдан чиққанман», дебди. Аминжон, ўзи ёш бўлса ҳам, жуда пишиқ, оғир, ғайратли бўдганлиги учун колхозга раис қилинган, унинг колхози Довруқда биринчи эди. Мен унга Умри тўғрисида билганларимни зйтдим, сўзимнинг охирида «ўз эрига вафо қилмаган хотиндан вафо кутма» дедим. Шундан кейин у анча вақг Умри билан кўришолмади, чунки йиғим-теримни олганидан кейин Фарҳодга кетиб, қиши билан ўша ерда қолиб кетди. Орада ўтган бу гапни Умрига билдирмай юрдиму, бир куни қийшанглаб кирганида жўрттага «Умрихон, тўй қачон?» деб сўрадим. Умри бир оқарди, бир қизардию мени қучоқлаб йиғлади. «Хўп, ишондим, Аминжонни яхши кўрар экансан, эрингга нима жавоб қиласан?» десам, «бир ярим ойдан бери хат келмайди, барибир яхши кўрмас эдим» деди. «Eрингдан бир ярим ойдан бери хат келмаса ҳам, ҳар қалай, ўлганлиги маълум эмас, эл-юртга нима дейсан?» дедим. Умри менинг бу гапларимни ўзаро маслаҳат деб тушунди, шекилли, югуриб уйидан бир қоғоз олиб чиқди. Бу қоғоз бировнинг номига ёзилган қорахат экан. «Ҳа?» десам, «Шуни ўчириб ўзимнинг номимни ёзсаммикин?» деди.

Асқар ота тўсатдан отнинг бошини тортди, тизгинини ташлаб, иккала қўлини кўтарди.
— Илоҳи омин! - деди. Ҳамма тўхтаб унга қаради. Унинг кўзларидан оппоқ соқолига қатра-қатра ёш томар эди. - Илоҳи омин! Шу аёлнинг кўзи оқиб тушсину, Ғаффоржон соғ-саломат келиб, уни кўча-кўйда етаклаб юрсин. Худоё худовандо, шу ёшга кириб даргоҳингдан ҳеч нарса сураган эмас эдим...

Гапиргани ҳеч кимда мажол йўқ эди. Отлар уз-узидан аста-секин юриб кетди.
— Хўш, ундан кейин нима бўлди? - деди Асқар ота тизгинни қўлига олиб.

Рисолат «гапирайми, йўқми» дегандай ҳаммага бир-бир назар ташлади, ҳеч кимдан садо чиқмагандан сўнг давом этди.
— Менинг, албатта, Аминжон Умрини олигллигига сира кўзим етмас эди. Шундай бўлса ҳам бўйдоқнинг ақли икки кўзида бўлади, деб Умрининг чин башарасини унга кўрсатмоқчи бўлдим.

Бу ёш йигит, дунёда муҳаббатни ҳар қандай қулфга тушадиган калитга айлантириб олган хотинлар ҳам борлигини билиб қўйсин, дедим. «Қорахат тўғрисида ўзи билан маслаҳат қилгин, эринг борлигини яширганинг билан Аминжон билар экан», дедим. Умри унинг Фарҳоддан келишини сабрсизлик билан кутиб юрди, келганини эшитган куниёқ, ўзига оро бериб, йўлга тушди-ю икки кундан кейин лунжини боғлаб келди; гап сўрасам, тишим оғриб қолди, у-бу деб мужмал жавоб берди. Гапнинг мужмаллигидан «ора очиқ бўлибди-да» деб қўя қолдим. Орада нима гап ўтганлигини Аминжон ҳам айтмади. Буни бир неча кундан кейин унинг қалин ўртоғидан эшитдим. Унинг айтишига қараганда, Умри ҳалиги қорахатни кўрсатиб, менга айтган гапини гапирган экан, Аминжон: «Хўп, эрингни ўлдига чиқарасан, унинг ёру дўстлари йиғилади, гап-сўз бўлади, шунда бир чеккада ёлғондан йиғлаб ўтириш қўлингдан келадими?» деб сўрабди. Умри ҳеч пинагини бузмай «Келади!» дебди. Аминжон бу гапни ўртоғига жуда куйиб-пишиб, сўкиниб гапирибди, лекин Умрига нима деганини айтмабди. Лунжига туширган бўлса керак. Ҳар қалай, шундан кейин Умри мени кўрганида кўчанинг у юзига ўтиб кетадиган бўлиб қолди. Шунақа қилиб орадан олти ойча ўтгандан кейин қишлоғимизнинг бошига мусибат тушди. Бир куни кўчада кетаётсам, Умри бир бош узум кўтариб келяпти; мени узоқдан кўриб чақирди, «Мана буни қаранг, мана буни кўринг!» деб бир қоғозни кўрсатди. Қарасам, Ғаффоржон нобуд бўлганлиги тўғрисида унинг номига келган қорахат. Бунга ишонишимни ҳам билмай, ишонмаслигимни ҳам билмай: «Қалбаки эмасми, ўзинг қилганинг йўқми?» деб сўрадим. Қалбаки эмаслигига ишонганимдан кейин: «Хайр, ниятингга етибсан, эрингга ўқ тегиб, ўзи айтгандай «Умрихон» деб йиқилганда сен қаерда, нима қилиб ўтирган эдинг?» дедим.

Умри афтимга қараб безрайиб турибди. «Eринг кетаёт-ганда стантсияда тўккан кўз ёшларингдан пичасини олиб қўймаган экансан-да», дедиму хатни кўтариб колхоз правлениесига бордим. Ўша куни кечқурун катта-кичик йиғлади, йиғи-сиғи бўлди, Умри йўқ, ҳеч ким, бирон киши «Умри қани?» деб сўрамади. Унинг кирдикорини мен биламан, ундан мен жирканаман деб юрсам, бутун қишлоқ билар экан, бутун қишлоқ жирканар экан. Шундан кейин одамларнинг ичидагиси юзига чиқиб, Умри яккамохов бўлиб қолди, орадан кўп ўтмай Довруққа кўчиб кетди; Довруқда ҳам туролмабди, онасидан қолган уйни буздириб, ёғочини сотмоқчи бўлган экан, ҳеч ким олмабди. Бу ёғочлар ҳали-ҳали чириб ётибди. Шу билан Умри беном- нишон йўқолди. Қумринисо сўз қотди:
— Аламон қувган ўғри аламонга қўшилиб, «ушла, ушла!» деб қочгандай, Умри қишлоғимизнинг кўрки бўлган хотин-қизлар тўғрисида ҳар хил бўҳтонлар тарқатар эди.
— Ҳа, одамлар унга қўлини бигиз қилишини билади-да, шунинг учун «бир мен эмас, ана у ҳам, бу ҳам шунақа» дегиси келар эди.
— Олтин ўтда билинади, - деди Собирахон, - уруш тамом ҳам бўлар, ўйин-кулги учун тўпланганимизда бу кунлар эртакдай бўлиб ҳам қолар... Сув кетар тош қолар, ўсма кетар қош қолар.

Қумринисо Собирахонга кўз қисиб:
— Ўйин-кулгимизнинг боши Баҳрихоннинг тўйи бўлади, - деди.

Баҳри лабидаги табассумни яшириш учун бош бармоғи билан бурнини қашлади; сўнгра, гапни чалғитмоқчи бўлиб, ирғайлар, ёввойи жийдалар орасидан оқаришиб кўринаётган дарёни кўрсатиб:
— Ота, дарёни худо яратишга яратиб қўйиб, ўзи ҳам қўрқиб кетгандир-а?— деди.

Асқар ота завқ қилиб кулди.
— Сен ҳали денгизни кўрганинг йўқ, қизим! Худо хоҳласа, куёвинг билан бирга кўрасан.
— Сиз кўрганмисиз, ота?
— Йўқ, кўрганлардан эшитганман. Уруш бўлмаганда кўрар эдим. Сен ҳам кўрар эдинг. Кўп нарсани кўрар эдик. Энди кейинроқ кўрамиз.

Булар юлғун, қамиш, ёввойи жийда, чангал, ирғай ва бошқалардан иборат бўлган тўқайдан чиқиб, каттакон сойликка тушаётганда Собирахон сойликнинг нариги юзидаги тўқайни кўрсатиб:
— Ана, Маърифатхон опам шу ердалар, — деди.

Сойлик дарёнинг баҳорги тошқин вақтидаги изи бўлиб, «Кичик дарё» номини олган, кичик дарё пайдо бўлганда ҳалиги тўқай оролга айланар экан. Қирғоққа яқин ерда тўрт қозиқ устида каттакон бир қайиқ турар эди. Тўқайга яқинлашганда Асқар ота ва ундан кейин бошқалар ҳам отдан тушди, Асқар отанинг назарида бундаги ҳар бир дарахт, ҳар бир бута мотамсаро, баҳорда япроқ чиқарганда ҳам қора япроқ чиқарадиган ва ҳозир «енди келдингизми, Асқар ота» деб тургандай кўринар эди. Булар, отларини пастда қолдириб, катта-кичик харсангларни оралаб ўтган сўқмоқтсан кичикроқ бир майдонга чиқишди. Майдоннинг бир чеккасидаги кекса мажнунтол остида бир-бирига суяб қўйилган иккита қора тоштахта сағана шаклини олиб турар эди. Асқар ота бориб сағананинг бош томонига чўкка тушди ва баланд овоз билан Қуръон ўқиди. Хотинлар оёқ учида бориб майдонча атрофига махсус қўйилган харсангларга ўтиришди. Асқар ота фотиҳа ўқиб бўлгандан сўнг, ўрнидан туриб тошни тавоф қилди. Ўнг томондаги тошга араб алифбесининг қадимги имлосида йирик қилиб «Маърифатхон жаннатмакон» деб ёзилган ва ҳижрий билан «1335» деб таърих қўйилган эди. Ҳар иккала тошда бундан бошқа ҳам араб, лотин ва ҳозирги алиф-беда ёзилган ёзувлар кўп, буларни зиёратчилар пичоқ, тош ва бошқа нарсалар билан кўп машаққат тортиб ёзганликлари кўриниб турар эди. Нўноққина бир рассом ўша вақтда аскарлар кийган қалпоқнинг суратини ҳам солибди:
— Бу ерни ким обод қилган? Бу оғир тошларни ким олиб келган?— деди Асқар ота ва ўзига- ўзи жавоб берди.— Қим олиб келарди? Бу ерга мени ким олиб келди? Шундай одамлар ҳам бўладики, туғилганда ҳеч ким севинмаган бўлса ҳам, ўлганда бутун юрт аза тутади. Қизим, Баҳри, шундақами? Шундоқми, Собирахон?

Оролни Рисолат яхшироқ билар экан, ҳаммани олиб юриб томоша қилдирди. Орол тўрт-тўрт ярим танобча келар эди. Маърифатхон отиб ўлдирган Сангин қўрбошининг гўрини кўришди.

Гўр оролнинг шимол томонида, дарё бурилиб оқадиган ердаги жар ёқасида бўлиб, одамнинг белидан келадиган бир чуқурликдан иборат эди.

Зиёратчилар тўқайдан чиққанда, куни бўйи осмонни қоплаб ётган кул ранг булут кунботиш томонидан ёрилиб, ботиб бораётган қуёшнинг шуласи дарёни қип-қизартиб юборди. Рисолат оловдек ёниб турган уфққа қараб:
— Эртага ҳаво очиқ бўлади, — деди.

Зиёратчилар отланиб жўнашди. Кўчма қумлар орасида буларга овчилар етиб олди. Овчилар жуда хурсанд, ҳар қайсиси бир нечадан қуён, ўрдак олиб бормоқда эди.

Чорраҳада Рисолат, Баҳри ва Қумринисо улар билан хайр-лашди. Асқар ота ҳар қайсисининг пешонасидан ўпиб дуо қилди.

Қишлоққа қоронғи тушганда етиб келишди. Собирахон овчилар инъом қилган икки қуён ва уч ўрдақдан бир қуён ва икки ўрдакни Асқар отага берди. Асқар ота Собирахон ва овчиларга миннатдорлик билдириб жўнади.

<p align=«right»>1944

Каравот

Ғанижоннинг хотини туғмай юриб-юриб бирданига қўчқордай ўғил туғиб берди.

Ғанижон хотини ҳомиладор бўлганда ҳам, болани кўтариб юрганда ҳам, ой-куни яқинлашиб қолганда ҳам бунга қишлоқда ҳар куни, ҳар ерда бўлаётган ва бўладиган ҳодиса деб қараган эди. Бироқ боланинг ер юзига тушуви унинг учун ҳеч қачон, ҳеч ерда кўрилмаган ва кўрилмайдиган ҳодисадай туюлди; назарида бутун қишлоқ кўпдан бери шу кунга маҳтал бўлиб, ҳозир фақат шу тўғрида гапираётгандай, ҳар бир суюнчи олиб келган ва ҳар бир «қуллуқ бўлсин» деган киши шуни тасдиқ қилаётгандай бўлар эди. У «дадаси» деган сўзни биринчи марта эшитганида бу сўз қаеринидир қитиқлади, қаеригадир иссиққина тегаб, бутун вужуди яйраб кетди.

Мана шу Ғанижон ўғилчасига каравот олгани раён марказига борди, кўзига энг чиройли кўринган каравотчани олди ва отига ўнгариб қайтиб келмоқда эди.

Йўл бўйидаги ариқлар афти буришганича музлаб қолган, дарахтлар чўлтоқ суггургига ўхшайди.

Ҳаво, куни бўйи зўр бериб лоақал тўрттагина қор ташламаганидан хуноб бўлгандай, қовоғи солиқ. Шунинг учун, ҳали кун ботмагани ҳолда, қош қорайган. Қисқаси, кишининг баҳрини очадиган ҳеч нарса йўқ. Шундай бўлса ҳам, Ғанижон гашт қилиб, отнинг оёқ ташлаши ва сувлуқнинг шиқиллаши мақомига ашула айтиб борар эди:

Ҳой-ҳой, менинг ёримсан,
Танимдаги жонимсан,
Қоронғу кечаларда
Ёндирган чироғимсан...

Пахтаобод қишлоғининг чиқаверишида йўл бўйида ўтирган кимдир қўлини кўтариб Ғанижонга бир нима деди. Шу онда орқадан гуриллаб автомобил келиб қолдию, Ғанижон унинг нима деганини эшитмади. От автомобилдан ҳуркиб, хийла ергача суриб кетди. Ғанижон қайтиб келгани эриндию, кета берди. Бирон километр йўл босганидан кейин, шу яқин ўртадан милтиқ товуши чиқди. Тепаликдаги бақатеракдан гурр этиб кўтарилган бир тўп қарға «қа-қуғ» деганича ҳар томонга учиб кетди. Қарғаларнинг қағиллаши Ғанижонга совуқни ва йўл бўйида ўтириб қўлини кўтарган ҳалиги кишини эслатди. Ким экан у, шу совуқда кўчада ўтирган? Нега қўлини кўтардию, нима деди? Бемаҳалда йўлга чиққан бирон йўловчи экану, «отингга мингаштириб ол» дедимикин? Ундай бўлса, нега ўрнидан турмади?

Ғанижон беихтиёр орқасига қарадию, яна йўлида давом этди; бирон ашула бошламоқчи бўлган эди, йўл бўйида ўтирган киши сира назаридан кетмай, ҳеч нарса эсига келмади.

Нега йўл бўйида ўтирибди? «Мингаштириб ол» демоқчи бўлса, нега ўрнидан турмади? Ё касалмикин? Агар шундай бўлса, яхши бўлмади. Ҳали ҳам қайтиш керак. Бордию, аскарликдан бўшаб келаётган бирон инвалид бўлса-чи?

Ғанижон дарҳол отининг бошини буриб орқага чопди; ўша одам ўтирган жойни тусмол билан топди. Бу ерда ҳеч ким йўқ эди. Товуш чиқарди. Ҳеч ким жавоб бермади. Шу атрофни кўп қидирди, тополмади. Негадир «ўша одам албатта инвалид» деган фикрга келди. Назарида, у оқсоқланиб, қишлоққа кириб бораётгандай бўлди. От қўйиб қишлоққа кирди. Бир неча кишини тўхтатиб сўради. Ҳеч ким «ўша одам мен» ёки «шундай одамни кўрдим» демади. Ғанижон «пиёда жўнаган экан, кўрмабман» деган гумон билан орқага қайтди; яқин икки километр ергача йўлнинг икки томонини синчиклаб кўздан кечириб от чопди; яна қайтди...

Шундай қилиб, Ғанижон уйига ярим кечаси кедди. Унинг авзойи шундай эдики, хотини қўлидаги чиройли каравотчага ҳам қарамай:
— Вой ўлай, нима бўлди?— деди.
— Ҳеч... чарчадим, — деди Ғанижон, лекин бўлган воқеани хотинига айтгани уялди.

Бир уйқуни олиб турган хотини яна уйқуга кетди ҳамки, Ғанижон киприк қоқмади. У кўзини юмиши билан шинел кийган оқсоқ киши кўз олдига келар, рўпарасида қўлтиқтаёққа таяниб туриб «ҳали шуми меҳри оқибат» деяётгандай бўлар эди. Ғанижон тамаки чеккани туриб, токчадаги патнисни тушириб юборди. Хотини уйғонди.
— Ҳа, нима қилиб юрибсиз? Чироғни кўтарсангиз-чи!— Тамаки қаерда?
— Нима қиласиз?
— Миниб бозорга бориб келаман! Тамакини нима қилади киши? Чекади-да! - деди Ғанижон бўғилиб.
— Ҳа, мунча... кечаси тамаки чекадиган одатингиз йўқ эди, шунга сўрадим.

Eрини ҳеч қачон бундай кайфиятда кўрмагани, ундан сира дағал сўз эшитмагани учун хотинининг кўнглига ғул-ғула тушди, ўрнидан туриб ёнбошлади.
— Бирон жойингиз оғрияптими?
— Йўқ.

Ғанижон тамаки чеқди ва келиб чўзилди. Хотини унинг бошини силади.
— Биров хафа қилдими?
— Йўқ.

Хотини бир оз туриб яна сўради:
— Нега бемаҳалга қолдингиз?
— Йўлда иш чиқиб қолди.
— Нима иш? Нима бўлди? Айтинг, ўргулиб кетай... Менга айтмасангиз кимга айтасиз...

Ғанижон, хотини жуда катта ташвишда қолганини пайқаб, гапнинг учини чиқарди.
— Келаётсам, йўл бўйида биров ўтирган экан, қўлини кўтариб «жон ака, мени мингаштириб олинт» дегандай бўлди.
— Ким экан у?
— Ўрнидан турмади. Шундан гумон қилдимки, аскарликдан бўшаб келаётган бирон инвалидми... Инвалид эканлиги аниқ!
— Дарров мингаштириб олмадингизми?
— От, ҳаром ўлгур, суриб кетиб қодди. Қайтиб бориб тополмадим. Чақирдим, у ёқ-бу ёқни қидирдим. Ўтирган жойини отдан тушиб қарамабман, шунга кўнглим ғаш бўлаётибди. Яраси ёмонроқ бўлса, кўнгли озиб, ўша ерда ётиб қолдими...
— Унчалик эмасдир... Аввали шуки, аскарликдан бўшаб келган киши йўл бўйида «ким ўтар экан» деб ўтирмайди, уларга от-арава, машина ҳаммавақт тайёр, ҳаммавақт топилади.

Хотини бу гапни Ғанижонга тасалли бериш учун бошлаган эди, бироқ унга тасалли беришдан бурунроқ ўзининг кўнглига ғашлик тушди. Унинг назарида, ўша одам ҳақиқатан инвалид бўлиб, яраси очилганлиги орқасида кўнгли озган, ҳозир ҳушига келиб, ариқ бўйида инқиллаб ётгандай бўлди.
— Ўтирган жойини қарамадингизми?
— Қарадим, лекин отдан тушиб қараганим йўқ. Қоронғи эди.
— Вой, одам ҳам шунчалик беғам бўладими? Отдан тушиб пайпаслаб қарамайсизми! Энди нима бўлди! Ғанижон ирғиб ўрнидан турди.
— Бориб келсаммикин?
— Шу вақтгача ётармиди?
— У-ку ётмас, биров олиб кетар, лекин бу аҳволда биз ётолмаймиз-да!

Ғанижон дарров кийиниб чиқди ва бориб колхоз отбоқари Насибалини уйғотди. Насибали маст уйқуда ётган экан, малол келиб гаплашди.
— Қаёққа борасиз шу маҳалда?

Гапни чўзмаслик учун Ғанижон ёлғон гапирди:
— Амакимнинг ўғли аскарликдан бўшаб келибди, шуни кўриб келаман.

Насибали дарров отхонага кириб, битта отни етаклаб чиқди.
— От минганда одам орқа-олдига қараб юради, — деди қоринбоғини тортаётиб, — ҳали сал бўлмаса автомобил уриб кетаёзди.
— Қачон?
— Ҳали-чи, ҳали! Пахтаободдан чиқаверишда!
— Қўл кўтарган сизмидингиз! У ерда нима қилиб ўтирган эдингиз?
— Арпага борган эдим.
— E, саломат бўлинг! Бўлди, от керак эмас!

Насибали ҳайрон бўлганича қолаверди. Ғанижон югурганича уйига келди ва эшикдан шовқин солиб кирди:
— Насибали экан! Насибали!

Бола эмизиб ўтирган хотин ўрнидан туриб беихтиёр:
— Вой, ўлсин?— деди.

Бирпасдан кейин эр-хотин можарони унутишди. Ғанижон каравотнинг бир томонини кўтариб:
— Бу каравотни кўрдингми? Каравот олиш мана бундоқ бўлади. Туғишни сенга-ю, каравот олишни менга чиқарган!— деди.

Eр-хотин хотиржам бўлиб уйқуга кетишди.

<p align=«right»>1945

Картина

Қиём пайтида «Пахтакор» колхозининг правлениеси олдига қўнғизнусха бир автомобил келиб тўхтади. Бу автомобил раёндан, шаҳардан тез-тез келиб турадиган автомобилларга сира ўхшамагани учун оқсоқ қоровул ундан кўзини олмай, қўлтиқтаёғини тўқиллатганича зинадан тушдию, унга яқин боришини ҳам, бормаслигини ҳам билмай анҳор кўпригидан берида тўхтаб қолди. Автомобилнинг кетидан эргашган чанг унинг устидан, ён-веридан елиб-буралиб ўтиб босилгач, эшик очилиб ундан икки киши тушди: бири— новча, озғин, катак кўйлак ва почаси бўғма жигар ранг шим кийган ўрта ёшлардаги бир киши; иккинчиси— қора сочи қулоқ ва бўйинларини босиб кетган, жужунча кител ва амиркон туфли кийган пакана бир йигит эди. Йигит кўприкка томон бир-икки қадам босдию, бармоғи билан имлаб, қоровулни чақирди.
— Мумкинми?.. Раис қаерда?
— Салом, келсинлар... Мажид акам даладалар.

Йигит, гап сўрашдан олдин салом бермаганидан хижолат тортди шекилли, ўнғайсизланиб, қаншарини қашлади.
— Партия ташкилотчиси қаерда?
— Ўртоқ Ҳатамовами? У киши ҳам далада.
— Телефон йўқми?
— Йўқ ҳисоби, яхши юрмайди... Қани, бу ёққа... Ким керак бўлса, ҳозир хабар қиламиз.

Пахтачилик институтданмисизлар?
— Йўқ.

Меҳмонлар кўприкдан ўтишди, лекин қоровулнинг қисташига қарамай, ичкарига киришмади.

Қоровул кўчанинг у юзига ўтиб қаергадир кириб чиқди, кимнидир чақирди, ким биландир гаплашди. У қайтиб келганда новча киши иморатга узоқдан кўзини гоҳ қисиб, гоҳ катта очиб қарар: пакана йигит унинг колонна ва деворларига чертиб, дераза ва эшикларининг бўёғини тирнаб ҳидлаб кўрар; иккови бир-бирига қараб дам-бадам «Типик, типик!» деб қўяр эди.
— Бу иморат қачон солинган? - деди пакана йигит.
— Уруш бошланган йили пойдевор қўйган эдик, уруш даврида битиришибди.
— Сиз йўқмидингиз? Урушдамидингиз? Оёқни қаерга қўйиб келдингиз?
— Оёқни Қримга қўйиб келдик.

Хаял ўтмай партия ташкилотчиси Ҳатамова келди. У, ўзи ёш бўлса ҳам, сочига оқ оралаган, оддий колхозчи хотинлардан эди; меҳмонларни хотинларга хос мулозамат ва ширин сўзлик билан кабинетига таклиф қилди. Меҳмонларни у ҳам пахтачилик институтидан деб ўйлаган эди, бироқ новча кишининг почаси бўғма шимини кўриб иккиланди шекилли, нима дейишини билмай қолди.

Меҳмонлар бир-бирини таништирди.
— Ёш шоирларимиздан Қувватбек, — деди новча киши.
— Ёш режиссёрларимиздан Ғаниев, — деди пакана йигит.

Ҳатамова мамнуниятдан қизариб, таъзим қилди.
— Қадамларингизга ҳасанот! Шоирларимиз, санъатчиларимиз мана шундоқ йўқлаб келишса, қандоқяхши! Китобга, санъатга колхозчиларимизнинг ҳаваси зўр. Ўзимиздан чиққан шоирлар ҳам бор. Миллий музика тўгарагимиз яна ишга тушди. Уруш даврида ётиб қолган эди.

Лекин ҳаммаси ҳам ҳали уста кўрмаган шогирд. Иккита шоиримиз бор, лекин раён газетаси икковини ҳам тан олмайди: шеър юборишса, нуқул «хабар ёзинг» деб жавоб келади. Янаги йилга кичикроқ бўлса ҳам саҳна қуриш ниятимиз бор. Клубимиз торлик қилади... Заб келибсизлар-да! Раҳмат! Ҳосилот, ундан кейин раис келди. Бир неча киши эшикдан бошини тиқиб қаради. Йўлакда кимдир «Академиядан», деди.
— Бизнинг бу ерга келишимиздан мақсадимиз, — деди режиссёр бир лаҳза жимликдан кейин, — биз ўз олдимизга жуда муҳим бир вазифа қўйганмиз. Бу вазифани бажаришда сизларнинг ёрдамларингизга муҳтожмиз. Аввало шуни айтиш керакки,«Пахтакор» колхози раёнда ҳар жиҳатдан типик колхоз. Биз мана шу колхоз ҳаётидан нафис филм, яъни картина яратмоқчимиз.

Раис ўтирган ерида қоматини кўтарди, узун мўйловини бураб, илжайди.
— Колхозимиз картинага арзийдиган бўлса хурсандмиз...
— Биз ҳозир сизларнинг вақтларингизни олмаймиз, — деди шоир. — Сизлар билан гаплашадиган гапимизни кечқурунга қўямиз. Кечгача биз колхознинг у ёқ-бу ёғини кўриб, танишиб чиқишимиз керак. Бизга ҳозир битта етакчи берсаларинг, бас.

Етакчиликка бояги оқсоқ қоровул мувофиқ кўрилди.

Правлениедан чиқишди. Қоровул меҳмонларни правлениенинг кун юриш томонидаги кўчага бошлади. Бу кўчада қулаган ва қулай деб турган деворлар, паст-баланд ва қийшиқ уйлар орасида режа билан солинган чиройли оқ иморатлар учрар эди.
— Янги қишлоқ энди кўкариб келаётган эди, — деди қоровул меҳмонларни олдига ўтказиб,— уруш чатоқ қилди. Уруш бўлмаганда, мана бу қалдирғочнинг уясига ўхшаган уйлардан, мана бу бўйинчага ўхшаган эшиклардан ном-нишон қолмас эди. Картинанинг бирон жойига шуни ҳам қистириб ўтинглар.

Кўпдан бери шикаст-рехти тузатилмаган мактаб биносининг олдидаги боғчани кесиб ўтиб, тош йўлга чиқишди. Йўлнинг икки томонидаги қатор тераклар орасидан унда-бунда тахланиб ётган ёғоч, хом ва пишиқ ғишт, бўйра ва бошқа бинокорлик материаллари кўринар, буларнинг орасида одамлар ивирсиб юрар, аллақаерда арра товуши эшитилар эди.
— Бинокорлик бригадамиз, — деди қоровул, сўнгра меҳмонларни йўлнинг охиридаги яшил дарвозага бошлаб кирди, — бу колхознинг боғи.

Дарвозанинг рўпарасидаги хиёбоннинг у боши кўринмас эди. Ёнбош хиёбонларнинг биридан оқхалат кийган нозиккина, икки бети қип-қизил бир жувон чиқиб қолди. Қоровул уни меҳмонларга таништирди. Жувон болалар боғчасининг мураббияси экан.
— Боғчангизни кўрсак мумкинми?— деди шоир шошиб.

Худди шу саволни, худди шундай шошиб, режиссёр ҳам берди.

Жувон бошини бир томонга кийшайтириб жилмайди; қоп-қора ва ингичка қошлари билинар-билинмас чимирилди-да, эркалаб-ўпкалаб турган лаби қимирлаб, майин товуш эшитилди:
— Кечирасизлар, болалар ҳозир уйқуда, у томонга ҳеч кимни ўтказишмайди...— деди.

Йўлда давом этишди. Режиссёр, негадир, жадаллаганича илгарилаб кетди. Шоир қоқиниб йиқилаёзди ва қоқинганига сабаб эс-ҳуши боғчада эканини кўрсатиш учун энгашиб қайта-қайта ўша томонга қаради. Хиёбоннинг у бошида нақшдор ҳаво ранг баланд айвоннинг бир чеккаси кўриниб турар эди.
— Ғаниев, — деди шоир, — боғчани кўринг! Бизнинг болалигимиз ота-онамизга хўп ҳам арзон тушган-да!
Режиссёр жавоб бермади.

Қаердандир пайдо бўлиб қолган мўйсафид боғбон меҳмонлар билан сўрашиб, уларни каттакон ҳовуз бўйидаги ба-ланд, ўзининг айтишича, Москвадаги Қишлоқ хўжалиги кўргазмасида Ўзбекистон павилонини ишлаган усталардан бири солган шийпонга олиб чиқди. Шийпонни ҳақиқатан жуда дидлик одам зўр ҳавас билан солганлиги кўриниб турар эди. Унинг атрофидаги гулзорда ранг-баранг капалаклар, ниначилар қанот қоқар, асаларилар ғўнғиллар, аллақаерда ғуррак ғуриллар эди. Чол шогирди бўлмиш ёшгина, озғин, жуда сертавозе йигитнинг қўлига қошиқдон-саватни бериб, мева-чевага юборди-да, ўзи пойгаҳга чўкка тушиб, меҳмонлар кимлар ва нима учун келганликлари билан иши бўлмай, боғнинг тарихи, бунда қандоқ мевалар борлиги, буларнинг кўчатлари қаерлардан келтирилганлиги, боғни қандай колхозларнинг раислари кўрганлигию, нималар деганлиги тўғрисида сўзлаб кетди. Областнинг ҳар қаеридан келтирилган турли-туман кўчатлар ичида унинг учун энг мўътабари аллақаердан самолётда келтирилган йигирма туп анор бўлиб, унинг ўша ер анори эканлигидан кўра самолётда келтирилганлигини кўпроқ писанда қилар эди.
— Раисимиз жуда ҳафсалали йигит, — деди чол мева тўла саватни шогирдининг қўлидан олаётиб, — ҳамма ишга ҳам шундоқ жон-дили билан киришади. Мана, мана шу анжирнинг кўчатини Оққўрғондан олдириб келди; автомобил берди, уч кун овора бўлиб, ўзим олиб келдим.
— Боғ колхозга қанча даромад беради? - деди режиссёр ҳил-ҳил бўлиб пишган шафтолининг пўстини арчаётиб.
— Ўтган йили бир юз ўн икки минг даромад берди. Гап даромадда эмас, ўғлим, ҳар қанча даромад бўлса пахта бера-ди, ўтган йил пахтадан бир миллион уч юз минг даромад олдик. Боғ яхши-да! Мева-чева... колхознинг кўрки. Уруш йиллари аскар болаларни йўқлаб турдик.

Аскарлардан, командирлардан қанча хат келди-ю! Ҳаммасини раис темир сандиққа солиб қўйган. Кўрсаларинг бўлади. Ленинграддан менинг номимга ҳам бир хат келди. Жуда аломат.

Совғани Тўпанисо олиб борган эди, хатни шундан бериб юборишибди. Аслида, Ленинградга мен борадиган эдим. Тўпанисо «мен бораман» дегандан кейин индамадим. Унинг эри ўша томонларда шаҳид бўлган эди. Бечора жуда яхши хотин. Ҳозир партия ташкилотчимиз... Бормаганим кўнгилга армон бўлди. Борсам, жиянимни кўриб қолармидим.
— Жиянингиз Ленинграддами?
— Ҳа, ўша ерда эди, пароходда хизмат қилар эди, шаҳид бўлди.
— Жиянингиз денгизчимиди?
— Ҳа, Москвага ўқигани борган эди, кейин Ленинградга кетдим, деб хат қилди-ю, икки йилдан кейин кокилли шапка кийиб келди. Қайтишида мени Москвага олиб борган эди.
— Москвага борганмисиз?— деди шоир ва шошиб ёнидан қўйин дафтари билан қалам чиқарди.— Қани, бир бошдан айтиб беринг-чи.
— Менинг Москвага боришим қизиқ бўлди. Эрталаб бориб тушдигу, кечқурун жияним поездга чиқариб қўйди, нимага десангиз, уруш бошланиб қолди. Уруш бўлмаганда кўп жойларни кўрар эдик. Қишлоқ хўжалиги кўргазмасини томоша қилар эдим. Яна кўргазма очилар. Лекин эндиги кўргазмага томоша қилгани эмас, ҳунаримни кўрсатгани бораман. Ғалати пайвандлар қилганман.

Чол ўша пайвандларини кўрсатгани ва умуман, боғни томоша қилдиргани меҳмонларни бошлаб кетди. Боққа мана шу хилда меҳмонлар келганда чол уларга боғнинг таърифини қилмасдан, унинг ҳаммаёғини кўрсатмасдан ва боғ тўғрисида уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитмасдан қўймас эди. Қоровул шуни яхши билганлиги учун бирон икки соатдан кейин қайтиб келмоқчи бўлиб, постига кетди. У икки соатдан кейин қайтиб келганда чол меҳмонларга тутнинг танасини пармалаб ўтказилган узум новдасини кўрсатиб изоҳ берар эди. Унинг сўзига қараганда, узумнинг ҳар боши тўрвадек ва ғужумлари тутнинг донасидек зич бўлиши керак эди. Қоровул яна бир айланиб келганда меҳмонларни етти йиллик мактаб ўқувчиларининг тажриба участкасида кўрди. Чол кулиб-кулиб гап маъқуллар, шоир дафтарчасини тиззасига қўйиб, тез-тез ёзар эди.
— Мулла акалар, бу ердан чиқиб қаерга борамиз? – деди қоровул.

Режиссёр кулиб жавоб берди:
— Дармонимиз етса, электростантсияга борамиз-да.
— Отам сизларни чарчатиб қўймадиларми? Бу киши шунақа, қўлларига тушган одам боғдан деворларни ушлаб чиқиб кетмаса ҳисоб эмас... Электростантсия ёпиқ-ку. Техник стантсияни қулфлаб ҳаммомга кетибди!
— Биз боргунча келиб қолар.
— Йўқ, келмайди. Ростини айтсам, сизлар шу ерда бўлсаларинг бугун чироқсиз қоламиз.

Стантсия обжувознинг ўрнига солинган-да, жуда кичкина, кўримсиз. Шунинг учун техник «бунинг нимасини картинага олади, картина масхарами, электростантсия масхарами» деб стантсияни қулфлаб кетиб қолди. Бугун келмас эмиш. Бир ҳисобда кўрмаганларинг ҳам маъқул. Колхозимизнинг янги беш йиллик планида катта гидростантсия қуришни мўлжал қилганмиз.

Ана унда тандирни ҳам электрда қизитамиз. Картинага ўшанда олинса... Бу ердан чи-қиб фермага бора қолайлик. Ҳафиза опам картинабоп тўққизта сигирни соғмасдан сизларга кўз тутиб ўтирган эмиш.

Боғбон меҳмонларни кечки пайт бўшатди ва ўшанда ҳам «аттанг, фурсатларинг бўлганда ҳамешабаҳорни кўрсатар эдим» деб қолди. У «ҳамешабаҳор» деб парникни айтар эди.

Меҳмонлар жуда чарчаган эди. Бу ҳорғинлик боғдан чиқилгандан кейин айниқса билинди, шунинг учун бошқа жойларни кўришни бўлак маврутга қолдириб, тўғри правлениега қараб кетишди.

Уларни раис қарши олиб, правлениенинг орқасидаги меҳмонхонага бошлади. Стол турли ноз-неъматлар билан безатилган, унинг бир четидаги кичкина сариқ самовар устида турган қизил чойнакнинг қопқоғи шириқлар эди.
— E, овора бўлишнинг ҳожати йўқ эди-ку, — деди шоир хижолат бўлиб.
— Оворагарчилиги борми!.. — деди раис. — Қани, марҳамат... Боғдан бўлак жойни кўролмабсизлар-да.
— Албатта, ярим кунда ҳаммаёқни кўриб бўлмайди, — деди шоир, — боғнинг ўзини кўришга ҳам роса бир кун керак экан. Ажойиб!

Меҳмонлар колхознинг тарихи, хўжалиги, даромади, донгдор кишилари, янги беш йиллиқда қиладиган асосий ишлари тўғрисида саволлар бериб, раисдан батафсил жавоблар олишди.

Қоронғи тушгандан кейин, Ҳатамова, ўрта ёшлардаги барваста бир киши ва қоп-қора бир қиз билан кириб келди.
— Танишиб қўйинглар, меҳмонлар, — деди Ҳатамова, — донгдор звено бошлиғи Қундузхон Ҳайитова... Бу киши бригадир Даврон ака. Шартнома йигирма иккига. Даврон акам олтмиш учун курашаётибдилар.

Суҳбат яна давом этди. Меҳмонлар звено бошлиғи билан бригадирга ҳам сон-саноқсиз саволлар беришди, берилган жавобларни шошилмай, батафсил ёзиб олишди.

Ниҳоят, режиссёр дафтарчасини ёпди, пешонасини силаб ўйчан гап бошлади:
— Биз колхоз тўғрисида асосий маълумотларни олдик, лекин буларнинг ҳаммасини кўзимиз билан кўришимиз керак, токи илҳомланайлик. Кўриш яхши! Мана, битта боғни кўришимизнинг ўзи бизнинг «Пахтакор» тўғрисидаги тасаввуримизни бугкул ўзгартириб юборди. Энди гап бундай: колхозни ҳақиқий колхоз қилишда механизатсиянинг роли ўзларингга маълум. Биз картинамизнинг асосий масаласи қилиб механизатсия масаласини олмоқчимиз. «Пахтакор» механизатсия жиҳатидан ҳам типик. Шундоқ эмасми?

Бу гап ёқди шекилли, раис илжайди.
— Лекин, — деди, — биз ҳали механизатсияни тўла амалга оширдик, деёлмаймиз. Бу гапни шунда айтамиз, қачонки колхоз бўйича бир тсентнер пахта ҳеч бўлмаса уч-тўрт меҳнат кунига тушса. Мана бу йил Қундузхон етти меҳнат кунига туширишни кўзлаб турибди.
— Тўғри, — деди режиссёр, — шундоқ бўлиши керак. Механизатсия масаласини олганимизда, бизга нима керак? Бизга воқеа керак. Воқеа бўлиши учун нима керак? Қарама-қаршилик керак. Мана, масала шунда, қарама-қаршиликда. Биз биламизки, ҳар бир янгилик қаршиликка учрайди. Демак, механизатсия ҳам қаршиликка учраши керак. Бизга манна шуни айтиб берсаларинг кифоя. Механизатсияга қарши чиқишлар бўлиб турадими, бўлса қарши чиққан одамларнинг далил ва исботлари нималардан иборат?

Ҳатамова лабидаги табассумни яшириш учун тез-тез чой ҳўплар экан:
— Қани, Даврон ака, нима дейсиз?— деди.

Даврон ака аввал Ҳатамовага, кейин раисга, сўнгра режиссёрга қаради-да, бўйнини қашлар экан, илжайиб:
— Ўттизинчи йилларда қаёқда эдингиз, мулла ака! - деди.

Ноқулай жимлик чўкди.
— Бизнинг қишлоқларда ҳозир механизатсияни қаршиликка учрайдиган, одамлар чўчийдиган янгилик деб бўлармикин?— деди раис хиёл табассум қилиб.— Республикамизда ҳозир икки юздан ортиқ МТС бор. Қани, сен нима дейсан, Қундузхон?

Қундузхон, гапиргиси келиб турган бўлса ҳам, нимадандир истиҳола қилиб турган бўлса керак, дарров гап бошлади:
— Мен даламизга биринчи трактор чиққан йили туғил-ган эканман. Ҳали Даврон акам ўттизинчи йиллар дедилар. Ўша йиллари механизатсияга қарши чиққан одамлар бўлса бўлгандир, нимага десангиз, механизатсиянинг нималигини билишмаган. Лекин ҳозирги вақтда, механизатсия колхоз-нинг жони эканини ҳар бир колхозчи кўриб, билиб турганда механизатсияга қарши одам бўлиши... билмадим.
— Масалан, чоллар бўлиши мумкин, — деди шоир.
— Чоллар? Мен ерни қўш ҳўкиз билан ҳайдаб кўрган эмасман. Унинг азобини билмайман, чоллар билишади. У вақтларда энг мўл ҳосил ўн тсентнер экан, мен буни эшитганман, лекин чоллар ўз кўзлари билан кўришган. Картинага олинадиган бўлса ҳақиқатни олиш керак.

Яна ўнғайсиз жимлик чўкди.
— Албатга, меҳмонлар ҳам буни билишади, — деди Ҳатамова, - лекин, ўзлари айтгандай, бир воқеа керак. Булар сохта бўлса ҳам бир воқеа яратиб шу баҳона билан колхозни, механизатсиянинг кучини кўрсатмоқчи бўлишади-да. Шундоқми?
— Ҳа, баракалла!— деди режиссёр.— Гап мана шунда!
— Тўғри, лекин колхозда ҳеч бўлмаса беш-ўн кун турсаларинг, колхоз билан дурустроқ танишсаларинг ҳақиқатга мос келадиган, жуда қизиқ картинабоп воқеа ўзи чиқиб қолади. Агар турамиз, ўрганмиз, одамлар билан яхшироқ танишамиз десаларинг, марҳамат! Нима дедингиз, раис?
— Майли, бир ой турасизларми, икки ой турасизларми, қанча турсаларинг биз хизматда.
— Ҳозир келаётсам қоровул Сафаралини сўкаётибди, — деди Ҳатамова аввал раисга, сўнгра меҳмонларга қараб.— Сафарали бизнинг тегирмончимиз. Жуда қизиқ йигит. Шу келиб қоровулдан сизларни сўрабди. Қоровул: «Нима қиласан?» деса, «Бизнинг тегирмон ҳам картинага тушиб қолармикин?» дебди. Шунга қоровул бўғилаётибди. «Ҳай, инсофинг борми, одамлар электростаннияни кўрсатгани уялиб қочиб кетди-ю, сен тегирмонингни суқасан», дейди. Сафарали ҳам бўш келмайди: «Менинг тегирмоним раёнда биринчи, сен тегирмоннинг фаҳмига етмайсан», дейди. Рост, тегирмонни жуда боплаган. Бу йигит бошқа ҳеч ишда ўзини кўрсатолмаган эди, шу ишга қўйдик, бунда ўзини кўрсатди. Тегирмончилик унга ота мерос, эртаю кеч тегирмон атрофида айлангани айланган. Тегирмон бунинг қўлига ўтгандан бери яхши даромад берадиган бўлди. Мен буни айтмоқчи эмас эдим, ҳали техникнинг қочиб кетганлигини айтмоқчиман. Менинг билишимча, ўзи кичкинаку, лекин шу ҳам бир воқеа. Дурустроқ ўйлаб кўрилса, қизиқ воқеа! Бу стантсияни солганимизга ўн бир йил бўлди. Ўша вақтда бу тўғрида қанча шов-шув бўлган эди. Мана энди, кўриб турибсизлар, бировга кўрсатгани уялишади. Буни, албатта, мисол учун айтаётибман, кичкина воқеа.

Режиссёр яна дафтарини очиб бир нималарни ёзиб қўйди. Қундузхон бир нима демоқчи бўлиб икки-уч оғиз ростлаганидан кейин секин:
— Мулла акалар, — деди, — беадабчилик бўлса ҳам менинг бир таклифим бор эди: колхозни кўрсатишга воқеа керак бўлса, шу келишларинг ўзи бир воқеа эмасми?

Ҳамма кулиб юборди. Қундузхон, жуда ҳам беҳуда гап айтдим шекилли деб, қип-қизариб кетди ва юзини яширди.
— Тўғри, синглим, жуда тўтри айтдингиз!— деди шоир завқ қилиб, — энг яхши, энг қизиқ воқеа мана шу келишимизнинг ўзи! Бир шоир билан бир режиссёр колхоз ҳаётидан картина яратмоқчи бўлишади, колхозга келиб бир ярим ойми, икки ойми туришади.

Режиссёр унинг сўзини бўлди:
— Воқеа излашади, топишолмайди, кейин Қундузхон воқеа топиб беради. Ҳақиқатан, ўртоқ шоир, жуда қизиқ кинокомедия қилиш мумкин!

Яна кулги кўтарилди.

Меҳмонлар шунга қарор қилишди.

Бўлажак кинокомедия ҳақидаги хушчақчақ суҳбат ярим кечагача давом этди.

Меҳмонлар кетиб, бир ҳафтадан кейин қайтиб келишди.

Уч ойдан кейин кинокомедиянинг съёмкаси бошланди: «Пахтакор» колхозининг правлениеси олдига қўнғизнусха бир автомобил келиб тўхтайди.

Ундан икки киши тушади ва ҳоказо...

<p align=«right»>1949

Минг Бир Жон

Мартнинг охирги кунлари. Кўк юзида сузиб юрган булут парчалари офтобни бир зумда юз кўйга соляпти. Офтоб ҳар сафар булут остига кириб чиққанида, баҳор келганидан бехабар ҳануз ғафлатда ётган ўт-ўланни, қурт-қумурсқани уйғотган, аввалгидан ҳам ёруғроқ, аввалгидан ҳам иссиқроқ шуъла сочаётгандай туюлади.

Касалхонага яқинда тушган Мирраҳимов, жиккаккина киши, ўзига жуда ҳам катта кўк халатга бурканиб, енгчадан бошини чиқариб турган сичқондек деразадан кўчага қараб ўтирган эди, бирдан тутақиб кетди: шундай ҳаво бўлса-ю, оёқ-қўли бутун одам кўчага чиқолмай, деразадан мўралаб ўтирса!..

Мирраҳимов жуссаси кичкина бўлгани билан товуши жуда йўғон ва бунинг устига секин гапиролмас эди. Ҳамшира югуриб кирди, Мирраҳимовнинг соғлиғини, кайфиятини сўради, кейин дардни бардош енгади, бу хусусда Мастура Алиевадан ибрат олиш керак, деган мазмунда шама қилди.

Мастура Алиева саккиз ойдан бери палатасидан чиқмай ётган оғир хаста, уни касалхонада ҳамма билар, кўп киши кириб кўрган экан. Мирраҳимовнинг одамгарчилиги тутиб кетди:
— Шу шўрлик аёлни бир кириб кўрайлик! Уч кунлиги борми, йўқми... Соб бўлган дейишади...
— Ҳа, анча оғир,— деди ҳамшира хўрсиниб,— ўн йил дард тортиш осонми!

Пойгахдаги каравотда китоб ўқиб ётган Ҳожи ака деган хаста йўғон гавдасига номуносиб чаққонлик билан бошини кўтариб, кўзидан ойнагини олди.
— Ўн йил? Ўн йилдан бери касал эканми?
— Ҳа, ўн йил бўлибди. Бечора турмуш қилганига бир йил бўлар-бўлмас шу дардга йўлиққан экан. Томоғидан ҳеч нарса ўтмайди. Овқатни қорнига қуйишади... Тешиб қўйилган... Баъзан ўзи қуяди, баъзан эри.

Ҳожи аканинг кўзлари ўйнаб кетди.
— Eри? Эри борми?
— Бор. Шу ерда. Беш ойдан бери бирга!

Ҳожи ака узоқ анграйиб қолганидан кейин:
— Ўн йил касал боқиб, яна касалхонада ҳам биргами?— деди.
— Шуни айтинг,— деди ҳамшира. — Докторларга ялиниб-ёлвориб палатага каравот қўйдириб олди.

Ҳожи ака дардга бу қадар бардошли аёлдан ҳам кўра бунчалик вафодор эрни кўришга иштиёқманд бўлиб қолди-ю, халатининг белбоғини маҳкам боғлаб, шиппагини кийди.
— Қани, юринглар, табаррук одамлар экан, бир кўриб чиқайлик.

Ҳамшира Мастура билан унинг эрига хабар бергани кетди.

Хаял ўтмай, қорни чиққан Ҳожи ака олдинда, узун коридордан ўнинчи палатага томон йўл олдик. Палата эшиги олдида бизни ҳиндига ўхшаган қоп-қора, катта-катта кўзлари ёниб турган бир йигит, афтидан, Мастуранинг эри камоли эҳтиром билан кутиб олди ва ҳар қайсимизга айрим миннатдорчилик билдириб, ичкарига йўллади. Палатага кирдик. Шу пайт офтоб яна булут остига кирди-ю, палатани шом қоронғилиги босди. Каттакон деразанинг чап томонидаги каравотдан заиф, йўқ, заиф эмас, майин товуш эшитилди:
— Келинглар... Раҳмат! Одамга одам қувват бўлади, минг раҳмат! Акрамжон, курси қўйиб беринг...

Офтоб яна ёришди. Мастурани баралла кўрдик... Кўз ўнгимизда хаста эмас, ўлик, ҳақиқий ўлик, сап-сариқ терию суякдан иборат бўлган мурда ичига ботиб кетган кўзларини катта очиб ётар эди... Тобутда ётган ўликнинг қўлими, оёғими бирон сабаб орқасида бехосдан қимирлаб кетса киши қай аҳволга тушади? Унинг ўлим пардаси қоплаган юзида чақнаб турган кўзларини кўрган киши худди шу аҳволга тушар эди.

Боя бизни кутиб олган йигит— Акрамжон курси қўйиб берди. Мирраҳимов икковимиз ўтирдик. Ҳожи ака йўғон гавдаси билан Мастурани тўсиб тикка туриб қолди. Ёнимдаги курсини суриб Ҳожининг этагидан тортай десам, қорни силкиняпти... Ажабо, бу одам нега кулаётибди, деб афтига қарасам... ранги бўз бўлиб кетибди! Унинг қўрққанини пайқаб, ҳамшира дарров йўл қилди:
— Ие, Ҳожи ака, сизга дори бериш эсимдан чиқибди-ку, юринг! - деди ва Ҳожини етаклаб чиқиб кетди. Ҳожи коридорга чиқиб йиқилармикан, деб ўйлаган эдим, йўқ, хайрият, гумбурлаган товуш эшитилмади...

Ҳамшира йўл қилиб Ҳожини олиб чиқишга чиқди-ю, лекин барибир, Мастура пайқади. Жуда-жуда хунук иш бўлди. Мирраҳимов икковимиз нима дейишимизни, нима қилишимизни билмай қолдик. Бу ҳол касалга қандай таъсир қилди экан, деб секин қарадим. Мастура қонсиз лабида табассум билан эрига юзланди:
— Акрамжон, дафтарингизга ёзиб қўйинг: уч марди майдон мени кўргани кирган эди, биттаси аранг қочдию, иккитаси қочгани ҳам бўлмай, ўтириб қолди.

Мастура пиқирлаб кулиб юборди; яна кулди, ёш боладай ўзини тутолмай қиқирлар эди. Бу ҳазил ва айниқса кулги аввал хунук, одамнинг этини жимирлатадиган даражада хунук эшитилди, кейин нучуқдир, Мастуранинг юзидан ўлим пардаси кўтарилгандай, ҳаёт тўла кўзлари ўлик юзига жон киргизгандай бўлди. Мирраҳимов Ҳожи аканинг қилмиши тўғрисида узр тариқасида бир нима демоқчи бўлиб гап бошлаган эди, Мастура сўзини оғзидан олди:
— Бунақа нарса менга таъсир қилмайди,— деди,— Акрамжон, буларга тобут воқеасини айтиб беринг... йўқ, йўқ, ўзим айтиб бераман! Бунга беш йилдан ошди. Кўз олдимдан кетмайди... Қалин қор ёққан кун эди. Мен деразанинг рўпарасида мана шу хилда ётибман, Акрамжон пайпоғини ямаётган эди шекилли. Бирдан кўча эшигимиз очилди-ю, қизил бир нарса кирди, нима экан деб қарасам - тобут! Акрамжоннинг икки ўртоғи ҳовлимизга тобут кўтариб кирди! Юрагим жиғ этиб кетди... Вой шўрим, наҳот ўлган бўлсам... То эс-ҳушимни ўнглаб, Акрамжонга бир нима дегунимча, бояги иккови тобутни деворга суяб қўйиб, уйга кириб келди; уйга кирди-ю, мени кўриб иккови ҳам бояги Ҳожи акангиздай шайтонлаб қолаёзди. Акрамжон ҳайрон... Мен ана кетди, мана кетди бўлиб ётган эдим-да, ўша куни эрталаб биров автобусда йиғлаб кетаётган бир болани кўриб, менинг укамга ўхшатибди-ю, шундан ҳалигидай гап тарқалибди... Тобутни бузиб печкага қалашди. Менга шу ҳам таъсир қилгани йўқ. Бунақа нарсалар ўлим кутиб ётган касалга ёмон таъсир қилиши мумкин, мен ҳеч қачон ўлим кутган эмасман, кутмайман ҳам! У ёғини суриштирсангиз, мен одам боласининг ўлим кутишига, яъни дунёдан умид узишига ишонмайман. Ҳатто тилдан қолган касалнинг розилик тилашиб қарагани ҳам дунёдан умид узгани эмас, балки «розилик тилашгани ҳали эрта» дермикин деган умид билан, дунёда тенги йўқ, тимсоли йўқ зўр умид билан қарагани деб биламан.

Акрамжон Мастуранинг биз билан ёзилиб ўтирганига қанчалик хурсанд бўлса, толиқиб қолишидан шунчалик хавотирда экани кўриниб турар эди; шунинг учун Мастурага тез-тез дам беришни кўзлаб, кўпроқ бизни гапиртиришга, ўзи гапиришга ҳаракат қиларди.
— Сизнинг нима дардингиз бор?- деди Мирраҳимовга юзланиб.

Мирраҳимов бирданига учта дарднинг номини айтди.
— Вой шўрим!.. — деди Мастура, — жиндаккина жонингизга-я! Шу жуссангизга учта дард сиғдими?

Бўлди кулги! Айниқса, Мирраҳимов завқ қилиб кулди. Касаллик, ўлим тўғрисидаги гап тугаб, хушчақчақ суҳбат бошланишига илҳақ бўлиб турган Акрамжон Мастура бошлаган аскияни илиб кетди; аскияга жуда уста экан, оламда дард нима, ўлим нима эканини буткул унутиб, роса кулишдик. Афсуски, Мирраҳимовнинг йўғон товуши суҳбатимизнинг бузилишига сабаб бўлди: врач коридордан ўтиб бораётиб, унинг бесўнақай кулгисини эшитган бўлса керак, эшикни очиб қаради ва Мастурага зеҳн солиб, унинг юзида ҳорғинлик кўрди шекилли, бизни чиқариб юборди. Акрамжон кетимиздан чикди, бизнинг бу илтифотимиз Мастурага қанча куч-қувват беришини айтиб, кўнглида мавж уриб, ёш пардаси босган кўзларида кўриниб турган чексиз мин-натдорчилик туйғусини айтиб битиролмас, афтидан, Мастуранинг бир минутлик ороми учун ўнг кўзини ўйиб беришга ҳам тайёр эди.

Палатамизга қайтдик. Ҳожи ака каравотида ёнбошлаб, қанд чой ичиб, ўзини елпиб ётар эди.

Бўлиб ўтган хижолатли иш тўғрисида у ҳам индамади, биз ҳам индамадик. Ҳожи акага бир нима дейиш у ёқтса турсин, Мирраҳимов икковимиз ҳам кечгача бир-биримизга сўз қотмадик; афтидан, борлиғимиз Мастура билан банд, қуюндай чарх ураётган таассуротлар, фикрлар, туйғуларни ифода қилгани сўз тополмас эдик.

Кеч кирди. Ҳожи ака ўртачароқ хуррак тортиб уйқуга кетди. Мирраҳимов дам-бадам у ёқдан-бу ёққа ағдарилар эди, ниҳоят, менинг уйғоқ эканлигимни пайқаб, бошини кўтарди.
— Бу хотиннинг жони битта эмас, минг битта!— деди, — ҳозир тугаб қолган шамдай липиллаб ёнаётган жони башарти сўнган тақдирда ҳам, қолган мингтасини ёқиб кейин сўнади. Мана шу ишонч Мастурага ўлимни йўлатмайди.

Мирраҳимов узоқжим қолганидан кейин яна бирдан:
— Eри-чи, эри?— деди, — бу йигитнинг ҳам рафторидан, йигитлик умри минг биттаю, шундан биттагинасини Мастурага қурбон қиляпти.

Eртасига Мастура ҳақида яна бир кўнгилсиз гап эшитдик: бечоранинг томоғидан ҳеч нарса ўтмаслиги устига қорнига тез-тез сув тўпланар экан...

Кунлар ўтиб ҳаммамиз тарқалдик. Мирраҳимов ўзининг МТСига, Ҳожи ака курортга кетди.

Орадан бир қанча вақт ўтгандан кейин шу томонга йўлим тушдию, касалхонани босиб ўтолмадим; кириб таниш ҳамширадан сўрасам, Мастура бир соатдан кейин оператсияга ётар экан. Докторлар оператсия столидан туролмайди, деб беш ойдан бери унинг раъйини қайтариб келишар экан, охири бўлмабди— Мастура ўлсам товоним йўқ, деб тилхат берибди.

Кириб кўрай десам, доктор ижозат бермади. Менинг йўклаб келганимни кўрса, далда бўладиган бирон сўз айтсам, зораки дармон бўлса деб кутдим.

Вақт-соати еттанда Мастурани ҳамшира билан Акрамжон икки томондан суяб олиб чиқишди.

Лекин эшикдан чиқиши биланоқ Мастура икковини икки томонга итариб ўзи юрди; бардам қадам ташлаб, оператсия залининг эшигини ўзи очиб кириб кетди. Акрамжон, бутун диққати хотинида бўлгани учун мени пайқамади. Мастура эса менга бир қарадию, танимади шекилли, индамади.

Оператсияга докторларнинг кўнгли чопмагани, хастанинг ҳоли ўзимга маълум бўлгани, Мастуранинг ўлимнинг юзига бунчалик тик қарагани қоронғида қўрққан киши ашула айтганидек эмасмикин, деган гап кўнглимдан ўтгани учун оператсиянинг натижасини кутмадим, кечқурун касалхонага телефон қилмоқчи бўлганимда, ростини айтсам, телефон трубкасини дадил ололмадим. Йўқ, хайрият, Мастура оператсиядан бардам турибди. Шунақа дейишди.

Шундан кейин мен узоқ сафарга кетдиму, Мастуранинг тақдиридан бехабар бўлдим, лекин уни тез-тез эслар эдим; бу тоқати тоқ, жони темирдан инсоннинг тузалиб кетишини, яшашини, узоқ умр кўришини унинг ўзидан ҳам кўпроқ тилар эдим. Шунинг учун орадан уч йил ўтгач, Акрамжонни бир бегона хотин билан кўрганимда аламимдан дод деб юбораёздим.

Пахта байрами ҳеч қаерда Мирзачўлдагидек қизиқўтма-са керак, чунки бу ерга ресггубликанинг турли областларидан келган одамлар ўз областининг ашуласини, ўйинини ҳам олиб келган дейишади.

Пахта байрамини ёр-жўралар билан Гулистон раёнида ўтказдик.

Акрамжонни, боя айтганим хотин билан шу ерда, Гулистон раёни марказининг чиқаверишида кўрдим. Ўрта бўйли, хушқомат, вужудидан ёшлик кучи ва ғайрати ёғилиб турган қоп-қора жувон отда олма еб, йўл бўйида турар, Акрамжон ўз отининг айилини қайта боғламоқда эди.

Акрамжон мени кўриб қолди-ю, жувонга бир нима деди. Жувон дарров отдан тушди. Иккови югуриб келди. Иккови ҳам мен билан жуда эски қадрдондай сўрашди. Бироқ мен, ҳарчанд


қилсам ҳам, палатадан чиқиб оператсия залига кириб кетаётган Мастура кўз ўнгимдан кетмай, булар билан самимий кўриша олмадим: Акрамжонни бир нав қучоқлаган бўлдим, жувонга эса қўлимнинг учини бердим.

Жувон:
— Амаки, мени танимадингизми? — деди ва хуржундан иккита олма олиб, бирини менга берди. — Қаердадир кўргандай бўламан, лекин...

Жувон қўлидаги олмани устма-уст бир неча мартаба тишлади ва чала чайнаб ютди.
— Eнди ҳам танимадингизми? — деди.

Танидим! Фақат кўзидан танидим! Кулимсираб, оламга табассум сочиб турган бу жувон ўша Мастура эди. Мен нима дейишимни билмай:
— Бу ёқда нима қилиб юрибсиз?— дедим.

Мастура кулди.
— Кучимни, ғайратимни тўла-тўкис ишга солиб юрибман, - деди.
— Оператсияга кириб кетаётганингизда мен йўлакда турган эдим, ҳаяжонда бўлсангиз керак, танимадингиз...
— Йўқ, амаки,— деди Мастура бир оз хижолат бўлиб,— кечирасиз, атайин сўрашмаган эдим... Сўрашсам, менга тасалли берар эдингиз... Ўша тобда менга тасалли бериб айтилган ҳар бир сўз ишончимга рахна, кўнглимга ғулғула солиши мумкин эди.

Узоқ суҳбатлашдик. Эр-хотин отларини етаклаб, мени талай ергача кузатиб қўйишди: сўнг хайрлашиб сўл томонга от қўйиб кетишди.

Мен саҳрода лочиндай учиб кетаётган Мастура билан Акрамжонга узоқ қараб қолдим.

Иккови уфққа етганда, бири орқага қайтди, хаял ўтмай етиб келди.

Бу Мастура экан, йўлдан бир неча қадам нарида туриб:
— Амаки, Ҳожи акамга салом айтинг, — деди ва уфқда кутиб турган Акрамжонга томон от қўйиб кетди.

Шаҳарга қайтганимиздан кейин Мастуранинг омонатини топшириш учун Ҳожи акани топдим, лекин саломини топширолмадим: Ҳожи ака бечора қазо қилган экан.

<p align=«right»>1956

Тўйда Аза

<p align=«right»>Зўри беҳуда миён мешиканад

Дотсент Мухторхон Мансуров ниҳоятда истараси иссиқ, ниҳоятда дилкаш чол, шу қадар дилкашки, уни кўрган киши ҳар фаслнинг ўз ҳусн-латофати бор деган гапни йил фасллари тўғрисидагина эмас, умр фасллари тўғрисида ҳам айтса бўлар экан, деб қоларди. Унинг битта- иккита қора тук чап бериб қолган оппоқ чўққи соқоли... Ёпиримай, соқол ҳам одамга шунча ярашадими-я!..

Чолни бунчалик истараси иссиқ, дилкаш қилган, соқолидан тортиб юришигача ҳамма нарсасини, ҳар бир ҳаракатини чиройли, ёқимли қилиб кўрсатган, эҳтимол, унинг одамохунлиги ҳам бўлса. Ўзи шунақа бўлади-ку: яхшининг юзида зулук ҳам хол бўлиб кўринади.

Аммо, лекин Мухторхон домла нафсамбирига одамнинг жони эди. Унинг хушфеъллиги, тўпорилиги... маҳаллада катта-кичик ҳамма билан саломлашар, ёш билан ёш, қари билан қари бўлиб гаплашар, хурсанд киши билан чақчақлашиб, хафа билан дардлашар эди. Бу одам маҳалла ҳаётига, ҳар бир кишининг дилига кириб, шу қадар сингиб кетган эдики, отпускага ё командировкага кетса бутун маҳалла ҳувиллаб қолгандай бўлар эди.

Кунлардан бир куни маҳаллада дув-дув гап бўлиб қолди: «Мухторхон домла уйланармишлар!..» Домла бундан уч йил бурун бева қолиб, унга гоҳ синглиси, гоҳ узатган қизи қараб юрар эди.

Унинг ниятини эшитиб маҳаллада хурсанд бўлмаган одам қолмади.

Ҳеч ким қариган чоғида жуфтидан қолмасин. Осонми, киши нима бўлишини билмайди, бош ёстиққа тегиши бор... Қари одамга маҳрам керак...

Ҳали ҳеч ким кўрмаган бўлса ҳам, Мухторхон домла ёқтиргани учун жуда ақлли, тамизли аёл чиқиши муқаррар бўлган келинни ҳамма ғойибона яхши кўриб қолди.
— Маҳалламизнинг толеи бор экан, — дейишар эди. — Домла отахонимиз эдилар, келинимиз бизга онахон бўладилар...

Миш-миш рост бўлиб чиқди: домла бозор қилишни, магазинга киришни жинидан баттар ёмон кўрар эди, кимдир уни универмагда очеред турганини кўрибди; эртасига чойхона олдидан чамандагул тўппи кийиб ўтди.

Маҳалла активлари кенгашиб, маҳалла номидан яхшироқ бир тўёна қиладиган бўлишди.

Уларнинг фикрича, бу нарса куёвга ҳам, келинга ҳам бутун аҳолининг ҳурмат ва муҳаббатини изҳор қилиши керак эди.

Шу орада домла қаёққадир кетиб бир ҳафтадан кейин пайдо бўлди. Унинг автобусдан тушиб келаётганини кўрган чойхонадаги одамлар ҳанг-манг бўлиб қолишди; чол ўлгур соқолини, шундай чиройли соқолини, таг-туги билан қирдириб ташлабди! Ачинмаган, хафа бўлмаган одам қолмади.

У бирон ёққа бориб қайтганида чойхонага кирмасдан, катта-кичик билан кўришиб ҳол-аҳвол сўрамасдан ўтмас эди, ҳозир чойхонага яқинлашганида кўчанинг нариги юзига ўтиб олди-ю, ерга қараб, жадаллаганича ўтди-кетди. Унинг ўзигагина эмас, бутун маҳаллага файз киргизиб турган соқолини олдиргани, бунинг устига яна чойхонани четлаб ўтгани баъзиларни ташвишга солиб қўйди:
— Домламизга нима бўлди экан? Домламиз нега бунақа бўлиб қолди экан?..

Домлага ҳеч бир ғубор қўнишини истамаган бошқалар бу икки гуноҳни бир-бирига егизиб, уни оқлашга тиришди:
— Домламиз бирон хаёлга бориб соқолини қирдиргану ҳозир пушаймон, уялганидан бизга рўпара бўлмади...

Орадан кўп ўтмай чойхўрлардан бири қизиқ бир гап топиб келди. Бу йигит домлани шаҳарнинг нариги чеккасидаги паркда кўрибди. Домла, бошида чамандагул тўппи, эгнида калта ва тор шим, катак кўйлак, енгини баланд шимарган, билагида каттакон тилла соат, ўзи якка пиво ичиб ўтирган эмиш! Унинг бундай одати йўқ эди, шунинг учун йигит ҳайрон бўлиб бир оз қараб турибди. Домла икки шиша пивонинг устидан юз грамм ароқни битта отиб ўрнидан турибдию, гулчидан каттакон гулдаста сотиб олиб, паркнинг орқасидаги жинкўчага кириб кетибди. Бу гапни эшитиб одамларнинг дами ичига тушиб кетди. Баъзи бировларнинг кўнглига аллақандай жирканч, домланинг шаънига ҳеч тўғри келмайдиган гаплар келди... Шунда маҳалланинг қарияларидан Карим ота ҳозир баъзи бировларнинг кўнглига келган гапдан ҳам хунукроқ бир тахминни айтиб қолди:
— Хайр, ишқилиб охири бахайр бўлсин, — деди, — келинимиз ёшга ўхшайди... Киз бўлмаса деб қўрқаман!

Карим отанинг бу тахмини, домланинг кейинги вақтлардаги рафторига қараганда эҳтимолдан узоқ бўлмаса ҳам, одамларга қаттиқ малол келди. Бир-икки киши Карим отанинг дилини оғритди.

Бироқ, орадан кўп ўтмай, Карим отанинг тахмини тўғри чиқиб қолди: «Домла ўзининг студенткаси— йигирма яшар бир жувонга уйланаётган эмиш» деган гап тарқалди.

Тўйга яқин қолганда келин кўчанинг бошидаги ателега кўйлак буюргани келган экан, нима бўлиб бундан ҳабар топган аёллар кўргани боришди. Келин, дарҳақиқат, ёш, лекин худди қизиқчиликка семиргандай юм-юмалоқ; эгнида енгсиз қизил кўйлак, бошида попушакнинг тожига ўхшаган, лекин қизил шляпа; қўлидаги сумкаси, оёғидаги пошнаси бир қарич туфлиси ҳам қизил. Уни адоват ва нафрат билан бошдан-оёқ кузатган аёллардан бири, бурилиб ателедан чиқиб кетар экан:
— Хўрозқандга ўхшамай ўл!— деди.
— Кариган чоғида хўрозқанд яламай домла ҳам ўлсин!— деди яна бири.

Бу лақаб дарров тарқалиб кетди. Домлага қўл уриш билан маҳалланинг файзини ўғирлаган, одамларнинг дилини ҳамиша ёритиб турадиган чироқни сўндирган бу аёлни кўрган ҳам, кўрмаган ҳам тошни тешадиган бир ғазаб билан ёмон кўрар эди. Бу ғазаб одамларнинг кўнглидаги домлага бўлган ҳурмат ва муҳаббат туйғусини чирита бошлади. Бора-бора домла деганда одамларнинг кўнглига ғашлик тушадиган бўлиб қолди. Домла, шуни ўзи сезса керак, мумкин қадар одамларнинг кўзига кўринмасликка тиришадиган бўлди.

Тўй келинникида бўлиб ўтди. Буни маҳаллада Карим отадан бошқа ҳеч ким билмай қолди.

Карим ота ҳам тўйга эмас, кабоб пишириб бергани чақирилган экан. Бундан хабардор бўлган маҳалла ёшлари уни ҳол-жонига қўймай, чойхонага олиб чиқишди ва тўй қандай ўтганини гапириб беришга мажбур қилишди. Карим ота «бировнинг сирини айтмайман» деб аввал тархашлик қилдию, бир-икки саволга жавоб берганидан кейин қулфи-дили очилиб кетди: икки гапнинг бирида пешонасига уриб, гоҳ бўғилиб ва гоҳ қотиб-қотиб кулиб, одамларни кулдириб ҳикоя қилди.

Тўйга келин томондан элликка яқин, куёв томондан саккиз киши айтилган экан, иккала томондан ҳаммаси бўлиб ўн бир киши келибди. Бир дуторчи, икки ашулачи ва Карим ота ҳам шу ҳисобга кирар экан. Соат олтига белгиланган тўй соат ўндан ошганда бошланибди. Келин бирпас бошига оқ рўмол ёпиниб ўтирибдию, бир-икки рюмка ичгандан кейин, аламига чидолмай ўйинга тушибди. Домла чапак чалибди, ашулага қўшилибди...
— Ҳа, айтгандай, — деди Карим ота пиқирлаб кулиб, — домла сочларини бўятибдилар!..

Азбаройи худо, куя тушган пўстакка ўхшайди!.. Майли, бўёқ топилган бўлса бўясин, лекин шу бўёқ билан қилиғини ҳам бўяшга, сочига мос қилиқлар қилишга уринса унча яхши чиқмас экан. Дарҳақиқат, домланинг фикр-ёди ўзини иложи борича ёш кўрсатишда бўлиб қолди. У нима қилса, нима деса шуни эсдан чиқармас, ёш эканини кўрсатиш учун қулай келган ҳеч бир имкониятни қўлдан бермас, «ҳали ёшсиз» деган кишига жонини, жаҳонини беришга тайёр эди. Тўйдан кейин орадан бир ой ўтар-ўтмас келин ғалати бир дардга йўлиқди: баъзан кечалари ҳадеб чучкирадиган бўлиб қолди; докторга кўринган экан, доктор «бу дарднинг давоси — денгиз ҳавоси» дебди. Домла эртасига эрталабдан идорама-идора югурди, соат тўртга қолмасдан путёвка билан поезд билетини келтириб келинга топширди.

Кечқурун эшик олдига кўкиш такси кўндаланг бўлди. Домла, куни бўйи елиб-югуриб ҳолдан тойганига қарамай, иккита оғир чамадонни машинага ўзи олиб чиқди ва багажникка ўз қўли билан жойлади; ўша енгсиз қизил кўйлагини, қизил шляпасини кийиб ҳовлидан яна хўрозқанд бўлиб чиққан келинга машинанинг эшигини очиб берди, кейин чиқиб ёнига ўтирди. Машина жўнади, жўнадию, тезлаб дўнгроқ кўприкдан ўтишда нима бўлиб багажникнинг қопқоғи бир кўтарилди-да, бояги иккала чамадон отилиб чиқди. Иккала чамадон, худди бир-бири билан чопишгандай, ирғишлаб-ирғишлаб талай ергача бордию, бири йўлнинг ўртасида, иккинчиси тро-уарга чиқиб тўхтади. Шофёр бундан кечроқ хабардор бўлди шекилли, машина қирқ-еллик қадам нарида тўхтади. Машина тўхташи билан домла эшикдан отилиб чиқди, чамадонларга қараб югурди ва кетидан чопган шофёр, чойхонадан югуриб тушган уч-тўрт кишининг кўмагини рад қилиб, ҳар бирини бир одам зўрға кўтарадиган икки чамадонни ўзи якка кўтарди ва машинага томон юрди. У ярим йўлгача чамадонларни азод кўтариб, бардам қадам ташлаб борди-ю, ундан нари ранги оқариб, тиззалари қалтираб тентирай бошлади; шундоқ бўлса ҳам, номус кучли, бир илож қилиб машинага етиб борди; чамадонларни қўйдию, бирдан кўзларини ишқаб, машинага кириб кетди. Шофёр чамадонларни яхшилаб жойлади.

Машина қўзғалди, қўзғалдию, ўн-ўн беш қадам юрмасдан, бирдан эшиги очилди, хўрозқанд додлаганича ўзини ерга отиб, икки-уч юмалаб кетди. Одам йиғилди. Хўрозқандни кўтариб олишди. Хўрозқанд гапиролмас, дир-дир титраб, кишнагандай бир товуш чиқарар ва қўли билан машинани кўрсатар эди.

Бир неча киши машинага томон югурди. Шофёр қўрқиб, нима бўлганига тушунолмай, бир чеккада турар эди. Одамлар машинани очиб қарашса, домла... ўлиб қолипти!

Eртасига домлани кўмиш маросими бўлди. Маросимга маҳалладан одам кўп қатнашмади, афтидан, домла кўп одамнинг қалбида бундан бир ой бурун ўлган, кўплар ўша тўйни домланинг жанозаси ҳисоблашган эди...

<p align=«right»>1956

Маҳалла

<p align=«right»>Инсон билан тириқдир инсон,
Муҳаббатдан ҳаётнинг боши.
Одамзодга бахш этади жон,
Одамларнинг меҳр қуёши.
Эркин Воҳидов

Роҳат буви каттакон қора печканинг эшигини очиб оёғини товлаётган эди, дераза остида кўзойнак тақиб неварасининг йиртилган китобини елимлаётган чоли уришиб берди:
— Сени печкага ўргатиб бўлмади-бўлмади... Нима, полни ўйиб, сандал қилиб берайми? Печка деганнинг эшигини очдингми, кўмир осмонни иситади деявер!..

Роҳат буви печканинг эшигини ёпди, бориб диванга чўзилди. Уй совуқ бўлмаса ҳам, бир неча кундан бери унинг эти учар, оёғи совқотар, оғрир эди.

Кампир шу ётганича эртасига ҳам тургиси келмади, индинига туролмади, учинчи куни юраги бирпас қаттиқ уриб турди-ю, бирдан бўшашиб, ўлди-қолди.

Ҳикмат бува нима бўлганини билолмай, кўзи билан кўриб турганини ақлига сиғдиролмай, гаранг бир аҳволда туриб қолди; ўғли, келини, уч невараси кириб йиғи бошлагандагина ўзига келиб, титроқли нафас билан шивирлади: «E, худо, нима қилиб қўйдинг, бисотингда менга атаган яна қанақа кулфатларинг бор, тўк, бошимга ҳаммасини бирдан тўка қол!" Eллик уч йил! Эллик уч йилдан бери бир дастурхондан туз татиган, бир кўрпани босган, бирга кулган, бирга йиғлаган; эллик уч йилдан бери мушукчадай бир-бирига суйканиб, бир-бирини ялаб, оғритмай тишлаб, йиқитиб, йиқи-либ бериб, пийпалашиб ўйнаган; эллик уч йилдан бери меҳр аталмиш улкан туйғу риштасини пилла қуртидай бир маромда аста-секин чувиб, бир- бирининг қалбини ўраб-чулғаб келган...

Ҳамма расм-русм жойига етказилгандан кейин одамлар тобутни кўтарганда шу ришта бирдан тортилди-ю, гўё Ҳикмат буванинг юрак-бағрини суғуриб олди. Чол ўкириб юборди.

Кампирни бирпасда ерга топшириб қайтишди. Кўнгил сўрагани яна бутун маҳалла кирди. Ҳикмат бува касал мусичадай бир чеккада қунишиб ўтирар, афтвдан, энди унинг учун оламда ҳеч ким, ҳеч нарса қолмаган эди.

Шундоқ Ҳикмат бува ҳафта ўтар-ўтмас бир ҳовуч суяк бўлди-қолди. Чол чўзилиб ётганда унинг ўликми-тирикми эканини билиш қийин, лекин кампири оёғини печканинг ўтига товлаётганда уришиб бергани эсига тушса арслондай ўкирар, ўзини у ёқдан-бу ёққа отар эди.

Уйда уни ёлғиз қўймасликка ҳаракат қилишар эди. Кичкина невараси ҳамма ўйинчоқларини унинг уйига киргизиб қўйди, боғчадан келганидан кейин шу ерга кириб ўйнайдиган бўлди.

Катта невараси ҳар куни уни неча марта хилма-хил қилиб суратга ола берди. Ўғли уни автомобилга солиб бир неча марта шаҳарни айлантирди. Чол хурсанд бўлиш ўрнига: «Онанг борида шу ишнн қилмадинг«, деб дўнғиллади. Келини унга магнитофон келтириб берди. Чол магнитофон билан бирпас овунди-ю, кейин кўзига ёш олиб: «Кизим, шу нарсани илгарироқ топиб келганингда кампирни гапиртириб ёзиб олар эканман», деди...

Бир куни қаттиқ ёмғир ёғиб, қишдан қолган қорни эри-тиб юборди. Айвонда устунга суяниб ёмғир сувининг вақирлашини томоша қилиб турган чолнинг кўзи тандирдан нарида ётган бир пой эски калишга тушиб қолди. Кампир бир оёғи оғриб шишганда шу калишнинг жағини кесиб кийган эди. Чол бориб калишни олди, авайлаб артди, уйга олиб кирди. Чол учун кампир гўё қайтадан ўлди. У кечгача йиғлади, кечқурун ўғли билан келини ишдан келганда «кампир бечорани шифокорга дурустроқ кўрсатмадиларинг", деб хархаша қилди.

Ҳикмат бува кечалари ухламас, дори ичиб ухласа ҳам ярим кечаси уйғониб, тонг отгунча ўтириб чиқар, уйдаги ҳамма нарса унга кампирини, ёлғиз қолганини эслатар, ҳар бир товуш ўлим бўлиб унинг мия қопқоғини чертар эди.

Чол тугаб бораётганини кўриб ўғли билан келини таш-вишга тушиб қолишди.

Бир куни эрталаб чол йўқолиб қолди. Кидирилмаган жой қолмади: ёр-дўст, таниш-билиш, қариндош-уруғ, ҳатто тез ёрдам касалхонасидан ҳам хабар олинди, милитсияга мурожаат қилинди. Хаммаёқ қидирилиптию, қабристондан хабар олинмапти, чол қабристонда экан.

Ҳикмат бува қабристонга тез-тез бориб, кампирнинг бошида бир соат-ярим соат ўтириб келар, лекин бунақа қолиб кетадиган одати йўқ эди. Чол бу сафар борганида кампирнинг қабрини зиёрат қилиш у ёқда қолиб, унинг ёнидан ўзига гўр қазитди, мудир ва гўрковлар ҳарчанд унашмаса ҳам қўймади, жанжаллашди.

Чол кун оққанда адойи тамом бўлиб қайтди. Кимдир уни автобусдан тушириб йўлкага чиқариб қўйди. Чолнинг зўрға қадам босиб келаётганини кўрган муюлишдаги чўткачи югуриб бориб уни олиб келди ва қўлига бир пиёла чой берди.
— Хафа бўлмай юрибсизми, отахон... Кампир онам аломат аёл эдилар... Сиз ўша куни ўзингиз билан ўзингиз овора бўлиб таъзияга келган одамларни пайқамадингиз... Ана одаму...Маҳаллага сиғмай кетди! Маҳалламизнинг кўчаси бир метр чўкди!.. Кампир онам дунёга келиб одам эккан эканлар.

Дунёга келган одам аввалбоши одам экиши керак экан. Мен ибрат олдим...

Иссиқ чойми ё чўткачининг гапларими чолга анча мадор бўлди.
— Ҳа, — деди чол бир оз ғурур билан, — ҳалигача одам келади... Ишхонаси ҳам шунча йилдан бери эсидан чиқармаган экан.

Чолнинг пайдо бўлганидан хабар топган уй ичи, қўни-қўшни чувиллашиб келиб уни ўртага олишди. Биров дашном берган, биров бўғилган, биров суюнган...

Булар чолни ўртага олиб чувиллашиб кетаётганда йўл бўйида турган шу маҳаллалик шифокор воқеани эшитиб чолдан ўпка-лаган бўлди, кейин унга разм солдию, кампирдан гап очди:
— Онахонимиз таърифга сиғмайдиган аёл эдилар, шунча одам бекорга келгани йўқ! Лекин, отахон, маҳалламизга бирон саккиз челакли битта самовар керак экан, ўша куни жуда-жуда билинди. Маҳалладан пул йиғсак, хонадонга неча пулдан тушади?

Чолнинг ҳамияти қўзғаб кетди.
— Уғлим билан келинимнинг битта самоварга кучи етиб қолар, - деди.

Шифокор ундан шу гапни кутган эканми, жилмайиб қўйди.

Чол гўрини қазитиб қўйиб, энди бу ерга самовар олгани эмас, ётиб ўлгани келган бўлса ҳам, ўғли билан келини номидан маҳаллага катталик қилиб қўйганидан кейин бу туғрида ўйлашга мажбур бўлди— ўғлидан пул олди, самовар қидиришга киришди. Бироқ ўшанақа самоварни топишдан кўра кондан мис қазиб, самовар ясаш осонроқ экан: чолнинг бормаган магазини, ялинмаган магазин мудири қолмади. Ўғли билан келини унинг елиб-югуришига, унда шунча куч қаёқдан пайдо бўлганига ҳайрон эди.

Ниҳоят, маҳалладаги мансабдорлар ёрдами билан самовар топилди, маҳалла активлари акт билан қабул қилиб олди, умумий мажлисда раис Ҳикмат бувага раҳматлар айтди, ҳамма чапак чалди.

Шу мажлисда яна бир масала кўтарилди: маҳаллада ҳар куни бўлмаса ҳам, ҳафтада икки-уч марта тўй-маърака, туғилган кун ва бошқа маросимлар бўлиб туради, ким маросим ўтказадиган бўлса уйма-уй юриб идиш-товоқ, дастурхон ва бошқа нарсалар тилайди, активлар маҳалладан пул йиғиб бирон юз эллик кишилик маҳалла рўзғори ташкил қилса бўлмайдими?

Бу таклифни ҳамма олқишлади, бунинг мутасаддиси ким бўлади, деган саволга ҳамма қий-чув кўтариб яна Ҳикмат бувани кўрсатди. Ҳикмат бува унамасдан қарши сўз айтгани ўрнидан турган эди, шунча одам чапак чалиб, кўзига қараб турганини кўриб индаёлмади.

Маҳалла неча хонадон? Буларнинг ҳаммаси чолни овора қилмай пулни келтириб бера қолса экан! Бу хонадонлардан кўпига кириш керак, кошки бир кирганда пулни бера қолса экан: бири эртага келинг дейди, бири фалончи мунча берганда мен нега шунча берар эканман, деб


хархаша қилади, бири мажлисда анграйиб ўтириб гапга яхши тушунмаган, унга тушунтириш керак бўлади...

Чол ҳар куни эрталабдан хонадондан хонадонга, бор пулга бир нима олиб қолиш учун магазиндан магазинга, арз-дод қилгани идорадан идорага югурар, шу орада фурсат топиб баъзан кампирининг мозорига ҳам бориб келар эди.

Чол, ниҳоят, маҳалла рўзғорини тўла-тўкис қилиб, мактаб омборига қамаб олди. Бироқ рўзғорни бут қилишдан ҳам кўра уни асраш қийинроқ бўлди: баъзи одамлар нарсани олиб вақтида қайтаришмайди; баъзилар, масалан, жўмраги учган чойнак, папиросдан куйган дастурхон, латтасига алланима бало тўкилган курси, санчжғи қайрилган вилка ва ҳоказо қайтаришади, яна «ўзи шунақа эди», деб жанжал қилишади. Йўқ, хайрият, сал кунда одамлар инсофга келишди, чолнинг иши енгил бўлиб қолди.

Баҳор келди. Шаҳарда дарахт ўтқазиш мавсуми бошланиб кетди. Шу муносабат билан газета мақола бериб, ўтган йил баҳорда қайси маҳаллалар планни тўлдирмай қолганини, қайси маҳаллалар бу ишда намуна кўрсатганини айтиб, илғор маҳаллалар қаторига «Янги Маҳалла»ни ҳам қўшибди. Буни чолга невараси кўрсатиб кулди, чунки ўтқазилган дарахтларнинг кўпгина қисми тутмаган эди. Чол чиқиб маҳаллани айланди, дарахтларни кўздан кечирди. Ўтган йил баҳорда жами бир минг етти юз олтмиш беш туп кўчат ўтқазилган бўлиб, бундан фақат саккиз юз олтитаси тутган, тутган дарахтлардан йигирма икки тупи синган, саккиз тупи сассиқ, мўрт ва умри қисқа дарахтлар экан. Чол бу маълумотни олиб тўғри редактсияга борди, аввал тортиниброқ гапирди, гапи ўтганини пайқагач, шовқин содди. Газета эртаги сонида «Янги Маҳалла» ҳақида нотўғри маълумот берган мухбирига жазо берганини айтди ва мухбирни алдаган маҳалла активларининг котибига дашном берди ва шу билан бирга газетанинг хатосини кўрсатган Ҳикмат бува Норматовга ташаккур билдирди.

Ҳикмат бува шу куни бурчакдаги чўткачига маҳсисини ёғлатиб, «маҳалламиз шарманда бўлгани» ҳақида унинг ин-тиҳосиз жаврашига қулоқ солиб ўтирган эди, шу аснода ўша ёлгончи котиб ўтиб қолди ва чолни кўриб ўшқирди:
— Ҳу ўша... Ўзимиз тўғрилар эдик-ку, сенга нима, бир оёғинг гўрда-ю...

Чол секин бурилиб қаради.
— Менинг бир оёғим гўрда, сенинг иккала оёғинг тўрдами? Унақа демагин, болам, ким олдин ўлишини билиб бўлмайди...

Чол яна бир нима демоқчи эди, ўзига гўр қазитиб қўйганини эслаб дами ичига тушиб кетди.

Котиб жаҳл билан қўл силтаб жўнади. Чол қўлларини орқасига қилиб бошини қуйи солиб уйига томон битта-битта қадам ташлаб борар экан, ўйлар эди: «Бу бола гўр қаздириб қўйганимни эшитганмикан? Йўқ, эшитган эмас, лекин эшитиши мумкин..."

Чол жадаллаб уйга келди ва ўтириб хат ёзди: «Қабристон мудири ва гўрковларига ёзиб маълум қиламанки, қари бақатерак остидаги менинг номимга қазилган гўрни қабристон идорасига топшираман, азбаройи фойдаланиш учун".

Ҳикмат бува хатни неварасидан бериб юборди.

Нурли Чўққилар

<p align=«right»>Гоҳо ер меҳрини ўйларкан,
Eсга тушар дорнинг сиёғи;
Ажаб ҳикмат: одам ўларкан
Узилганда... ердан оёғи.
Абдулла Орипов

Тўққизинчи синф аълочиларидан, темир-терсакни ҳаммадан кўп йиғиб, оти радиодан айтилган ва мактаб маъмуриятидан раҳматлар эшитган Зуҳрахон деган қиз йўқолиб қолди.

Ўша касофат шанба куни мактабдан қайтишда Зуҳра китоб-дафтарларини опаси Фотимага бериб, лола тергани қирга чиққан экан, қайтиб келмабди. Унинг ота-онаси аввалига қарғаб, кейин йиғлаб бутун лолазорни, бутун қишлоқни така-така қилди. Мактаб маъмурияти булардан ҳам кўпроқ жон куйдирди— жамоа ижроқўмига айтиб бутун қишлоқни оёққа турғизди, туманга маълум қилди, чунки синфда аълочи қиз тўртта бўлса —Зуҳра унинг йигирма беш протсентини ташкил қилар эди.

Чол-кампир бошқа хунук хаёлларга бормаслик учун бир-бирини овутди: Зуҳра қоқвош, таъби нозик, димоғдор қиз бўлиб, мактабдошларига қўшилмас эди, шаҳардан лола тергани чиққан қизлардан биронтаси таъбига ёқиб, ўша билан ўйнаб кетган бўлса ажаб эмас. («Бирон йигит билан қочиб кетмадимикан», дегани тил бормас эди.) Кўнглига йўл бериш мумкин бўлган ва бирдан-бир хайриятли гумон шу бўлиб қолди. Ҳақиқатан, шанба ва якшанба кунлари шаҳарлик ёшлар битта данак топса шу лолазорга келиб чақиб ер эди. Буларнинг ичида чиройлиги бор, шўхи бор, бойвачча табиати бор, бевоши бор... Бунинг устига Зуҳра ниҳоятда кўзга яқин, бир қараган киши, кўзи хира тортиб, яна қарагиси келар, хусусан, хонатлас кўйлак кийиб сочини «лайлак уя» қилганида мақтовига «чиройли» деган сўз гоҳ камлик, гоҳ эскилик қилиб қолар эди.

Зуҳра ўзига муносиб, яъни яхши ўқийдиган сухсурдаккина бирон йигит билан кетган, деган умидда чол билан кампир бир оз таскин топган бўлдию, лекин Фотима балога қолди: «Зуҳра лола тергани бораман, деса, битта ўзини юборавердингми? Бирга борсанг оёғингга куйдирги чиқармиди, мунча ношуд-нотавон, мунча ҳам анқов-лакалов бўлмасанг!..» Кампир бунақа гапларни алам устидагина эмас, умуман, куйиб айтар, чунки шўх ва шаддод Зуҳрага қараганда Фотима бўштоброқ, шўхлик ҳусннинг пардози бўлса керак, иккови бир олманинг икки палласи бўлса ҳам, Зуҳранинг олдида унинг истараси сўникроқ кўринар эди. Орадан ўн кун ўтгач, Фотима мактабдан йиғлаб келди: Зуҳра туфайли синфда давомат анча пасайгани учун уни синф дафтаридан ўчирмоқчи бўлишибди. Бу гап чол-кампир учун Зуҳранинг ўлими хабари билан баробар бўлди. Фотима яна зихновга қолди:
— Сен палпис-пандавақи бўлмасанг, бошимизга шундай кунлар тушмас эди! Зуҳра сендан кичик, лолазорга бораман деганида йўлини тўссанг, унамаса, сочидан судраб олиб келсанг бўлмасмиди! Аҳволинг шу бўлса ҳолингга вой, эр олмайди, бошимга ёстиқ ўласан!..

Фотима бунақа таъна-дашномларни кўп эшитди, ниҳоят, жон-жонидан ўтиб кетдию, йиғлаб деди:
— Аяжон, ҳамма айбни менга тўнкайверманг, ахир Зуҳрага менинг сўзим эмас, ўзингизнинг сўзингиз ҳам ўтмас эди-ку! Ҳу ана унда, озиб-ёзиб бир иш буюриб, «Қизим, тўрттагина пиёз арчиб бер» деганингизда тескари қараб, «Мен сенга малай эмасман» дегани эсингиздан чиқдими! Шунда ҳам индамадингиз. Мен эсимни таниганимдан бери сизга қарашаман, рўзғор ишини буткул қўлимга олсаму сизни етти қават кўрпачага ўтқазиб қўйсам дейман! Наҳот, ота- онанинг иззатини, хизматини қилган киши малай бўлса! Ҳамма айб ўзингизда, яхши ўқисин, деб Зуҳрани жуда эркалатиб юборган эдингиз! Қизимнинг қўли қаваради, деб ўсмасини ҳам ўзингиз сиқиб берар эдингиз!

Кампир Фотиманинг сўзларига қарши лом-мим деёлмай қолди: ҳақиқатан, ўзи вақтида ўқиёлмай қолиб, ҳаётида нима камлик, қандай қийинчилик тортган бўлса ҳаммасини илмсизликдан кўрган, зеҳни ўткир Зуҳранинг илмга тезроқ тўлишини кўзлаб, унинг мактабдаги килдай ютуғи олдида уйдаги филдай гуноҳини пайқамаган эди. Шундан кейин Фотима зихновдан қутулди, лекин кампирнинг ғамига ғам қўшилди, Зуҳрадан хат келгунча яқин бир ой бўйи ўзини ўзи еб, муштдаккина бўлиб қолди.

Зуҳра бош-кети йўқ тўмтоқ хатида шундоқ дебди: "Турмуш ўртоғим билан кўнглимизнинг амрини бажариб, бахтиёр оилалар сафидан мустаҳкам ўрин эгалладик ва бахтли турмуш қучоғида оқиб, келажакнинг нурли чўққилари томон бормоқдамиз. Сизлар феодализмнинг уқубатли қучоғида яшагансизлар, юксак идеалларга асосланган муҳаббат нима эканини билмайсизлар, шунинг учун мендан хафа бўлманглар, хурсанд бўладиган кунларинг яқинлашиб келмоқда «.

Фотима хатнинг бошига «азиз дадажоним, меҳрибон онажоним», охирига - «сизларга сиҳат- саломатлик тилайман» деган сўзларни қўшиб ўқиди. Хатда на адрес бор, на имзо, конвертга шаҳар ўн биринчи алоқа бўлимининг муҳри босилган эди.

Хатнинг «бахтли турмуш, нурли чўққи» деган жойлари кампирга тасалли берди. Лекин чол хатни Фотиманинг қўлидан юлқиб олди, қўйнига тиқдию тўнини елкасига ташлаб шаҳарга жўнади ва шу кетганича бир ҳафта деганда келди: Зуҳрани қидириб ўн биринчи алоқа бўлимига қарашли ҳамма хонадонга бир-бир бош тиқибди: мактаб, идора, корхоналардан сўроқлабди: ниҳоят, шаҳар милитсия бошқармасига учрабди. Милитсия тўрт кундан кейин: «Шаҳарга бунақа аёл ёзилган эмас», деб жавоб берибди.

Кузга яқин туманда катта мажлис бўлгани, мажлисда Зуҳра ва унинг мактаби оғизга тушгани, хунук-хунук гаплар айтилгани тўғрисида миш-миш тарқалди. Бу миш-мишлар рамақдажон бўлиб юрган кампирни йиқитди. Кампир узоқ ётиб қолди.

Қиш ўтди. Баҳор келди. Зуҳранинг на тиригидан дарак бор эди, на ўлигидан. Чол баъзан, жуда куйиб кетган вақтларида бошига муштлаб: «Жувонмаргга аза оч, аза оча қол«, деб йиғларди. Фотима мактабни битирди. Унинг нияти яна ўқиш эди, бироқ чол-кампир: «Ўқиш шу бўлса - бас, мактабларга ўт тушсин«, деб туриб олди. Бундан ташқари, Зуҳра бунақа бўлганини, онаси не аҳволда ётганини кўриб Фотима бу ниятидан қайтди, иш сўраб раиснинг олдига борди. Раис Фотима ҳақида онасининг «ношуд-нотавон» қабилидаги сўзларини эшитган экан, унинг афтига ҳам қарамасдан, ферма мудири ихтиёрига юборди ва кетидан мудирга телефон қилиб: «Иш- пиш топиб бер», деди.

Фотима фермада «иш-пиш» қилиб юрган эди, бир куни гапдан гап чиқдию, Фотима сигир деган жониворнинг бефаросатлигидан нолиб: «Мен раис бўлсам, сигир боқиб ўтирмас эдим, олимлар билан биргалашиб, ем-хашакнинг ўзидан сут оладиган машина чиқарар эдим«, деди. Соғувчилар хўп кулишди. Бу гап раиснинг ҳам қулоғига етган экан, фермага келганида Фотиманинг елкасига қоқиб: «Дуруст, дуруст, каллада хом хаёл бўлса ҳам бўлгани, калла бўш турмагани яхши», деди ва орадан кўп ўтмай уни соғувчиликка ўтказди. Бу кунларда ферма сигирларни машинада соғишга ўтган бўлиб, сигирлар ҳали ўрганмаган, кўпи машинанинг ичагини кўрса юраги ёрилиб бошини сарак-сарак қилар, пишқирар, соғувчини сузиш пайида бўлар эди. Фотима пастдан юқори бўлганига суюниб, машинага қизиқиб, бу ишга шавқ билан киришиб кетди.

Кампир ўша ётганича қовун пишигада бир оз ўнғарилиб ўрнидан турди, лекин кўп ўтмай яна ётиб қолди, шу ётганича бўлак турмади— вафот қилди. Зуҳра азанинг тўққизинчи куни кириб келди. Чол уни кўриб қарғашга оғиз очдию, лекин қарғаёлмади, «Бўйнинг узилмасин, болам» деб ҳўнграб юборди. Зуҳра каттакон қизил рўмол ўраб олган, катак рўмолчасини лунжига босиб солдатчасига ғоз турар, афтидан, онасининг хотирасини ўзича ҳурматлар эди. Унинг келганини эшитиб қўни-қўшни кўнгил сўрагани чиқишди. Зуҳра хотинларга орқасини ўгириб тураверди. Фотима, бечоранинг юзи шувут, деб ўйлади-да, уни секин туртиб:
— Бунақа вақтда ҳеч ким ўтган гапни эсламайди. Уялма, буларга бир нима дегин... — деди. Зуҳра юзи шувут эмас, хотинларнинг кўнгил сўрашини ҳам, бунга жавобан «кўнглимни кўтарганларинг учун раҳмат» деган маънодаги гапни ҳам эскилик деб билгани учун шунақа қилиб турган экан, Фотимага ялт этиб қаради:
— Нимадан уяламан, эркин муҳаббат масаласини Навоий, Толстойлар кўтарган! - дедию, бурилиб уйга кириб кетди. Фотима одамлардан ҳижолат бўлиб, уни касалга чиқарди.

Фотима одамларни кутди, кузатди, айвонда алламаҳалгача отаси билан гаплашиб ўтирди, кейин унга жой солиб берди-да, ётгани уйга кирди. Зуҳра ҳануз ухламаган экан, йиғлайвериб шишиб кетибди. Буни кўриб Фотиманинг гина-кудурати ёзилди, унинг қилмиши, ёзган тўмтоқ хати, бояги гапи хусусида кўнглига тугиб қўйган ўпка-таъна сўзларини айтмади, аксинча, уни юпатди, турмушини сўради. Зуҳра бундан ўн бир ой муқаддам қорнида беш ойлик боласи билан эридан чиққан экан.
— Ота-онаси феодал, феодализмнинг уяси, мени чўри, уй чўриси қилмоқчи бўлишди! Ўзинг биласан, уй-рўзғор ишига уқувим йўқ, қозон-товоқни жинимдан баттар ёмон кўраман. Шунинг учун аям мени фақат ўқитганлар, мен ҳам яхши ўқиганман. Йўқ, буларга мен оқсоч бўлишим керак экан! Хизматчи олгани қўйишмади, «Москвич«имизни соттириб юборишди. Бундан ташқари: «Енгсиз кўйлак кийма! Бировнинг олдида керишма! Қаҳвахонага бунча кўп борасизлар!..» Безор бўлдим! Чиқдим кетдим!.. Лекин эрим мени яхши кўрарди: қўлида кўтариб юрарди, кўчага чиқса, албатта бир нима олиб келарди... Бечора уч-тўрт ой хўп қатнади, ялинди. «Ўша ота-онанг бор экан, уйингни елкамнинг чуқури кўрсин», дедим. Уч марта онаси, бир марта отаси келди, икковини ҳам қабул қилмадим! «Қабул қилмадим» деган гапни Фотима ҳазм қилолмади, катта бошини кичик қилиб келган ва эшикдан қайтган мўйсафидларни кўз олдига келтириб йиғлагудай бўлди.
— Eринг ота-онасидан кечсинми? — деди.
— Кечмаса ҳам... ёшлар яшаши керак!
— Буларни тўрқовоққа солиб шипга осиб қўйиш керакми? Шу талабни эринг қўйса, сен нима дер эдинг?

Зуҳра «бунақа гапларни сен тушунмайсан» деган маънода бошқа гапга ўтди:
— Мактабни дурустроқ битирдингми? Сенинг толеингга аям бунақа бўлиб қолдилар... Янаги йилга қайси институтга кирасан?

Фотима ҳайрон бўлиб сўради:
— Дадамни ёлғиз ташлаб қаёққа бораман?
— Тўғри, лекин, дадам дунёдан ўтиб бораётипти, сен дунёга энди қадам қўяётибсан!

Фотима эснаб:
— Ишга кирдим, фермада сигир соғаётибман... — деди.

Зуҳра бирдан бошини кўтарди.
— Нима? Ўн йил ўқиб сигир билан таппидан бошқа нарсага ақлинг етмадими?

Зуҳра аразлаб орқасини ўгирди, лекин Фотима бу ишга вақтинча, ноиложликдан кирганини, ўқиш тўғрисидаги режаларини айтар, деб хўп кутди, бироқ Фотима хаял ўтмай мушукчадай майин хуррак отди.

Фотима тонг ёришганда уйғонди. Зуҳра ундан олдинроқ туриб, кетиб қолибди— ким билади, эрталаб яна одам йиғилади, дедими, ё «еримдан чиққанимни Фотима айтиб қўяди» деган ўйда отасига рўпара бўлгани юзи чидамадими...

Зуҳранинг изига тушиб бўлмади. Фотима унинг эрдан чиққанини дадасига айтмай қўя қолди, ярашиб кетар, деб ўйлади.

Ойлар ўтди.

Бу орада Фотима ишга шўнғиб кетди. Маълум бўлишича, сигир дегани ем-хашак, суту таппидан, соғувчилик иши елин тортишу сут чиқаришдангина иборат эмас, сигир деган махлуқ шунча бефаросатлиги билан соғувчининг меҳрини, меҳнатини, билимини сезар, шунга қараб сут берар экан. Фотима шуни билганидан кейин ишда кун сайин очила борди, шундоқ бўлдики, раис ҳисобот-сайлов мажлисида «кесакдан ўт чиққани«га хурсандлик изҳор қилиб, бир қанча қизиқ гаплар гапирганидан кейин уни илғор соғувчилар қаторига қўшди. Яхши соғувчи бўлгани, раис қўшиғига қўшгани учун Фотима колхозда отнинг қашқаси бўлиб қолди. Фақат шўхлик—шаддодлик эмас, шуҳрат ҳам ҳусннинг пардози экан шекилли, Фотима бирдан очилиб кетди: ана қора ёлқин ташлагувчи кўзлару, ана тутаб турган пайваста қошлару, ёшларнинг иштаҳасини очадиган кулдиргичлару... Зуҳра хонадонга доғ солиб кетганидан кейин кўп одам: «Eнди Фотима қариқиз бўлиб ўтириб қолади», деб тахмин қилган эди, йўқ, жазман устига жазман чиқаверди: раиснинг қайниси, колхознинг монтёри, бухгалтернинг ўғли, химизатор, аптека мудири... Фотима яқинда ўқишни битириб, фермага ҳайвонот доктори бўлиб келган Самижон деган йигитга майл берди.

Самижон кўп мулоҳазали йигит экан, тўй чолга ҳам татисин, деган мақсадда Зуҳрани хўп қидирди, олти ҳафта қидириб, охири дарагини топди. Унинг бир ўртоғи Зуҳрани шаҳар кутубхонасининг залида кўрибди. Зуҳра залда ўтирган бўлса, демак, кутубхонага аъзо, аъзо бўлса ўша ерда адреси бўлиши керак.

Иккови шаҳарга бориб, ҳақиқатан, кутубхонадан Зуҳранинг адресини топди. Зухра марказий ҳаммом қошидаги сартарошхонада кассир бўлиб ишлар экан. Самижон эшикда қолиб, сартарошхонага Фотима кирди ва кўк ёғоч панжара ичида ўтирган Зуҳрани кўриб юраги шиғ этиб кетди: озиб чўп бўлиб кетибди, букчайибди, шундай сочдан чилвирдаккина иккита кокил қолибди...

Зуҳра Фотимага кўзи тушиб, худди яланғоч ўтирганида устига биров кириб қолгандай шошиб, сариқ рўмолини елка аралаш бошига ташлади, беихтиёр панжарадан чиқиб келди.
— Нега, нега келдинг?.. Мен бу ерда вақтинча ишлаб турибман...
— Яхшимисан... Эринг яхшими, — деди Фотима «ярашдингми» деёлмай.
— Кетиб қолган, аллақачонлар кетиб қолган. Ленинградда, ўқишда...
— Боланг катта бўлиб қолдими?..
— Венера боғчада, — деди Зуҳра ва бундан ортиқ гап сўрашини истамади шекилли, ўзи савол берди:— Эрга тегаётган эмишсан деб эшитдим, ким ўзи?

Фотима тўй унинг қишлоққа боришига қараб қолганини айтишга шошилиб:
— Ўзимизнинг қишлоқдан, фермада ҳайвонот доктори, - деди.

Зуҳра лабини бурди.
— Сигир доктори дегин! Таппи таппидан йироқ тушмас экан-да! Фотиманинг дами ичига тушиб кетди. Шу аснода Самижон кириб келди. Фотима икковини таништиришини ҳам билмай қолди, таништирмаслигини ҳам, лекин унинг Зуҳрага томон илжайиб бораётганини кўриб «Самижон!» дейишга мажбур бўлди. Зуҳра куёв шу эканини билиб, унга кўз қирини ташлади, ҳиндчасига кафтларини жуфтлаб таъзим қилиб қўя қолди. Самижон ўсал бўлиб тўхтади, сўрашгани узатмоқчи бўлган қўлини кўксига қўйганича орқага тисарилди. Шу он бир мижоз кассага пул тўлагани келди-да, Зуҳра чопиб борар экан, Фотимага қараб: «Бир айланиб келинглар, кейин уйга борамиз», деди. Самижон таъзим қилиб чиқиб кетди. Фотима Самижоннинг олдида Зуҳранинг қилмишидан уялди, уни узиб-узиб олмоқчи бўлиб панжаранинг олдига борди, лекин унинг мижозига қилган муомаласидан юраги тор, жиззаки бўлиб қолганини фаҳмлаб, шаштидан қайтди.
— Зуҳра, жигарим,— деди ҳазил йўсинида,— онанг ҳинди эмас эди-ку, куёв билан ўзимизча қўл бериб сўрашсанг нима қиларди? «Бир айланиб келинглар» деганинг нимаси, уйингга олиб борадиган бўлсанг, адресингни айт, калитингни бер, биз бориб турайлик!

Зуҳра қип-қизариб кетди, чўнтагидан калит олиб, икки бармоғи билан Фотимага узатди, адресини айтди.

Фотима Зуҳранинг қилмиши ҳақида узр сўраб, Самижонга унинг ҳали одам кўрмаганини, одоб- ахлоқ ўрганмаганини, шу туфайли бўлса керак, уйи бузилганини айтиб берди.

Зуҳра паркдан нари тўрт қаватли иморатнинг зинаси остидаги уйда турар экан. Фотима сиртқи эшикни очиб йўлакка кирди, икки томонда очиқ турган эшиклардан уй билан ошхонанинг аҳволини кўриб Самижондан номусларга ўлди.
— Вой, ким айтади шу уйда хотин киши, ёшгина жувон туради деб!

Самижон уни хижолатдан чиқаришга шошилди:
— Зиёни йўқ, айни муддао! Зуҳрахон ёш, ёлгиз, оёғи тойилмадимикан деб қўрққан эдим, йўқ, хайрият... бу уйга эркак зоти эмас, одам боласи оёқ босмаганга ўхшайди. Бечоранинг дугонаси ҳам бўлмаса керак.

Иккови уй билан ошхонани йиғиштирди, тозалади.

Ишдан кейин Зуҳра сариқ қоғоз халтачада бир нима кўтариб келди, ошхонага кириб кетдию, кўп ўтмай уйга товоқда овқат кўтариб кирди. Овқат аслида чучвара бўлиб, қайнатишда совуқ сувга солинган бўлса керак, хамири билан қиймаси қоришиб ётар эди. Зуҳра магазиндан олинган тайёр чучварани қайнатишни ҳам билмаганидан заррача хижолат эмас, аксинча, қозон-товоққа йўқлигини шу билан яна бир марта писанда қилганидан мамнун кўринар эди. Фотима тегишди:
— Илгари аямга малай, қайнанангга чўри бўлиб қолишдан қўрқиб, қозон-товоққа қўл урмасдинг, энди нимадан қўрқасан, ҳеч бўлмаса ўзинг учун ўргансанг бўлмайдими?

Зуҳра кулди.
— Шу билганим ўзимга етади, чучварадан мақсад, гўшт билан хамир ейиш бўлса иккови ҳам турибди, қўшиб еявераман!
— Ахир бир куни эринг келар, ярашарсизлар... Зуҳра ярашишдан умиди бўлмаса керак:
— Мен озодлигимни ҳеч қанақа эрга алишмайман!— деди. — Ёлғизликнинг ўзи бир тутқунлик эмасми?— деди Самижон кулиб.

Зуҳра эри тўғрисида қизишиб гапира кетди, бу гапларнинг тагида фақат: «Менинг қадримга етмади, мендай хотиннинг қадрига етмади» деган бир алам ётар эди. Бу алам, афтидан, уни кемириб, сўриб, дармонини қуритибди ва «дунё шу ўзи, ҳаётда ҳеч ким ўз қадрини тополмайди«, деган кўйга солиб қўйибди. Энди маълум бўлишича, Зуҳранинг уй тутиши, кийим- боши, ўзига қарамай қўйганлиги шунинг оқибати, ҳозирги ҳар бир гапи, ҳаракати шуни таъкидлар, ҳатто дастурхонни йиғиштирганида, бўш товоқни олиб чиқиб кетаётганидаги рафтори, афт-ангори, бутун вужуди: «E, олам эли, мана, кўрдингизми, мен нечоғлиқ хорлик, зорлик тортаётибман!» деб турганга ўхшар эди.

Чой маҳалида ҳеч кимдан садо чиқмади. Самижон гап очишнинг мавриди келди, деган маънода Фотима билан кўз уриштириб олганидан кейин:
— Куёв билан бунақа аразлашиб қолган бўлсаларинг якка ўзингиз шаҳри азимда нима қиласиз, қишлоққа кета қолайлик, — деди.

Зуҳра анчадан кейин жавоб берди:
— Шаҳардан қишлоққа... бир қадам орқага қайтиш бўлмасмикан?

Фотиманинг аччиғи келди.
— Орқага қайтиш бўлса нима, нурли чўққидан тушиб қоласанми?

Зуҳра бир вақтлар ота-онасига ёзган хатида: «Келажакнинг нурли чўққилари томон бормоқдамиз», дегани эсида бор экан, ранги бўзариб кетди.
— Таъна қилма!— деди лаби пирпираб. — Мен нурли чўққига етолмаган бўлсам... сигир миниб сен етиб борасан!..

Бу гап Самижонга ҳам тегиб кетди.
— Одам интиладиган чўққи тоғ чўққиси сингари булутлар орасида эмас, ерда бўлади, — деди Самижон.

Фотима унинг жавобига қаноат қилмади:
— Аям мендан рози бўлиб кўз юмдилар, дадам минг марта розилар; дугоналарим, қавм- қариндош, бутун колхоз мендан рози, менинг учун бундан баландроқ чўққи борми! Сендан ким рози? Ҳатто суюб олган эринг ҳам рози бўлмабди-ку! Сен қанақа чўққига интилган эдинг?

Зуҳра пушти рўмолчасини лунжига босганича курсига қапишиб кетди. Унинг аҳволини кўриб Фотима шу гапни гапирганидан пушаймон бўлди. Зуҳранинг кўзлари юмуқ, қалин киприклари орасидан ёш сизар эди. Зуҳра туриб-туриб бирдан Фотимага ўзини отди, уни қаттиқ қучоқлади, ичидан хуруж қилиб келаётган фарёдни ютиш учун юзини унинг қорнига ишқаб тўлғанди, инфади, сўнг ўзини ерга отдию, бошини каравотнинг поясига бир неча марта урди. Самижон уни кўтариб каравотга ётқизди. Фотима нима қилишни билмас, қўрқиб нуқул: «Менгина ўлай» дер, унинг бошини силар эди...

Бугун шанба куни Зуҳра қизини яслидан олиши керак экан, вақтида бормагани учун қоронғи тушганда мураббияси Венерани олиб келди. Зуҳра буларнинг товушини эшитиб кўзини очди. Мураббия Зуҳранинг касаллигини кўриб ҳол-аҳвол сўради, кейин Венерани унга томон йўллади. Венера унинг этагидан маҳкам ушлаб тураверди. Фотима дарров сезди: Зуҳра юраги торлик қилган пайтларда қиз бечорани кўп уришиб, эҳтимол уриб ўзидан бездириб қўйибди. Буни Самижон ҳам пайқади. Ҳақиқатан, Фотима «кел» деб қўл чўзган эди, қиз бир оз бегонасираса ҳам югуриб борди ва унинг қучоғига ўрнашиб, онасига хўмрайиб қаради. Меҳмонлар тўрт кун туриб қолишди. Фотима Зуҳра билан, Самижон меҳмонхонада ётиб юрди. Венерани яслига элтишмади, Самижон ўйнатиб, жавратиб юрди.

Бешинчи куни Зуҳра буткул тузалиб, ишга чиқадиган бўлгандан кейин меҳмонлар кетадиган бўлишди. Зуҳрани қишлоққа, ҳатто тўйга таклиф қилиш ҳам ноқулай бўлиб қолди. Булар учун чолга: «Зуҳра эсон-омон юрибди, қизи катта бўлиб қолибди», деган хабарни элтиш ҳам катта гап эди.

Зуҳра буларни автобус стантсиясига кузатиб чиқди. Автобус тайёр экан. Фотима Венерани кўтариб олган, автобусга чиққани уни Зуҳрага узатган эди, Венера «дод» деб Фотимага чирмашиб олди, унга ҳам ишонмай Самижонга интилди. Зуҳра хижолат бўлди. Шу чоқ автобус йўловчиларни қистаб устма-уст гудок берди. Фотима ёпилаётган эшикдан автобусга чиқиб, болани деразадан Зуҳрага узатмоқчи бўлди. Венера яна чириллаб, Фотиманинг сочини чангаллаб олди. Автобус кетидан тутун чиқариб юриб кетди.

Самижон деразадан бошини чиқариб қичқирди:
— Зуҳрахон, ўзингиз бориб олиб келинг! Шу ҳафта ичи боринг, кутамиз!

Зуҳра кўзи жиққа ёшга тўлиб, қўлидаги катак рўмолчасини силтади: шундай яхши қизи борлигини, уни кўп уришиб ўзидан бунчалик бездириб қўйганини энди пайқади; билагига

ташлаб олган желеткаси оёғи остига тушганидан бехабар, автобуснинг кетидан бир-икки қадам босди...